Мангулик ва абадият қонунияти

Ер юзидаги ҳар бир инсон она тилини ўзи учун азиз деб билади, озгина ғурури бўлса, албатта. Илк бор «она», «ота», «Ватан» сингари қалбига яқин сўзларни айтиб тили чиққан гўдак, кейинчалик ҳам она тилини қадрлай оладими? Албатта, бу каби саволларга бирданига жавоб беришга киши ўйланиб қолади…

Бугун фарзандларининг бошқа тилларни ҳам ўрганишини истаётган ота-оналар кўпчиликни ташкил этади. Шубҳасиз, кўп тилни билиш дунёга бўйлаш, юрт тараққиё­ти йўлида хизмат қилишда ёшлар имконияти янада кенгайишининг муҳим омилларидан бири. Аммо бу нарса ўз она тилига нисбатан беписандлик ҳиссини шакл­лантириш дегани эмаслигини ёшларга тушунтириш катталарнинг, айниқса, ота-­оналарнинг муҳим вазифасидир.

Сир эмаски, оилада фарзандлари билан хорижий тилларда гаплашиши билан фахрланаётган ота-оналар ҳам орамизда учраб турибди. Бундан ташқари, она тилимизга хорижий сўзларни аралаштириб қўллаш ҳолатларига ҳам тобора кўникиб бораётирмиз.


Табиийки, муомалага кириб келаётган ҳар қандай хорижий тил таъсири она тили ва миллий маданиятга соя солиши мумкин. Кўчага чиқишингиз биланоқ, дўконлар ёки бинолар пештоқидаги ёзувлар, рекламаларнинг турли хорижий тилларда ёзилганига кўзингиз тушади. Бу она тилимизга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас, аслида. Бу мавзуда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўп ва хўп бонг урилаётганига қарамай, бирор ижобий натижага эришилмаётгани ачинарлидир…

«Парижда доғистонлик рассомни учратиб қолдим», деб ҳикоя қилади авар шоири Расул Ҳамзатов «Менинг Доғистоним» асарида. Муаллиф қаерда бўлмасин Ватанига бўлган соғинч ҳисси мусаввирни қийнаганини эшитгач, табиийки, суратларига кўчган бу туйғуни кўришга қизиқади.

Рассомнинг «Ватан соғинчи» деб номланган суратида италян аёл (рассомнинг хотини) қадимий аварлик­лар кийимида тасвирланган бўлса, қадимий авар афсонаси асосида яратилган тиканли бута шохида ўтирган қуш ҳам улкан соғинчни эслатиб турарди гўё…
«…Шу чангал шохлари орасида қушнинг уяси бор экан… Мен ҳам ўз Ватанимга қафаснинг деразасидан тикилиб турибман», дейди суратларига берган изоҳининг якунида рассом…
«Париждан қайтганимдан кейин рассомнинг қариндошларини излаб топдим», дея ҳикоясини давом эттиради авар шоири. Бахтни қарангки, унинг онаси ҳали ҳаёт экан. Қариндошлар унинг уйида жамулжам бўлиб, она Ватанини бегона юртларга алмашган ўғил ҳақидаги ҳикояни ғамгин тинглашади. Адашган ўғилни кечиргандай бўлиб, тирик эканидан суюнишади.

Кутилмаганда муштипар «Сизлар аварча сўзлашдингларми?» дея сўраб қолади.
«Йўқ, биз таржимон ёрдамида гап­лашдик. Мен русча гапирдим, у французча», деган жавобдан сўнг она юзига қора чодрасини туширади. Аварларда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишаркан.
Узоқ жимликдан кейин онаизор «Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар менинг ўғлим ҳаёт бўлганида, авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди!» дейишга ўзида куч топа олади…»
Ушбу мўъжазгина ҳикояда она тилига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром намунаси­ни кўрамиз. Она учун фарзандининг қанчалик азиз эканини ҳис қилишга тасаввуримиз ожизлик қилиши мумкин. Лекин ундан-да азиз, ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган, ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайдиган қадр-қиммати бебаҳо нарсалар ҳам борлигини англатади бизга бу ҳикоя…


Барчамизга маълумки жонимиздан ҳам азиз бўлгани учунгина «Ватан», «замин» сўзларига она сўзини қўшиб ишлатамиз. Қанча кўп ишлатмайлик фарқли ўлароқ, мазкур сўзларнинг қадр-қиммати, аҳамияти янада ортиб бораверади. Худди шунингдек, «тил» сўзи ҳам ўзининг қадр-қиммати, мавқеидан келиб чиқиб «она» сўзи билан ёнма-ён ишлатилиши бежиз эмас. Бундан ўзимизга тегишли хулосалар чиқаришимиз лозим.
Она фарзанд учун амалда ҳам мўътабар бўлиши лозим. Зеро, жонидан ортиқ кўрганидан, жигаргўшаси учун кези келса ўлимни ҳам мардона қарши олувчи зот ҳам шубҳасиз онадир. Бугун модомики, она тилимиз меҳрга, эътиборга муҳтож экан, фарзандлик бурчимизни бажарайлик.
«– Сен қандай туғмоқчисан, жоним? – сўради Штирлиц Кэт куйни ижро қилиб бўлгач.
– Менимча, ҳали туғишнинг янгича усулини ўйлаб топмаганлар, шекилли, – жавоб берди аёл.
– Мен ўтган куни бир шифокор билан суҳбатлашган эдим… Мен сизларни қўрқитмоқчи эмасман… – У Кэтга яқинроқ бориб, илтимос қилди: – Чалавер, жоним, чалавер. Ўзим қўрқиб кетган бўлсам ҳам, сизларни қўрқитмоқчи эмасман. Ўша кекса доктор менга: «Туғаётган пайтида ҳар бир аёлнинг қаердан эканини аниқлаб оламан», – деди.
– Тушунмадим, – деди Эрвин. Кэт чалишдан тўхтади.
– Чалавер, жоним, чалавер, – илтимос қилди Штирлиц, – қўрқма. Аввал эшит, сўнгра бирор чорасини топишни ўйлаб топамиз. Аёлларнинг тўлғоқ пайтида додлашини биларсан, албатта.
– Раҳмат-э, – кулиб жавоб берди Кэт. – Аёллар туғаётганда қўшиқ айтишса керак деб ўйлаб юрардим.
– Биласанми, жоним, улар ўз она тилларида қичқиришар экан. Қаерда туғилган бўлсалар ўша ернинг шевасида. Демак, сен рязанчасига «ойи» деб қичқирар экансан…»
Ушбу парча Юлиан Семёновнинг машҳур «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси» асаридан олингани ва алал-оқибат докторнинг ҳақ бўлиб чиққани ҳамда ке­йинги воқеалар кўпчиликнинг ёдида экани шубҳасиз. Асарда акс этган мўъжазгина суҳбатни ўқиб, она тилининг бундай улкан куч-қудратга эгалигини илоҳий мўъжиза деб аташ мумкин.

Эсланг, болалигимизда бирор нарсадан азият чекканимизда «эна», «ая», «она» ёки «ойи» дея онажонимиз томон талпинганмиз, ширин сўзларию эркалашлари ҳар қандай дардларимизга, таъбир жоиз бўлса жароҳатларимизга-да малҳам бўлган (ҳозир ҳам шундай). Мактабдан келишимиз биланоқ, уйга кирар-кирмас онажонимизни излаганмиз. Тил ҳақида гапирар эканмиз доимо она сўзига ҳамоҳанг янг­раётган ҳар бир сўзимиз беихтиёр жаннат пойида бўлган азизу муштипарларнинг нурли чеҳралари янглиғ қалбимизни бахту сурурга тўлдираверади. Фикримизча, бу худди эт билан тирноқни ажратиб бўлмаганидек, мангулик ва абадиятнинг ўзгармас қонуниятларидан биридир.

Шерзод АБДУСАМАДОВ

Яна ўқинг:  Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: