Халқ саломатлиги йўлида ҳамкорлик
Дўстлик – одамийлик маёғи, тинчлик, хотиржамлик демак. У бор жойда меҳру оқибат, яхшилик, эзгулик ҳукм суради. Айниқса, бемор инсонларга далда бўлиш, ожизларга ёрдам қўлини чўзиш каби олийжаноб фазилатлар биродарлик мезони саналади.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ҳукм сураётган ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини асраш, яқин қўшничилик алоқаларини ривожлантириш, юрт тараққиёти йўлидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Эътиборлиси, Корея Республикаси билан мустақилликнинг илк йилларида ўрнатилган дўстона алоқаларимиз йилдан-йилга янги мазмун касб этиб бормоқда. Жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Корея Республикасининг “Siloam Senter for the Blind” хайрия ташкилоти мана бир неча йилдирки, ўзаро ҳамкорликда мамлакатимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган инсонларга мурувват ёрдамларини кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг 21-28 октябрь кунлари ўтказиладиган хайрия дастурлари ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Куни кеча кореялик мутахассислар Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманидаги “Ариранг” қариялар уйига ташриф буюрди. Дастлаб “Siloam Senter for the Blind” ташкилотининг мусиқий жамоаси корейс халқининг миллий куй ва қўшиқларидан иборат концерт дастурини йиғилганларга ҳавола этди. Сўнг меҳр ва эътиборга муҳтож нуронийлар билан дўстона давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирнинг кейинги қисми Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда “Siloam Senter for the Blind” хайрия ташкилоти ходимлари томонидан марказда даволанаётган беморларга 45 минг АҚШ долларидан иборат техник ускуналар топширилди.
– Кейинги йилларда кореялик ҳамкасбларимиз билан ўзаро алоқалаларимиз тобора мустаҳкамланиб бораётгани қувонарли, албатта, – дейди марказнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Умида Комилова. – Ўйлайманки, яқин ҳамкорлигимиз, аҳоли саломатлиги йўлидаги хайрли ишларимиз бундан кейин ҳам давом этади.
Делегация аъзоларининг навбатдаги манзили пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар махсус мактаб-интернати бўлди. Бу ерда кореялик мутахассислар ўқувчилар билан учрашиб, таълим масканида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Айтиш керакки, суҳбат юқори кайфиятда ўтди. Иқтидорли ўқувчилар кореялик меҳмонларга инглиз тилида юртимиз ҳақида сўзлаб беришди.
– Биз ўзаро ҳамкорликда қатор хайрли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдамиз. Ўтган давр мобайнида юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фарзандларимиз ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида жуда кўп ютуқларга эришдик. Келажакда ушбу эзгу ишларни янада кенгайтириб, унга янги мазмун бахш этамиз, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси Светлана Инамова.
– Ушбу билим даргоҳига уч йил аввал келган эдим. Ўтган вақт ичида бу ердаги ўзгаришларни кўриб, бошим осмонга етди. Айниқса, таълим масканида таҳсил олаётган болаларнинг кайфияти, улардаги келажакка бўлган ишонч, сўзларидаги дадиллик бизга ҳам ўзгача куч-қувват бағишлади, – дейди “Siloam Senter for the Blind” хайрия ташкилоти директори Чои Донгик.
Кореялик мутахассислар 27-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб, у ерда ҳам бир неча хайрия тадбирларида иштирок этиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида
2009–2018 йилар давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Корея Республикасининг нуфузли клиникалари ва хайрия ташкилотлари ҳамкорлигида Кореяда туғма юрак нуқсони билан оғриган 119 нафар бемор бола соғломлаштирилди.