“А” ГЕПАТИТИГА ҚАРШИ ЭМЛАШ

Унинг организмга ижобий хусусиятлари хусусида

Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлиғи учун доимо қайғуради. Болани турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Бу борада мамлакатимизда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида фарзандларимиз учун турли инфекцияларга қарши кўплаб эмлаш турлари тақвим асосида олиб борилади. Булардан ташқари болалар саломатлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида аҳолининг талабига қараб хусусий поликлиникаларда ҳам эмлаш бўйича такомиллаштирилган хизмат турлари ташкил этилган.

Ҳозирги кунда ҳам “А” гепатити касаллигига қарши юртимизнинг барча ҳудудларидаги поликлиникаларида эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Эмлашнинг бу турига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида эътибор қаратилган. Шу ўринда “А” гепатити ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

“А” гепатити қандай касаллик?

Мазкур хасталик инсонлар орасида энг кўп тарқалган юқумли вируслардан ҳисобланади. Кўпинча санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида ушбу касаллик келиб чиқади. Аксарият ҳолларда унинг ҳаво заррачалари орқали тез тарқалиши ҳам кузатилган. Ушбу касаллик халқ тилида “сариқ” касаллиги ҳам деб юритилади. “А” гепатити ўткир юқумли касаллик бўлиб, уни энтеровирус келтириб чиқаради ва касаллик жигар тўқимаси ва унинг ҳужайраларининг зарарланиши билан кечади. У асосан болаларда кўпроқ учрайди. Инфекция манбаи касалликка чалинган беморлар ҳисобланади.

Ювилмаган ва кир қўллар билан овқатланиш, транспорт воситалари тутқичларини ушлаш ёки ҳожатхонадан фойдалангандан сўнг қўлларни ювмаслик оқибатида бу хасталик келиб чиқади. Қайнатилмаган сув ёки тоза ювилмаган сабзавот маҳсулотларини истеъмол қилганда вирус меъда-ичак тизимига оғиз бўшлиғидан тушади. Кейин у қонга сўрилади. Қон орқали эса жигарга ўтади ва бу аъзонинг барча ҳужайраларини зарарлайди. Натижада жигар фаолиятида салбий ўзгаришлар кузатилади.

Агарда сиз ёки оила аъзоларингиз “А” гепатитига қарши вакцина билан эмланган бўлсангиз бу касалликнинг юқиш хавфи батамом бартараф этилган бўлади.

– Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари ушбу пуллик вакцина билан эмланиши мажбурийми?

– Эмланиш мажбурий қилиб белгиланмаган. Аммо ҳар бир ота-она ўз фарзандининг соғлиғи учун масъул ҳисобланади. Ушбу касаллик ҳаво заррачалари орқали тез тарқаладиган касаллик бўлгани сабабли, унинг олдини олиш учун турли чора-тадбирларни кўришга ҳар бир муассаса раҳбари масъулдир. Агарда болалар тарбияланадиган муассаса ёки мактабда шу хасталик билан бирортаси касалланса гуруҳдаги барча болалар зарар кўради. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун албатта муассаса раҳбари жавобгар бўлади.

Яна ўқинг:  Маймоқлик зудлик билан даволанишни талаб этади(ми?)

– Шу сабабли ушбу вакцина билан эмлатиш фарзандингиз соғлиғини кафотловчи восита саналади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария ва эпидемология назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Дилором Турсунова.

Шу жумладан, 2014 йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги томонидан 50 мингта вакцина ажратилган. Болалар сонига қараб ҳар бир тиббиёт муассасаси томонидан ушбу вакцинага буюртма берилади ва рўйхат асосида олиб келинади. Эмлаш жараёнини тақвим асосида ўтказиш ва назорат қилиш учун битта шифокор ва ҳамшира бириктирилган.

Бу эмлаш турининг фойдали хусусияти

Ҳозирги кунда аҳоли ўртасида шифокорлар томонидан эмлаш “А” гепатит хасталигига қарши энг фойдали ва ишончли воситалардан бири деб тарғиб қилинмоқда. У гепатитдан юз фоиз ҳимоя воситаси деб топилди. Бу вакцина иммун тизими фаолиятини юқори даражага кўтариб беради. Бир йилда икки марта, яъни ҳар олти ойда “А” гепатитига қарши эмланган одам бу касалликка чалинмайди. Ҳозирда юртимизда бир маротаба олинадиган вакциналар ҳам бор. Уни қабул қилгандан сўнг икки ҳафтадан кейин организмда ҳимоя функцияси ишга тушади. Инсон организмида вирус қонга тушгандан сўнг антитанача туфайли тарқалмай нормада туради. Агар организмда ҳимояловчи антитанача бўлмаса, вирус қонга тушиб гепатит хасталиги ривожланади.

Юртимизда вакцинани икки хил туридан фойдаланилмоқда. Бельгия давлатидан келтирилган мазкур вакцина билан фуқаролар бир йилда икки марта, ҳар олти ойда эмланади. Хитой мамлакатидан келтирилган эмлаш дори воситасини эса бир марта олишнинг ўзи кифоя қилади. Вакцина организмда бир ой ичида тарқалади ва ижобий таъсир қила бошлайди.

Чарос ХУШВАҚТОВА,

“Sog’lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: