ҲАЛОЛЛИК – МУНОСИБ ЭЪТИРОФ

Дунёда спортнинг турлари жуда кўп. Улар ичида футбол шубҳасиз энг оммалашган спорт тури сифатида эътироф этилади. Бу бежиз эмас албатта. Сўнгги йиллар ичида футболнинг нуфузи шу даражада ошиб кетдики, бу шубҳасиз унинг “миллионлар ўйини”дан “миллиардлар ўйини”га айланишига олиб келди.

Мамлакатимизда ҳам футбол энг оммалашган спорт тури сифатида йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Юртимизда футболни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг самарасини бугун барчамиз гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса 2012 йил мамлакатимиз футболи учун ниҳоятда омадли йил бўлди. Ўзбек футболининг 100 йиллиги тантанали тарзда нишонланган ушбу йилда футболимизда асрга татигулик воқеалар содир бўлди. Барча замонавий талабларга жавоб берадиган “Бунёдкор” стадионининг очилиши, ўсмирлар терма жамоамизнинг Осиё чемпионлигини қўлга киритиб, жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлганлари, ёшлар терма жамоаси ҳам жаҳон чемпионатига бориш ҳуқуқини берувчи йўлланмани қўлга киритганларию, миллий терма жамоамизнинг йил якунларидаги омадли ўйинлари буларнинг барча барчасидан кўнглимизда бир олам қувонч билан янги йилни кутиб олишга тайёргарлик кўриб турган бир пайтимизда Осиё футбол конфедерацияси томонидан “Fair play” яъни “Ҳалол ўйин” номинациясининг Ўзбекистон футбол федерациясига топширилиши қувончимизга янада қувонч қўшди.

2013 йилнинг 7 январь. Швейцариянинг Цюрих шаҳри. ФИФА бош қароргоҳида 2012 йил якунларига бағишланган тантанали маросимда 2012 йилнинг энг яхшилари эълон қилинди. Қувонарлиси, Ўзбекистон номи ҳам ушбу нуфузли маросимда баралла янгради. ФИФАнинг “Fair play” яъни “Ҳалол ўйин” соврини ҳам Ўзбекистон футбол федерациясига топширилди. Халқимиз қадимдан халолликни нихоятда улуғлаб келган. Бугунги кунда дунё миқёсида оммалашаётган Миллий курашимизда ҳам ҳалол баҳоси энг юқори баҳо эканлиги бунинг яна бир исботи. Ушбу мукофот футболчиларимизга қўшимча масъулият юклаши турган гап. Шундай экан миллий терма жамоамиз ҳам Бразилия яшил майдонларида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига чиқиш масаласини ижобий ҳал этиб, бундай эътироф бежиз эмаслигини исботлашига ишонамиз.

Бундан ташқари шу куни дунё футболидаги энг нуфузли мукофотлар ҳам ўз эгаларини топди.

Испания терма жамоаси билан жаҳон ва икки карра Европа чемпионлигини қўлга киритган Висенте дел Боске “Энг яхши мураббий” сифатида тан олинди.

2012 йил ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларининг аёллар футболи бўйича чемпиони АҚШ терма жамоаси азоси Эбби Уомбах “Энг кучли футболчи аёл” номинациясида ғолиб деб топилди.

Яна ўқинг:  ЭР ЙИГИТ – ЮРТ ПОСБОНИ

Асосий соврин ҳисобланган “FIFA Ballon d'Or” яъни “Олтин тўп” мукофоти эса бу сафар ҳам Аргентина терма жамоаси ва “Барселона” клуби ҳужумчиси Лионель Мессига насиб қилди. Шу тариқа Месси кетма-кет тўрт маротаба ушбу мукофотни қўлга киритган ягона футболчига айланди.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: