“Янгича” тарбия усули
болага нима бера олади?
– Мен “Супермен”ман, мана сенга.
– Мен “Бэтмен”ман. Сенинг зарбанг менга таъсир қилмайди.
Бўйнингдан арқон ўтказиб, “дом”нинг томига осиб қўяман.
– Тўхта, Аббос оёғинг билан теп. Қорнига туширсанг, нафас ололмай қолади, кейин ураверасан.
Бири беш яна бири уч ёшлар чамасидаги икки ўғлининг ўзаро муштлашишига мамнун қараб турган ва уларни ажратиб, “уришманглар”, дейиш ўрнига қандай урса “рақиб”га кўпроқ азоб бериш мумкинлигини ўргатаётган отани кўриб ёқамни ушладим.
Ўғлига “жанг санъатини” қойилмақом ўргатаётган бу кишининг оталик вазифаларини тўлиқ билишига шубҳаланганимча бир алломанинг гаплари ёдимга тушди: “Ота бўлиш осон, аммо, оталик қилиш қийин”.
Ҳозир отасидан қандай муштлашишни ўрганаётган бола эртага яна бошқа бир ёмонликни ҳеч қандай ҳадиксиз ва иккиланишларсиз амалга оширмаслигига ким кафолат беради?!
Ота-чи, ураётган ҳам калтак еётган ҳам ўзининг боласи эканини, бора-бора агар болалари шу тарбия билан улғайишса, сўнгги зарба унинг юрагига тушиб қолиши мумкинлигини наҳот ҳис қилмаяпти.
Ана шу хаёллар таъсирида отага савол бердим:
– Нимага болаларингиз уришишаяпти?
– Ҳозир компьютер ўйнаб чиқишди. “Бэтмен” ҳамма душманини “ўлдирган” экан. Ўшанга ўхшашга ҳаракат қилишаяпти.
– Уларга компьютер ўйинларини ўйнатгандан кўра эртак ёки достонлар айтиб берсангиз яхши эмасми, – деб ўзимча танбеҳ берган бўлдим.
У менга норозилигини яширмаган ҳолда боқиб:
– Ҳозирги замон боласи бўлгандан кейин китоб титкилаб ўтирадими? Замон билан ҳамнафас юради-да. Эртагу достонларингиз эскириб кетган, – деб жавоб берди.
Қизиқ жавоб. Отанинг “Бэтмен” ҳаммани ўлдирган”и ҳақида ва болаларининг унга, яъни қотиллик қилган кимсага ўхшашга ҳаракат қилаётганлари ҳақида бунчалар хотиржам гапириши ва фарзандларини ана шундай “замонавий” тарзда тарбия қилишини таъкидлаши мени ҳайрон қолдирди.
Эзгулик ҳеч қачон эскирмайди, инсонийлик ҳам. Тарихдан олиб қаралса ўзимизда ҳам болаларимиз ҳавас қилса арзигулик қаҳрамонлар етарлича топилади. Халқ оғзаки ижодининг нодир дурдоналаридан бўлмиш “Алпомиш” достонидаги Алпомишнинг қаҳрамонликлари ҳеч қайси “Супермен”дан кам эмаслигини бу асарни ўқиган ёки тинглаган одам дарҳол тушунади. Болаларимизда миллий руҳни кучайтириш, миллий қаҳрамонларимизга ҳавас туйғусини шакллантиришда ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаётган тарбия усулининг ўрни беқиёс.
Биз мустаҳкам илдизларга эга халқмиз. Асрлар давомида шаклланиб келган қадриятларимизнинг туб замирида болани ёшлигидан комил инсон қилиб тарбиялашга йўналтирилган эзгу мақсад мужассам. Шу сабабдан бизда фарзанд тарбиясида унинг инсоний фазилатларини болаликдан шакллантириб боришга катта эътибор қаратилади. Бу бизнинг ҳаётимиз, турмуш тарзимизга синггиб кетган. Ана шу тушунчалар билан улғаямиз, фарзандларимизни ҳам шундай тарбия қиламиз. Бугун бутун дунёдаги глобал муаммолардан бирига айланган “оммавий маданият”га қарши турувчи миллий мафкуравий иммунитетимиз ҳам шу аснода шаклланиб боради ва ёт ғояларга қарши миллий қадриятларимиз ҳамда шарқона тарбиямиз билан курашишимизни таъминлайди.
Аммо “гуруч курмаксиз бўлмаганидек”, бугунги кунда ота-оналар орасида мана шу болаларнинг отаси сингари “янгича” тарбия усулларини қўллаб, фарзандларини “гўёки замонавий” қилиб тарбиялаётганлари ҳам афсуски учраб туради. Болаларини замон билан ҳамнафас тарбиялаш мақсадида ўзлари ҳам яхши англаб етмаган “маданият”лар билан кўр-кўрона ошно қилиш натижасида болани мустақил фикр ва аниқ эътиқодсиз бўлиб қолишларига сабабчи бўлишмоқда. Пировардида бола ўз-ўзидан ана шундай енгил-елпи ҳаёт тарзини тарғиб қилувчи “маданият” таъсирига тушиб қолади.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўра кўпроқ кучга эга” бўлган бир даврда ёшларимизнинг маънавий иммунитетларини кучайтиришда миллий тарбиянинг ўрни беқиёс эканини унутмаслигимиз лозим.
Мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида фарзандларимизни ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ёшларимиз эса ўз навбатида бунга муносиб тарзда дунё майдонларида кўплаб муваффақиятларни қўлга киритишмоқда. Илм-фан, спорт, маданият ва санъат йўналишларида ўзларини кўрсатаётган ёшларимиз аждодларнинг муносиб ворислари эканиликларини исботламоқда.
Фарҳод ТОЛИПОВ