Янги фильм намойиши

Миллионлаб инсонларни ўз қурбонига айлантириб келаётган одам савдоси масаласига қарши халқаро миқёсда кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай, ушбу иллат ҳануз жаҳон мамлакатларнинг энг долзарб муаммоларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Республикамизда ҳам одам савдосига қарши курашишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Кўзда тутилган мақсад ва вазифаларга эришишда албатта, тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам муҳим ўрин тутади.

Ушбу мавзуга бағишлаб пойтахтимиздаги Алишер ­Навоий номидаги кино саройида «D.Vision. Pro.» ҳамда «Lola Film» киностудиялари ижодкорлари томонидан яратилган янги «Қадамлар» деб номланган бадиий фильмнинг премьераси бўлиб ўтди.

Фильмда жиноятчиларнинг ширин ваъдасига учиб, оғир меҳнат шароитига тушиб қолган ёш йигитларнинг бошидан кечирганлари, шунингдек, чет элни ҳавас қилиб, алданиб қолган ва кейин афсус-надоматдан изтироб чеккан қизларнинг қисмати тасвирланган. Фарзандини кўзлари тўрт бўлиб кутаётган онаизорнинг ҳолати таъсирчан усулда ифода этилган. Ана шу воқеалар орқали томошабин яна бир карра огоҳликка, ҳушёрликка чақирилади. Бунда албатта, фильм ижодкорларининг маҳоратини айтиб ўтмасдан илож йўқ. Унда иштирок этган ижодкорларнинг асосий қисми дебютантлардан иборат бўлиб, барчаси санъат соҳаси вакилларидир. Фильм режиссёри Озод Шамсиддинов учун бу дастлабки профессионал иш ҳисобланади. Ғоя муаллифи Умар Йўлдошев, сценарий муаллифлари эса Абдуқаюм Йўлдошев ҳамда Озод Шамсиддиновлардир.

Фильмдаги асосий ролларни Шерали Ортиқов, Муҳаббат Абдуллаева, Шоҳида Исмоилова, Феруза Мелибоева, Арслон Есенов, Акмал Назаровлар маҳорат билан ижро этган.

Хулоса қилиб айтганда, фильм воқеалари ўта таъсирли ва актёрларнинг юқори даражадаги маҳорати билан ўз ечимини топган.

Ўйлаймизки, бу каби фильмлар осойишта ҳаётга хавф солаётган муаммолардан бири – одам савдосига қарши курашишда ўз самарасини беради.

Майна ҲАСАНОВА

Яна ўқинг:  “САЛОМАТЛИК – 2020”

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: