Юрак хуружи ва унинг тўхташини башорат қилувчи либос
Хитойнинг “Lenovo Group” компанияси ва Цзяньсу провинцияси Жануби – Шарқий университет олимлари “ақлли” кийим – “Smart Vest” яратдилар.
У реал вақтда инсоннинг юрак уриши тезлигини назорат қилади ва ушбу аъзо хасталигининг дастлабки белгилари ҳақида огоҳлантиради.
“Smart vest” оддий футболка сифатида ишлаб чиқарилади. Бироқ, унинг ичида бир кеча-кундуз давомида юракни ЭКГ қилиш мумкин ва унинг шовқини, қон босими ҳамда нафас олишни назорат қилувчи симсиз электродлар, сенсорлар, эгилувчан занжирлар яширинган. Комплектда сунъий ақл йиғилган маълумотларни тизимга соладиган илова мавжуд. Шундай қилиб, бемор мобил илова орқали ўз соғлигини реал вақтда мониторинг қилиши мумкин.
Шунингдек, илова ташхис ва юрак хасталиги ривожланишини олдиндан айтишни ҳам таклиф қилади. Юрак хуружини аниқлаш ва даволаш учун унинг тўхташидан 8 соат олдин хабардор этиш энг яхши натижа ҳисобланади. Яратилган тизим инсонни 2 ҳафта узлуксиз назорат қилиб бориши мумкин. Кийим кўнгиллиларда синовдан ўтказилган.