Отасини ҳайратлантирган болакай

Шахмат инсоният кашф этган, энг қадимги ва энг қизиқ ўйинлардан биридир. Бу ўйин миллонлаб инсонларни мафтун этган ва мафтун этиб келмоқда.

Ҳар бир ўйиннинг ўз «қирол»лари бўлганидек шахматнинг ҳам ўз «шоҳ»лари – жаҳон чемпионлари бор. Сўзимиз «шахмат автомати», «енгилмас» номлари билан улуғланган учинчи жаҳон чемпиони – кубалик гроссмейстер Хосе Раул Капабланка ҳақида.

Унинг шахмат билан танишуви ғоят қизиқ ҳолда рўй берган. 1892 йилнинг июни, кун иссиқ. Граупера Капабланка ўз хонасида қўшниси билан шахмат ўйнаб ўтиришарди. Улар ўйинга шунчалик берилиб кетдиларки, ҳатто хонага уй эгасининг тўрт яшар ўғли Хосенинг кириб келганлигини сезишмади ҳам. Ғалати шаклдаги доналарни кўрган болакайнинг кўм-кўк кўзлари порлаб кетди. Катта одамлар ҳам ўйинчоқ ўйнашаркан-да, ўйлади болакай. Хосе шахматга қизиқиб қолди. У деярли ҳар куни ўйинни томоша қилгани келадиган бўлди.

Бир гал ўйин жуда шиддатли кечаётган эди. Хосе бирдан отаси оти билан рақиб фарзинини қандай уриб олганлигини кўриб қолди. Отаси яна «мот» қилганлигидан хурсанд бўлиб, чеҳраси ёришиб кетди. Шу пайт Хосенинг жарангдор овози эшитилди:

– Сиз ғирром ўйнадингиз дада!

– Мен… ғирром ўйнадим!? Қандай қилиб?!

– Оқ хонада турган отингизни оқ хонага юриб, оқ фарзинни уриб олдингиз.

Болакай отаси қандай хато юриш қилганлигини кўрсатиб берди.

Таажжубланган ота:

– Қизиқ, шахмат ўйнашни қачон ўргана қолдинг?

– Шу ерда кечаси билан доналарнинг қандай юришини эслаб чиқдим. Хафа бўлманг, дада, бир адашдингиз-да.

Хосенинг гапи тўғри чиқди: қора отнинг нотўғри «сакраганини» катта одамлар ҳам пайқамаган эканлар. Отанинг ўғли билан ўйнаб кўришдан бошқа иложи қолмади. Ўзига ишонган сенёр Капабланка фарзинини олиб қўйиб ўйнади. Натижа хунук бўлди. Хосе ўз устунлигидан фойдаланиб ютиб чиқди. Бу истеъдодли шахматчининг келажакда жаҳон мамлакатлари бўйлаб қиладиган зафарли юришларидан далолат берувчи дастлабки ғалабаси эди.

Яратган кичик Хосе Раулга жуда ўткир истеъдод инъом этди. Бироқ, шахснинг камолга етиши учун биргина истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Боладаги истеъдод жуда мўрт нарса. Уни авайлаб моҳирлик билан парвариш қилинсагина у камол топади. Бахтига Хосе Раулнинг яқинлари шундай инсон эдилар.

Яна ўқинг:  Ёмғир ёғалоқ...

Капабланканинг фавқулодда истеъдоди жуда эрта намоён бўлди. У тўрт ёшга тўлмасданоқ (Капабланка 1888 йилнинг 19 ноябрида Гаванада туғилган) ўйин қоидаларини ўрганиб олди. 11 ёшидаёқ Кубанинг энг кучли шахматчиларидан бири саналди. 13 ёшида эса у орол чемпиони Корцони мағлуб этиб, дастлабки жиддий муваффақиятга эришди.

Ота-онаси уни 1906 йилда АҚШга Колумб университетига ўқишга юборишди. Гарчи уни тугатолмаган бўлсада шахмат имтиҳонидан аъло даражада ўтди. У Қўшма Штатлар шаҳарлари бўйлаб қилган саёҳати давомида ўйнаган 130 партиядан атиги иккитасини ютқазиб, иккитасини дуранг билан якунлади. Қолган матчларда зафар қучди.

Хосе Раул Капабланканинг дунё шаҳарлари – Париж, Берлин, Вена, Петербург, Москва бўйлаб ўтказган ўйинлари бетакрор эди. Унинг фавқулодда истеъдоди шахмат аҳлини «шок» ка тушириб қўйди.

1914 йили Петербургда Капабланка ўз даврининг ягона «шоҳ»и бўлмиш Эммануел Ласкер билан биринчи ўрин учун курашда имкониятни бой берди. «Шоҳ» ўз тахтини сақлаб қолди. Ана шундан кейин икки буюк шахматчининг кўп йиллик рақобати бошланди. Унинг жаҳон чемпиони билан яккама-якка матч ўтказишга муносиб эканлигига ҳеч ким шубҳаланмас эди. Лекин бошланиб кетган жаҳон уруши бу баҳсни анча орқага суриб юборди. Ниҳоят, 7 йилдан сўнггина 1921 йилда Гаванада унинг Ласкер билан ўйини ўтказилди. Рақиблар 24 партия ўйнашлари керак эди, лекин 14 партиядан сўнг ҳисоб Капабланка фойдасига +4=10 (+ ғалабани, = дурангни билдиради) бўлган пайтда, Ласкер мағлубиятини тан олди. Шахмат олами ўзининг янги «шоҳ»и бошига «тож» кийдирди.

Бу ғалабадан кейин унинг ўйинларида бурилиш рўй берди. У энди мураккаб курашга интилмай қўйди. Энг муҳими хиёлгина устунликка эришса бас, уни ғалабагача олиб бориш қўлидан келарди. Бироқ ўзига ҳаддан зиёд ишониш, ҳаддан ташқари иззатталаб бўлиш ўйин натижаларида акс этмай қолмади. У 1924 йили Нью-Йоркда иккинчи, 1925 йили Москвада учинчи ўринни олди.

Аммо 1927 йили у шахмат тахти даъвогарлари ўртасида ўтказилган Нью-Йорк­даги турнирда ажойиб ғалабага эришди.

Хосе Раул Капабланка турнирларда ўйнаган 583 та партиясидан 302 тасини ютди, 246 тасида дуранг қилди ва атиги 35 тасини ютқазди. У «Менинг шахмат фаолиятим», «Шахмат ўйини асослари», «Шахмат ўйини дарслиги» номли машҳур китоблар муаллифидир.

Яна ўқинг:  Ягона бошқарув пульти яратилди

Кучли гроссмейстерларни ҳам юришлари билан довдиратиб қўйган, эндшпиллар устаси бўлган Хосе Раул Капабланка 1942 йилнинг 8 мартида Нью-Йоркда вафот этди. Аммо унинг номи шахмат ихлосмандлари қалбида мангу яшаб қолади.

Адҳам АРСЛОНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: