Халқ табобати – тиббий ёрдамнинг қўшимча усули

Илгарилари иссиқ жоннинг иссиғи чиқса бемор табибга борган. Тўғри, бугун замонавий тиббиётнинг имконияти қанчалик кенг ва кучли бўлмасин, одамлар орасида ҳали-ҳануз табибга мурожаат қиладиганлар ҳам оз эмас.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли янгиланиш ва ривожланиш босқичлари, татбиқ этилаётган мақсадли дастурлар билан бир қаторда, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган халқ табобати ҳам ўз йўлида тараққий этиб келмоқда.

Бироқ амалда кўп ҳолларда замонавий тиббиёт билан халқ табобати ўзга-ўзга қутбда иш кўрди: уларнинг куч ва салоҳиятини бирлаштириш ёки имкониятидан уйғун ҳолда фойдаланиш масаласи ҳеч кимни қизиқтирмади. Оқибатда халқ табобати аросатда яшади. Табиблар томонидан кўрсатадиган хизматлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлгани сабабли, уларнинг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш ва халқ табобатининг ҳуқуқий мақомини белгилаш зарурати мавжуд эди.

Шу кунга қадар қонунчилигимизда ҳамда Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Адлия вазирлигида “табиб” мутахассислиги бўйича бирор бир меъёрий ҳужжат рўйхатга олинмаган ҳамда хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида “табиб” мутахассислиги киритилмаган эди.

Яхши биласиз, бир соҳада ҳуқуқ бўлса, мажбурият ҳам тайин. Бироқ халқ табобати билан шуғулланиб келаётган шахсларга нисбатан қонунчиликда бирорта ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланмаган эди. Табибларнинг ягона реестри ҳам мавжуд эмасди.

Халқ табобати соҳасида кўп сонли табиблар фаолият юритаётгани ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳажмининг катталигига қарамасдан, мамлакатимизда улар фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслиги тиббий маълумотга эга бўлмаган, касбий малакаси ҳаминқадар ҳар қандай шахс­ларнинг халқ табобати фаолияти билан шуғулланишига шароит яратган эди. Бу ўз навбатида, уларнинг фаолиятидан олинадиган ҳақиқий даромадларини яширган ҳолда бюджетга солиқларни тўламаслигига имкон яратарди.

Бундан ташқари халқ табобати фаолияти давлат органлари томонидан назорат қилинмасди ҳам, мувофиқлаштирилмасди ҳам. Шу туфайли уларнинг аҳолига кўрсатадиган хизматларида хатарлилик ва хавфлилик даражаси юқори бўлиб, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолган пайтлар кўп учради. Ушбу соҳада кўрсатилаётган табиблик хизматлари ҳамда бу хизматларга баҳоларнинг шаклланиши мутлақо мавҳумлиги турли суиистеъмолчилик ҳолатларининг келиб чиқишига замин яратгани ҳам бор гап. Табиблар томонидан кўрсатилаётган хизматлар истеъмолчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига сабаб бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас эди.

Яна ўқинг:  Мустақилликка менинг ҳиссам

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 октябрда имзолаган “Ўзбекистон Респуб­ликасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳани том маънода ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ва янада ривожлантиришга бевосита хизмат қилиши билан бирга, юқорида таъкидлаб ўтилган муаммоларни бартараф этиб, турли қарама-қаршиликлар ва қонунчиликдаги бўшлиқларга барҳам беради.

Қарор билан халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилди. Тегишли вазирлик ва идораларга халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби жорий этиш, халқ табобати усулларида фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахслар ўз фаолиятининг натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда жавобгар ҳисобланишини таъминлаш бўйича бир қатор вазифалар юклатилди. Шунингдек, халқ табобати соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда кўрсатилган хизматлар учун жавобгарликни белгилаш, халқ табобати соҳасида етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш асосида халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш вазифалари белгиланди.

Бундан ташқари қарорда республика тиббиёт олий ўқув юртларининг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши”, “Тиббиёт-педагогика иши” бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув циклини жорий этиш, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида Халқ табобати кафедраси ва “Халқ табобати” йўналиши бўйича малака ошириш курсини ташкил этиш кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда Президентимизнинг мазкур қарори ва ушбу қарорга асосан ишлаб чиқиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда аждодларимиздан бизгача мерос бўлиб келаётган халқ табобати соҳаси янада ривожлантириш, аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Қаҳрамон МИРЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: