Шифокорнинг илк малҳами – гўзал хулқи, ширин каломи

Президентимиз Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» номли асарида шундай дейди: «Маънавият» тушунчасининг илмий, фалсафий адабий ёки оддий тилда ифодаланадиган кўплаб таърифларини келтириш мумкин.

Умуман ўзида жуда чуқур ва кенг қамровли маъно-мазмунни мужассам этган бу тушунчага ҳар қайси маърифатли инсон ўзининг фалсафий ёндашуви, сиёсий қарашлари ва эътиқоди, онгу тафаккуридан келиб чиққан ҳолда турлича таъриф ва тавсиялар бериши табиий».

Мустақиллик туфайли халқимиз маънавият тушунчасини янгича кашф этди. Ҳаётда шундай аъмоллар борки, улар нон каби муқаддас. Маънавият тушунчаси ҳам она, Ватан, она Замин каби азиздир.

Муқаддас аъмоллар эса ҳалоллик тушунчаси билан ёнма-ён туради. Демоқчимизки, маънавиятли инсон энг аввало, имон-эътиқодли ҳамда виждонан пок бўлмоғи зарур. Биз ҳам қуйида тиббиёт ходимларининг маънавияти, унинг маънавий қиёфаси хусусида тўхталмоқчимиз.

Ҳар бир шифокор ёки тиббиёт соҳасига дахлдор инсонлар профессионал бурчи ва вазифасини бажаришда ҳалол, ҳаётда бир маротаба бўладиган дилеммалар (икки муҳимидан бирини танлаш)ни ҳам бемор фойдасига ҳал қилиши шарт.

Улар ўзларини халқ саломатлигининг посбони, дея билиб, ўз вазифасига кеча-ю кундуз шай туриши ҳамда барча бурчларини сид­қидилдан бажариши ҳамда хушмуомала бўлиши, ҳар бир беморга индивидуал ёндашиб, унинг кўнглини топа билиши лозим.

Шунингдек, шифокор ва тиббиёт ходимлари жамиятнинг энг инсонпарвар аъзолари сифатида ўз маънавий қиёфаларига катта эътибор қаратишлари керак.

Яхши ёмон хулқнинг ҳаммаси шароит, тарбия, одатланиш натижасида вужудга келади. Яхши хулққа ҳам одат туфайли эришилади.

* * *

Хулқнинг мувозанатда бўлиши бадан саломатлигини сақлайди.

* * *

Ёрдам беришнинг гўзаллиги ундан кишининг тасалли топишида кўринади.

Абу Али ибн Сино

Зиёли инсон сифатида фаннинг замонавий ютуқларидан бохабар бўлиб, уларни ўз фаолиятларида қўллаши ҳар бир мутахассиснинг бурчидир. Шифокор ва ҳамширалар беморнинг руҳий ҳолатини зийраклик билан фаҳмлаб психология фанини маълум даражада билишлари даркор.

Энг аввало, барча тиббиёт ходимлари бир-бирлари билан ўзаро ҳурмат-иззатда бўлишлари лозим.

Беморнинг дарди оғирлашган дамда унинг ўзи ва қариндошларига ҳамдардлик билдира олиши керак. Мусибатли ҳолларда беморнинг яқинларини қўллаб-қувватлаши даркор.

Шунингдек, оппоқ халат кийишнинг кўчма маъносини ҳеч ҳам унутмаслик муҳим. Оқ халатда қуйидаги рамзлар мавжуддир:

Яна ўқинг:  КАРИЕС ПРОФИЛАКТИКАСИДА МУҲИМ ЧОРА

– шифокорнинг дили, нияти оппоқ, эзгу;

– нуқтадек қора доғ ҳам оқ халатда ўчмас из қолдиради, шифокорнинг салгина хатоси ҳам бемор соғлигига, ҳаттоки ҳаётида салбий асорат қолдиришдан эҳтиёт бўлиш керак.

Шифокор тўғрисўз, маърифатли, маданиятли ҳамда юксак ахлоқли ва холис фикрли бўлиши даркор.

Мушоҳада қувватига эга бўлган инсон тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган ҳар бир мутахассис ёки ходимнинг маънавият тушунчасига ўз дунёқараши, маданияти, тафаккури нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда таъриф беради.

МАЪНАВИЯТли деган мақомни олиш учун бугунги кун тиббиёт ходимлари қуйидагиларга риоя қилсалар, уларнинг эзгу амаллари янада бисёр бўлар эди.

Инсониятга тегишли барча умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этиш ҳамда одамларни севиш ва ардоқлаш, кишиларни қандай бўлса, шундайлигича қабул этиш, бирон-бир беморга бефарқ бўлмаслик, ўзи танлаган касби тақозоси билан одамлар соғлигининг посбони эканини бир сония ҳам унутмасликлари шарт.

Қуйидаги иллатлар, яъни кашандалик, гиёҳвандлик ва ОИТСнинг тарқалишига қарши курашишда фаол иштирок этиши зарур.

Инсон саломатлигига билвосита дахлдор муаммо бўлса ҳам, унга муносабат билдириш ҳамда замондошлар ва келажак авлод соғлиги билан боғлиқ муаммолардан ўзини четга тортмаслик, том маънода зиёлиларга хос фазилатларни ўзида мужассам этиш, шифокор ва ҳамшираларнинг масъулиятли вазифаси ҳисобланади.

Шунингдек, атроф-муҳит, сув, ҳаво, наботот оламига бефарқ бўлмаслик, Шарқ ва дунё алломалари қолдирган илмий-маърифий ва маънавий меросларни ўрганувчи ва тарғиб этувчи бўлиш ҳар бир зиёли инсоннинг муқаддас бурчидир.

Халқимизга хос барча қадрият­ларни алоҳида ардоқлаб, шу заминнинг қадим зиёлилари каби ҳар томонлама етук бўлиш, ҳар қандай шароитда иродали ва қатъиятли бўлиш ҳамда фавқулодда ҳолатда фақат ва фақат бемор фойдасини кўзлаб ҳаракат қилиш ,машҳур аллома, табобат илми султони Абу Али ибн Синонинг ворислари бўлмиш шифокорларнинг маънавий қиёфасини белгилайди.

Мунира ЗУПАРОВА,

Чилонзор тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: