Тутун ичидаги “гуллар” ёхуд қизлар нега тамаки чекади?

Ҳомиладорлигимнинг учинчи ойи шифокор кўригига бордим. Қабулга навбатда турар эканман, дераза ёнида буруқситиб тамаки тутатаётган ўрта ёшлардаги аёлга кўзим тушди. Унга бошдан-оёқ диққат билан разм солдим. Кўринишидан ўзбек аёлига ўхшарди. Эрта-индин янги меҳмон кутадиган ҳолатда. Ўша дамда ўзининг онаси томонидан ҳали туғилмасиданоқ заҳар ютишга мажбурланаётган митти вужудни ўйлаб, унга ич-ичимдан ачиндим. Турли саволлар менга сира тинчлик бермасди: нега ўзбек аёли тамаки чекмоқда? Биз қачон шу ҳолга келиб қолдик?

Шифокор қабулига киргач, улардан чекишнинг она қорнидаги ҳомилага зарари ҳақида сўрадим. Мутахассис бир сўз билан “Бундай ҳолатда чақалоқ 99 фоиз мияси фалаж туғилади” деб жавоб берди. Шунингдек, шифокор ҳомиладор аёл ҳатто, кўчада тамаки тутунининг исини туйса, ҳомила 24 соат давомида уйқусиз бўлишини, бунда туғилажак бола асаб касаллиги билан дунёга келишини таъкидлади.

Шу ўринда айтиш керакки, бу зарарли иллат инсоннинг меҳнат қобилиятига салбий таъсир этади. Мунтазам чекиш эса асаб тизими ҳужайраларини ҳолдан тойдиради. Бунинг оқибатида миянинг ахборот йиғиш хусусияти эрта издан чиқади, хотира эса сусаяди.

…Бу йил мактабни битирганимизга икки йил тўлиши муносабати билан синфдошлар билан йиғиладиган бўлдик. Стол атрофида мен ва уч дугонам бирга ўтирдик. Уларга қараб, бироз ҳайратландим. Кўз атрофига ажин тушган, қизилга бўялган лаблари орасидан сарғайган тишлари кўринарди. Юзлари сўлғин. Шу пайт уччалови ҳам сумкасидан сигарет олиб, буруқситиб чека бошлади. Мен эса барчасини тушунгандай эдим…

–  Оммавий ахборот воситалари орқали чекишга қарши туркум кўрсатувлар, ижтимоий роликлар, мақолалар бериб борилмоқда, лекин афсус­ки, бунинг самараси унчалик ҳам сезилмаяпти, – дейди психолог Дурдона Сайфуллаева. – Ҳатто, тамаки қутиларига “Чекиш бу – ўлим!” қабилидаги сўзлар ёзилганига қарамай, кашандалар сафи йилдан-йилга ортмоқда. Баъзан ўзим фаолият олиб борадиган мактабдаги юқори синф ўқувчиларининг чекка-чекка жойларда тамаки чекиб турганига гувоҳ бўламан. Уларнинг орасида қиз болаларнинг борлиги эса янада ачинарлидир. Бир куни ана шундай қизлардан 3-4 тасини ёнимга чақириб, дилдан суҳбатлашдим. Уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқдим. Ўқувчилар оиласидаги нотинч вазият, ота-оналарининг ўзаро жанжалидан безиганликларини айтиб, овунчоқ сифатида тамаки чекишларини таъкидлади. Шундан сўнг уларнинг ота-оналари билан ҳам тушунтириш ишлари олиб бордим. Лекин шу ўринда бундай муаммоларга бир томоннинг ҳаракати билангина ечим топилмаслигини айтиб ўтмоқчи эдим. Агар оила катталари ўз фарзандлари келажагига бефарқ ва лоқайд бўлса, болаларнинг юриш-туриши, одоб-аҳлоқида қусурлар юзага чиқаверади.

Чекувчилар, сигарет сиқилишни  кетказади, муаммони ҳал этишга ёрдам беради, деб ўйлайди. Аслида бу жиддий хато. Инсон чеккан вақтда танаси ҳузур қилгани билан бироздан сўнг боши лўққиллаб оғрийди. Бу зарарли иллат юрак қон-томир тизими фаолиятига жиддий таъсир этади. Иммунитетни издан чиқариб, танани турли касалликларга қарши курашувчанлгини пасайтиради. Ҳатто, кашандалик инсульт (мияга қон қуйилиши)гача олиб келади.

Яна ўқинг:  Ясси оёқлик – боланинг жисмоний ривожланишида жиддий муаммо

Маълумотларга қараганда сигарет билан алоқадор касалликлар натижасида жаҳонда ҳар йили 5 миллиондан ортиқ одам вафот этади. Бу борада америкаликларнинг жиддий бир ҳазили бор: “Бизда ҳар куни мингта одам чекишни ташлайди. Чунки ҳар куни шунча одам вафот этади”.

Тунов куни автобусда кетаётиб, беихтиёр икки кишининг суҳбати қулоғимга чалинди:

– Оғайни авваллари жуда кўп тамаки чекардинг. Кунда битта қутини тугатганингга ўзим гувоҳман. Эшитишимча, бу одатингни ташлаган эмишсан. “Қаёқдан кун чиқди”, – деди улардан бири. – Ҳар куни ишдан қайтаётганимда сигарет чекиб уйга кирардим, – дейди ўрта ёшдаги ҳамроҳ. – Келганимда уч ёшли қизчам югуриб келиб бўйнимдан қучар ва “дадажон сиздан ширин ҳид келади” дерди. Ўша пайтда бу сўзларга унчалик ҳам эътибор бермасдим.

Бир куни телевизор кўриб ўтирган пайт сигарет чекаётсам, қизим унинг тутунини шундай ҳузур билан ичига тортдики, буни кўриб даҳшатга тушдим. Анчагача бу воқеа кўз олдимдан кетмади. Шу-шу сигаретни оғзимга олмай қўйдим.

Ўз хатосидан хулоса чиқариб, уни тузатиш энг тўғри қарордир. Аммо ўша ота хатосини ўз вақтида англаб етмаганида нима бўларди?!

Яна бир мисол. Автобус бекатларининг бирида тасодифан қўшни қиз Ҳилоланинг тамаки чекиб турганининг гувоҳи бўлиб қолдим. У мени кўрди-ю тезда қўлидаги зормандани ариқ ичига ташлаб юборди. Ҳилола билан саломлашгач, бироз пиёда юришни таклиф қилдим. Гапни узоқдан бошлаб, ке­йин муддаога ўтдим. Уни қийнаётган муаммоларни билишга интилдим. Маълум бўлишича, коллежнинг 2-босқичида таҳсил оладиган бу қизни яқинда ёқтирган йигити ташлаб кетибди. Унга энг алам қилгани йигит ва яқин дугонаси хиёнат қилибди. Ўзининг алдангани, ёлғизланганини ҳис қилган қиз алам билан тамакига ружу қўйган. Олдинига ўзини чалғитиш учун топган “машғулот”и бориб-бориб буткул овунчоғига айланибди.

Аҳамият беряпсизми, балоғат ёшидаги қиз ўзини ёлғис ҳис этган. Унга сирдош дугона бўлиши лозим бўлган она эса бошқа юмушлар билан банд. Шу сабаб фарзанд ўзи учун кўчадан дугона ва яқин инсон қидирган. Оила катталари ҳаёт синовлари бисёр экани ҳақида ўгит бермагани боис, у кичик бир довондан ҳам ўтолмаган.

Хулоса ўрнида шуни айтишни истардикки, агар оилада ота қатъиятли, она эса фарзанд­ларга меҳрибон ва дўст бўлса, қизлар кўча ҳаётидан меҳр изламайди. Қийин кунларида суянчиғи борлигини ҳис этиш қиз болага катта куч ва ирода бағишлайди. Шундай экан, азиз ота-оналар, фарзандларингизнинг орзу-интилишлари, уларни қийнаётган муам­моларга қулоқ тутинг! Жондан азиз дилбандларингизга ўрнак бўлинг ва улар қалбига оила меҳрини сингдиринг!

Яна ўқинг:  «Мулойим қотил» қандай касаллик?

Маълумот ўрнида

Ҳозирда ер куррасида эркакларнинг 60 фоизи, аёлларнинг доимий равишда тамаки чекади.

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: