“Матбуот фикр айтиш борасида жамиятдан ҳеч қачон ортда қолиши керак эмас”

Бугунга келиб замон шиддат билан ривожланмоқда. Шу билан бир қаторда одамларнинг турмуш-тарзи, ўй-фикрлари ўзгармоқда. Мана шу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам ўзгариши, унга қўйиладиган талаблар ҳам янгиланиб бориши зарур.

Эндиликда телевидение деймизми, радио ёки матбуотми ҳар бири ўз вазифасини мукаммал бажариши талаб этилади. Негаки, ҳозирга келиб, оммага тезкор хабарлар етказиб беришда интернет нашрлари анча илгарилаб кетди. Хусусан, матбуотда янгилик ёки хабар беришнинг ўзи эскиликдан далолат. Чунки матбуот жамиятнинг энг фаол демократик институтларидан бири бўлиб, унинг шаҳди, қадами, шашти жамиятда бўлаётган ўзгаришлар билан ҳамоҳанг бўлиши талаб этилади.

Ана шундай паллада матбуот ўз олдига қатор вазифа ва йўналишларни белгилаб олиши зарур.

Биринчидан, фикр айтиш ва журат борасида жамиятдан бироз олдинга чиқса ҳам бўлади, лекин ҳеч қачон ортда қолиши мумкин эмас.

Иккинчидан, унда фаолият олиб борадиган журналист шунчаки ахборот тайёрлайдиган ходим эмас, балки сиёсатчи, таҳлилчи, ташвиқотчи, қиёсловчи, хулоса чиқарувчи ва воқеа-ҳодисаларни олдиндан кўра билувчи, журналистика сир-синоатларидан бохабар бўлиши талаб этилади.

Учинчидан, маълум соҳаларда билимини ошириши, зарур ўринларда эса ихтисослашиши керак.

Бугунги кунда биз журналистлар орасида ҳам айни шу борада оқсаш ҳолатлари кузатилаяпти. Таълим жараёнидаги бўшлиқлар айни шу қусурни юзага келтиради. Амалиётнинг камлиги, эркин фикрлашни деярли ўргатилмаслиги, истеъдод, иқтидор ва ижодкорликнинг камдан-кам ҳолатларда кашф этилиши айни шу кемтикликни келтириб чиқаради. Кўпчилик талабалар тўрт йил давомида университетда олиши керак бўлган билим ва кўникмаларни нашриёт ёки соҳага доир бошқа масканларга келганида ўрганишига тўғри келяпти. Ахир айни шунинг ўзи тизимда муаммолар бор дегани эмасми?

Биргина матбуотнинг ўзида бу каби кўплаб ҳолатларнинг гувоҳи бўлганмиз. Шундай экан эндиликда оддий хабарни ҳам ўз ҳолича баён этиш эмас, унинг асл моҳиятини очиб бериш, таҳлил қилиш, унга бошқа томондан янгича ёндашиш талаб этилади. Тўғри, ҳозирда бундай материаллар йўқ деб бўлмайди, аммо сони ва салмоғи ҳаминқадар.

Бундан ташқари, ўқувчи-газетхонларни ҳам ўйлашимиз лозим. Чунки уларнинг савияси, воқеа моҳиятига теран баҳо бериши ҳеч қачон хабар ўқиш билан ўсиб қолмайди. Уларни мақолани ўқиш жараёнида ўзида ҳам фикр туғиладиган қилиб тарбиялашимиз зарур. Шундай экан матбуот ўзгармаса, ўз вазифасини тўлиқ адо этиб, янгиланиб бормаса, унинг умри ҳам тугаб бораверади.

Яна ўқинг:  MEHRIBON BOBOJONIM

 

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: