Кексалик – саодат

бу “фасл”да ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом ҳаёт кечириш улкан бахтдир

Деменция масаласи бугунги замоннинг муҳим муаммоларидан бирига айланган.

Гап шундаки, 2000 йилга келиб жаҳон миқёсида жами 20 млн. кишида деменция аломатлари аниқланган. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти мутахассислари берган маълумотларга қараганда, ҳозирги вақтда чораси топилмаган ушбу дардга чалинган беморларнинг умумий сони салкам 35.6 млн.ни ташкил этади. 2030 йилга бориб бундай беморларнинг умумий сони янада кўпаяди, деб тахмин қилинмоқда.

Бу хасталик ақлий фаолиятга жиддий зарар етказади

65 ёшдан ўтган айрим кишиларда деменциянинг ривожланиш эҳтимоли ошади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 85 ёшдан ўтган одамларнинг кўпчилигида ақлий заифлик аломатлари кузатилади. Бу ҳолат иқтисодий жиҳатдан ривожланган ва ривожланмаган мамлакатларда бирдек кенг тарқалган. Бугунги мавзуимиз айнан шу хасталик таърифига бағишланади.

Деменция деганда психофизиологик жиҳатдан одам организмининг бутунлай издан чиқиши назарда тутилади. Бу ҳолатдаги беморнинг ақли заифлашгани боис хотираси кескин пасаяди, шу вақтга қадар орттирилган ҳаётий кўникмалари, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириш қобилияти йўқолади. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг руҳиятида муайян даражада функционал ўзгаришлар рўй беради, шундай бўлса-да, деменцияни руҳий касалликлардан фарқлаш лозим.

Мутахассислар бу сирли касалликнинг клиник аломатлари ва кечишини ўтган аср­дан буён кузатиб боришмоқда. Деменцияни илк бора 1906 йилда психиатр Алоис Альцгеймер таърифлаб бергани боис кейинчалик хасталик унинг номи билан аталадиган бўлди. Альцгеймер касаллигида асосан одамнинг бош мияси шикастланади. Шунинг учун беморларда ақлий заифлик аломатлари кўзга ташлана бошлайди. Дардга чалинган одамнинг бош миясида бирламчи нутқ, хотира, фикрлаш жараёнларининг кечиши учун жавобгар бўлган соҳадаги асаб тўқималари нобуд бўлади. Бунинг оқибатида фикрлаш қобилияти сусайиб боради.

Деменциянинг уч даражаси – касалликнинг бошланиши, ўртача ва оғир даражада ривожланган деменция фарқланади.

Хасталикнинг сабаблари қандай?

Замонавий тиббиёт одам организмида деменция аломатларини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқ айтиб беришга ожизлик қилмоқда. Шунинг учун касалликнинг кечишига жиддий таъсир кўрсатиш имкониятлари мавжуд эмас.

Шу нарса маълум бўлганки, деменция асосан ёши катта одамларда учрайди. Одатда Альцгеймер касаллиги 65-75 ёшдан ке­йин ривожланади. Хасталик жаҳон аҳолисининг 5 фоизини қамраб олади. 85 ёшдан ўтган ҳар икки одамда шу дардга чалиниши эҳтимоли юқори бўлади.

Яна ўқинг:  Сабзи шарбати фойдалари

Kасалликнинг аломатлари ва оқибатлари қандай?

Мутахассисларнинг эътироф этишича, ушбу касаллик ҳар бир одамда индивидуал тарзда намоён бўлар экан, аммо хас­талик учун умумий бўлган клиник аломатлар ҳам аниқланган. Аксарият ҳолларда деменциянинг аломатларини қариликка йўйиб, хатога йўл қўйишади. Касалликнинг бошланиш даврида беморларда хотира сусайиши кузатилади. Дардга чалинган одам яқин орада ўзлаштириб олган маълумотларини хотирасида тиклай олмай қолади.

Беморда ақли заифликнинг бошланишидан унинг яқинлари ўз вақтида шифокорга мурожаат этиши зарур. Бундай вазиятларда беморнинг руҳий ҳолатини аниқлаш учун махсус ишлаб чиқилган одамнинг руҳий ҳолатини баҳолаш учун мўлжалланган тестлардан фойдаланишади. Лозим топилса, магнит-резонансли томография қилинади.

Клиник нуқтаи назардан олганда Альц­геймер касаллиги жуда секинлик билан ривожланади. Касаллик бошланаётганидан энг аввало, қисқа муддатли хотира йўқолиши кузатилади. Бемор яқин орада бўлиб ўтган воқеаларни, гап-сўзларни, ўз яқинларининг исмини эслай олмайди. Ушбу аломатларга эътиборсизлик қилинса, вақти келиб бош мияда жиддийроқ ўзгаришлар юз беради. Дардга чалинган беморлар касаллик анча жиддий тус олгач, яна 8-10 йил умр кўради.

Деменция ривожланиб бораверса, бемор одам жуда тажанг, серзарда, жаҳлдор, кайфия­ти ўзгарувчан бўлиб қолади. Аста-секин беморнинг нутқи бузилади, шу билан бирга унга қараб айтилган гап – сўзларнинг маъносини англаб етиш хусусияти йўқолади. Шу аснода ёзиш, ўқиш ва уқишни унутиб қўйиши мумкин. Кейинчалик бемор одамнинг узоқ муддатли хотираси издан чиқади. Шу вақтдан бошлаб унинг руҳий ҳолатида жиддий салбий ўзгаришлар авж олади. Кези келса, бемор шахсий гигиена қоидаларини унутиб қўяди. Яқин қариндошларини, теварак-атрофдаги объектларни, таниш жойларини танимасдан қолади. Мўлжал олишни уддалай олмайди.

Аҳамиятлиси шуки, деменцияга чалинган бемор тўсатдан уйдан чиқиб кетишни ихтиёр қилиши мумкин. Ақли заифлик аломатлари бор одамнинг уйдан чиқиб кетиши қандай аянчли ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Альцгеймер хасталиги анча ривожланиб кетса, беморда галлюцинациялар, алжираш, ваҳимага тушиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Бунга қўшимча равишда беморнинг юриш-туриши ўзгариб қолади, бундай одамлар қалтираб-қалтираб ва оёқларини судраб юрадиган бўлади. Ўз яқинлари ва таниш чеҳраларни фарқлай олмайди. Баъзан уларни тутқаноқ тутади.

Беморлада кузатиладиган ақлий заифлик негизида турли хил инфекциялар билан зарарланиш, осонгина шикастланиш, жароҳат олиш каби ҳолатлар кузатилади. Улар аксарият ҳолларда ўз вақтида овқатланишни унутиб қўйишади.

Яна ўқинг:  Каркадэнинг шифобахш хусусиятларини биласизми?

Касалликка ташхис қўйилиши

Беморнинг бош мияси махсус усулда текширилганида унинг чакка соҳаларида ҳужайраларнинг нобуд бўлиш жараёнлари кузатилади. Клиник нуқтаи назардан олганда, беморнинг шикоятлари, унинг хулқ-атвори, кайфиятларида юз берган ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларга (анамнез) асосланиб, шунингдек, наслий касалликлари, ўтган даврдаги неврологик ва нейропсихологик ўзгаришлар хусусиятини эътиборга олиб ташхис қўйилади. Ташхисга аниқлик киритиш мақсадида беморларнинг интеллектуал қобилиятлари, хусусан, хотираси текшириб кўрилади.

Дарднинг олдини олиш учун нималар қилиш зарур?

Яна бир бора таъкидлашимиз жоизки, замонавий тиббиёт Альцгеймер касаллигини даволашнинг самарали услубларини топишга ҳамон ожизлик қилмоқда. Таассуфки, дори-дармонлар, тиббий муолажалар воситасида бу касалликни батамом енгиб бўлмайди. Ҳозирги вақтда мутахассислар беморнинг бош миясида юз бераётган салбий жараёнларнинг олдини олиш ёхуд уларнинг кечишини нисбатан тўхтатиб қўйишга имконият берадиган чора-тадбирларни таклиф этадилар.

Альцгеймер касаллиги ривожланишининг олдини олиш учун интеллектуал фаолиятни кучайтириш (масалан, шахмат, шашка ўйинини ўйнаш, доимий равишда бирон кимса билан мулоқот қилиш) тавсия этилади. Ҳар ҳолда бугунги кунга келиб деменциянинг олдини олишнинг аниқ ва ишончли чоралари топилмаган.

Мутахассислар томонидан олиб борилаётган илмий изланишларнинг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда парҳез сақлаш, юрак-қон-томир касалликларининг олдини олиш, шифокор тавсия этган дори воситаларини қабул қилиш, ақлий фаолиятни сусайтирмасликка интилиш яхши самара беради. Бироқ, бу фикр-мулоҳазалар нисбатан кенг кўламли клиник тадқиқотларнинг натижаларига асосланиши лозимлигини унутмаслик керак.

Нима бўлганида ҳам шифокорлар ёши катта кишиларда ақлий заифлик аломатлари намоён бўлиши биланоқ парҳезга алоҳида эътибор беришни маслаҳат беришади. Бундай вазиятларда беморнинг таомномасига кўпроқ мева ва сабзавотлар, буғдой ва бошқа шу каби дон-дунлар, балиқ, қизил шарбат, зайтун мойини киритиш тавсия этилади. Витаминлардан В12, В3, С, фоли кислотаси ҳам касалликнинг ривожланишига маълум даражада тўсқинлик қилиши ҳақидаги дастлабки натижалар олинган. Лаборатория каламушларида ўтказилган синовларнинг натижасини, айрим зираворлар, жумладан, куркума бош миядаги патологик жараёнларнинг кечишини секинлаштириши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Деменциянинг ривожланишига организмдаги холестерин миқдори, гипертензия, қанд касаллигининг мавжудлиги, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ёки қилмаслик каби омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Шамоллашга қарши ностероид хусусиятли дори воситаларини нисбатан узоқ вақт давомида қабул қилиш ҳам баъзи вақтларда деменциянинг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар мавжуд.

Яна ўқинг:  QANDAY MUTOLAA QILAMIZ

Олиб борилган илмий тадқиқотларнинг натижасига кўра, китоб мутолаа қилиш, кроссвордларни ечиш, фаоллик талаб қилувчи айрим спорт турлари (масалан, стол тенниси), қўл ёрдамида чалинадиган мусиқий асбоблардан фойдаланиш, инсонлар билан доимий мулоқот маълум даражада касалликнинг ривожланишини олдини олишга имкон беради ёки унинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Яна бир қизиқ маълумот, ўз она тилидан ташқари бирор хорижий тилни ўрганиш ҳам деменциянинг ривожланишига тўсқинлик қилар экан.

Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, магнит майдонларининг таъсири остида узоқ вақт давомида бўлиш, организм­га турли хилдаги металларнинг, айниқса, алюминийнинг тушиши, турли хилдаги эритадиган суюқликлар билан ишлаш охир-оқибатда ақли заифликка олиб келиши мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, бу оғир хас­таликни даволашда руҳий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш фармокологик даво чораларини амалга ошириш баробарида беморнинг яқинлари уни парваришлашга катта аҳамият беришлари керак.

Ҳалима РУСТАМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: