Масофавий таълим маҳорат сирларидан сабоқ беради
Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда мамлакат олий таълим тизими ҳам тубдан янгиланмоқда. Таълим соҳасига илғор технологияларни жорий этиш, кадрлар тайёрлашда шаффофлик, адолат ва сифат мезонига асосий эътибор қаратилмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик институти профессор-ўқитувчилари учун АҚШнинг етакчи Индиана университети билан “House of Wisdom Teacher Training” маҳорат мактаби ҳамкорлигида “Таълимда технологиядан фойдаланишнинг инновацион услублари” мавзусида онлайн дарслар ташкил этиш жараёни бошланди.
Индиана университетининг Таълимни ташкиллаштиришда технологиядан фойдаланиш маркази маслаҳатчиси Умида Ҳикматиллаева дастлаб бир семестрни тўлиқ қамраб олган, 18 ҳафталик онлайн курснинг тугал ўқув режаси ва дастурини ишлаб чиқди. Ана шу ўқув режа асосида жорий йилнинг январь-май ойларида институт профессор-ўқитувчилари масофавий таълим асосида “Google Classroom” платформасидан фойдаланилган ҳолда ўқитилди. Таълим соҳаси вакилларини ушбу шаклда ўқитиш мамлакатимиз олий таълим тизими учун тамомила янги ҳодиса саналади.
“Маҳорат мактаби” курсларига институтнинг кўплаб профессор-ўқитувчилари жалб этилди. Курс давомида ўқитувчилар турли лойиҳалар тайёрлаш сир-асрорларини ҳам ўрганиб олди. Талабаларга тарқатиш учун ўқув режаси – Силлабус яратиш йўллари, талабалар билимини баҳолашнинг замонавий мезонларини ишлаб чиқиш, интерфаол машқлар учун материаллар тайёрлаш, ўзи дарс ўтадиган фанларга алоқадор онлайн манбаларни тўплаш каби замонавий усуллар шулар сирасига киради.
Онлайн курс самарасида маҳорат мактаби қатнашчилари “Google site” платформасида ўз “ePortfolio”сини яратди. Бу ерда талабалар ўзлари ўқиётган фанлардан дарсга доир керакли, қизиқарли материалларни олиши, баҳолаш мезонлари билан танишиши, ихтисослигига доир онлайн манбаларни топиши мумкин.
Қудратилла ОМОНОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик институти шарқ
филологияси факультети декани,
филология фанлари доктори