“Ухлаб ётган” хасталикни уйғотманг!
Оила қуриш остонасида турган ёшлар тиббий кўрикдан ўтиш билан бир қаторда оила қуришга жисмонан ва руҳан тайёр бўлишлари керак. Бу омилларнинг барчаси соғлом оилани шакллантиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлардир. Лекин олиб борилаётган тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан шу кунларда ҳам қон-қариндошлар ўртасида никоҳдан ўтиш ҳолатлари учраб турибди.
Ҳозир кўп давлатларда шу қаторда Ўзбекистонда ҳам энг яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ қонун билан тақиқланган. Лекин қон-қариндошликчи? Бу ҳақида олимлар фикри қандай? Қон-қариндошлик никоҳлари (қони қўшилган қариндошлар) тиббий нуқтаи назардан ген орқали кўзга кўринмаган “ухлаб ётган” касалликларнинг юзага чиқишига имкон яратиш эҳтимолини оширади. Шу ўринда айтишингиз мумкин қариндош бўлмаган оилаларда ҳам ногирон фарзандлар учраб туради-ку, деб. Бу шубҳасиз, лекин яқин қон-қариндошлик никоҳларидан туғилажак фарзандларда ирсий касаллик ривожланиш хавфи тенг баробарига ортишини генетик мутахассилар таъкидлаб ўтишган. Ҳаттоки, қанд касаллиги (диабет), хафақон (гипертония) ҳамда ўсма (рак) касалликлари, жигар циррози ва турли ирсий хасталиклар – фенилкетонурия, муковисцидоз, гипотериоз Даун касаллиги каби насл сурадиган дардлар шулар жумласидандир. Яқин қариндошлар оила қурганида тиббий тилда айтганда ушбу касалликларга мойиллик янада ортади. Носоғлом турмуш тарзи ёҳуд ташқи омиллар ирсиятда мавжуд бўлган касалликларни юзага чиқишига сабабчи бўлади. Ирсий касалликларнинг ҳаммаси чақалоқ туғилиши билан намоён бўлмайди. Уларнинг баъзилари гўдаклик даврида учраса, айримларининг белгилари ўрта ёш, ҳаттоки, одамнинг қарилик даврида ҳам юзага чиқиши мумкин.
Ирсий дард билан хасталанган фарзанд дунёга келганда бу нафақат бир оила фожеаси балки жамият учун ҳам катта ташвиш ҳисобланади. Аввало, ногирон фарзанднинг тақдири ҳал бўлиши билан боғлиқ психологик, молиявий, маънавий муаммолар юзага чиқишни бошлайди. Қавм-қариндошлар ўртасига совуқчилик тушади. Бу оила жамиятдан тобора узила боради ва ҳакозо. Шу каби муаммолар каттаю кичикни яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб кўришга ундайди. Шундай экан келажагимиз пойдевори бўлган ёш авлод тарбияланадиган оилаларнинг маънан, жисмонан, руҳан соғлом тарзда яратиш масаласи ҳар бир онгли инсоннинг ўз қўлидадир.
Маълумот ўрнида
Ирсий касалликларнинг шу кунга қадар 2000 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг ҳаммаси чақалоқ туғилиши билан намоён бўлмайди.
Гулчеҳра ЖЎРАЕВА,
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси мутахассиси, олий тоифали шифокор