Профилактика – саломатлик омили

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз саломатлигини муҳофазалаш, хавфли юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, тиббий профилактика ишларини изчил ташкил этишга қаратилаётган доимий эътибор мамлакатимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётир. Айрим мамлакатларда бу борадаги вазият мураккаблашиб тургани, куйдирги ва бошқа баъзи хавфли касалликлар инсон саломатлиги ва жамият тараққиётига катта хавф солаётгани ҳушёрлик ва огоҳликни янада кучайтиришни тақозо этаётир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Баҳром АЛМАТОВ ЎзА мухбирига бу йўналишда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва вазифалар хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Мамлакатимизда хавфли юқумли инфекцияларга қарши курашиш ишларини ташкил этишнинг замонавий тизими яратилган, – дейди Б.Алматов. – Бу борада махсус чора-тадбирлар режаси асосида тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, тиббий-илмий марказлар, санитария-эпидемиология, ветеринария соҳаси мутахассислари, шифокорлар ҳамкорлигида изчил ишлар олиб борилаётир. Бу жараёнда жойлардаги санитария назорати постлари ва ветеринария шохобчалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қушхоналар, гўшт дўконлари ҳамда бозорларда гўшт ва сут маҳсулотлари сифатини қатъий назоратга олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олимларимиз томонидан, хусусан, хавфли юқумли касаллик – куйдиргининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш, олдини олиш ва даволаш йўлларини такомиллаштириш юзасидан кенг қамровли илмий тадқиқот ишлари амалга оширилаётир.

Куйдирги аслида ҳайвонларга хос касалликдир. У инсонга шу хасталикка чалинган жониворларни парваришлаш, сўйиш, тозалаш, етарли термик ишлов берилмаган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали юқади. Шу боис, аввало, жониворлар орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда уй ҳайвонларини касалликка қарши эмлаш ишлари кенг йўлга қўйилган. Бозорлар, савдо мажмуалари, дўконларда сотилаётган гўштнинг сифатини доимий назорат қилиш тизими яратилган. Сифатли, тўйимли гўшт ва гўшт маҳсулотларини тайёрлаш, истеъмолчига санитария талабларига мос ҳолатда етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бозорлар ва савдо дўконларида гўшт маҳсулотлари сотилишига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги йўриқномалар бу борада муҳим қўлланма бўлмоқда.

Касалликнинг мамлакатимизга четдан кириб келишининг олдини олиш давлатимиз чегараларида фаолият юритаётган санитария назорати пунктлари фаолиятининг муҳим йўналишидир. Ушбу муассасалар замонавий тиббий-диагностика ва лаборатория-таҳлил воситалари билан жиҳозлангани мазкур постлардан ўтаётганларни тез ва самарали тиббий кўрикдан ўтказиш имконини бермоқда. Чегара постларидан мамлакатимиз ҳудудига кираётган ҳар бир транспорт воситаси махсус йўлаклар орқали текшириб ўтказилмоқда.

Яна ўқинг:  “САЛОМАТЛИК” ЛОЙИҲАЛАРИ

Касалликнинг одамлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида инфекция юқиш хавфи юқори бўлган чўпонлар, қассоблар, ветеринария соҳаси ходимлари эмланмоқда. Чегара ҳудудлардаги аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик юқиш хавфи бўлганлар эмлашга жалб этилаётир.

Касалликнинг олдини олиш ва инсон саломатлигини асраш тиббиёт ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Бу борадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида шифокорларимиз иштирокида куйдирги касаллигининг ўзига хос хусусиятлари, ушбу хасталикнинг олдини олиш ва даволашнинг самарали услублари бўйича доимий семинарлар ташкил этилмоқда. Тиббий-профилактика ишларини тизимли асосда ташкил этишга катта эътибор қаратилаётир.

Илмий манбаларда куйдирги касаллиги бактериясининг спорали шакли ташқи муҳитга жуда чидамли экани қайд этилган. Олимлар унинг юз йилгача тупроқда тирик сақланиши мумкинлигини аниқлаган. Шу боис бу муаммони бартараф этиш жаҳон тиббиётининг доимий диққат-эътиборидаги долзарб вазифалардандир.

Мамлакатимиздаги тиббий-илмий муассасалар олим ва тадқиқотчилари, соҳа мутахассислари бу йўналишда изчил илмий-тадқиқот ишларини амалга оширмоқда. Изланишлар жараёнида профилактика ва даволаш самарадорлигини ошириш, куйдиргининг табиий ўчоқлари устидан мунтазам лаборатория кузатувини такомиллаштириш бўйича олинаётган янги илмий хулосалардан амалда самарали фойдаланилаётир.

Кўплаб ўта хавфли инфекцияли касалликлар каби куйдиргининг олдини олиш ва бу касалликдан ҳимояланиш ҳам ҳар бир инсоннинг тиббий маданиятига боғлиқ. Бунинг учун, аввало, гўшт ва гўшт маҳсулотларини харид қилаётганда унинг сифат сертификатига эга эканлигига ишонч ҳосил қилиш, бундай маҳсулотларни яхшилаб пишириб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир.

Хонадон шароитида чорва молларини парваришлашда тозалик, санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиш лозим. Молларни ветеринария кўригидан ўтказиб туриш, куйдиргига қарши эмлатиш, касал бўлган молларнинг сўйилишига йўл қўймаслик, молларни рухсат этилган жойларда, ветеринария кўригидан ўтказиб сўйиш одамлар орасида касаллик тарқалишининг олдини олишнинг энг самарали йўлидир. Бундай қоидаларга риоя этиш орқали ҳар бир инсон ўзи ва ўзгаларнинг соғлиғини асраш, юртимизда эпидемиологик барқарорликни сақлашга ҳисса қўшган бўлади.

ЎзА мухбири Баҳор ХИДИРОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: