Обод диёрда қадримиз баланд
Турғун АЗЛАРОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Шайхонтоҳур туманидаги 40-умум-таълим мактаби математика ва информатика фанлари ўқитувчиси
– Ўзбекистонда ёшларимизнинг мустаҳкам билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Уларнинг иқтидорини юзага чиқариш мақсадида кўплаб ижтимоий лойиҳалар амалга оширилаётир. Эл фарзандлари ҳам ўз навбатида ана шу эътибор ва ғамхўрликларга муносиб тарзда жавоб беришмоқда. Зеро, қайси соҳада бўлмасин, юртимиз довруғини янада ошираётган ёшларимиз талайгина.
Ҳозирда диёримизда яшаётган ҳамма миллат ва элатлар фарзандлари бир хил – замонавий қулайликларга эга зиё масканларида таҳсил олмоқда, санъат ва спорт сирларини мукаммал ўрганмоқда. Шунга муштарак равишда халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, дунё майдонларида ўзбекистонлик ёшлар нималарга қодир эканлигини намоён этмоқдалар.
Бу ютуқларнинг барчаси мустақиллик шарофати ҳамда ёшларга яратилаётган ғамхўрлик ва эътибор самарасидир.
Шу билан бирга биз ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътибор ҳам мана шу эзгу ишларнинг давомидир.
Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз камтарона меҳнатларимни юқори баҳолаб, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига муносиб топгани инсон қадри баланд юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслигига яққол мисол бўлади. Бу эса қалбимда юксак ғурур ва ифтихор ҳисларини уйғотди.
Мана шундай юксак эътиборга лойиқ топилганимдан ниҳоятда мамнун бўлдим. Шу билан бирга бу ишонч зиммамга катта масъулият ҳам юклайди. Шу мукофотни оқлармиканман деган фикр билан, ҳали олдинда қилинажак ишларим бисёр эканлигини ҳис этдим.
Тез орада янги ўқув йили ҳам бошланади. Мактабимиз билан бир қаторда мен ҳам янги ўқув йилига янги режалар тузиб, катта тайёргарлик кўрмоқдаман.
Шу муносабат билан барча юртдошларимизни улуғ байрамимиз, мустақиллигимизнинг 22 йиллик тантаналари билан қизғин муборакбод этаман.