Дарёлар ва ирмоқлар

Юртимиз кундан кун чирой очиб бормоқда. Тинчлик ҳукмрон, ҳар ён обод, дастурхон тўкин, эл хотиржам.

Равон йўлда елиб бораётган уловнинг очиқ ойналаридан кираётган шамол баҳри дилингни очади. Йўл узоқ, беихтиёр адоқсиз хаёллар гирдобига ғарқ бўласан. Ёнингда ҳамроҳларинг яхши бўлса, йўл азоби билинмайди.

Баъзан кўзимни очиб атрофимдагиларга назар ташлаб қўяман. Олд ўриндиқда ўтирган нуроний отахон кўча-атрофни томоша қилиб кетяпти. Қолган йўловчилар кўз юмиб, мизғиган. Ҳайдовчи онда-сонда отахонга гап ташлаб қўяди. Бобо ҳам кўксига тушиб турган соқолини силаб қисқа мулоҳаза қилади-ю, яна атрофга боқади. Ўқтин-ўқтин бошини сараклайди, хаёлга чўмади. Бу ҳолат менга ғалати туюлди. Кечинмаларини кошкийди, билсам. Аммо зимдан кузата бошладим, яна такрорланди. Чол атрофга олазарак термулиб, бошини сарак-сарак қимирлатди. Отахон боқиб турган манзара – йўл бўйидаги муҳташам касб-ҳунар коллежи биноси эди. Кейин билсам, бобо ҳайратдан мамнун бошини қимирлатаётган экан. Ниҳоят ўзи ҳам сўзга чоғланди:

– Ҳаммаёқ ўзгариб кетибди. Тошкентга узоқ йиллар аввал ўртанчамнинг ўқиши билан келувдим. Бир автобус одам сарсону саргардонликда етиб олганмиз. Мотори қизиб кетади, тўхтайди, сув уради. Кўп азоб чекканмиз, ўшанда. Шу-шу узоқ йўлни деса, юрагим шошади, – лабларини тамшаб-тамшаб сўзида давом этади отахон. – Ана энди йўлни қаранг, мошинани қаранг, ё қудратингдан… зув боради, зув келади.

Отахоннинг гап халтаси очилганидан ҳайдовчи ҳам мамнун жилмайиб, ҳар гап сўнггида «ҳм» деб қўяди. Албатта-да, яхши суҳбатдош ҳайдовчининг сергаклигини оширади.

– Йўлни бир-бир кузатиб келаяпман, ҳаммаёқда қурилиш, ҳар қадамда чиройли бинолар… ана-ана қаранг уйларди, – отахоннинг кўзи йўл бўйида қад ростлаган намунали уй-жойларга тушиб ҳайрати ошади. – Бутун қишлоқларни шаҳарга айлантираяпти. Коллежларни айтмайсизми, бай-бай-бай… Биздан кейинги қишлоқда шунақа бир коллеж қурилди. Кенжа улимнинг қизи бу йил мактабни тугатиб, шу коллежга топшириши керак эди. Кампирим зор қақшайди, ўқимайди, деб. Нима эмиш, жойи чиқса, бировга келин қилиб берармиш. Ўғлим ҳам энасининг гапини жуфт қилиб, оёқ тираб олган. Фақатгина келиним менга мўлтираб қараб турибди. «У қиз ҳали норасида бўлса, оқ-қорани танимаса, қандай узатамиз…», дейди келиним. Дарвоза қоқиб барака топкур ўқитувчиларам келиб турибди. Ҳаммасининг гапини чўрт кесдим-да, кўзидан ёши оқиб турган неварамнинг қўлидан етакладим, хат-ҳужжатларини қўлтиғимга қистириб коллежга бордим. Ё қудратингдан, кошона… Тўғриси. Кўзимдан ёш отилиб чиқди. Бизнинг қишлоқларимизда ҳам шундай иморатлар қурилаяпти, деб. Ёшларнинг чеҳрасини кўриб, қувонасан. Уларни кўриб букчайган қаддимни кўтариб олдим, – ҳазиломуз гапидан мийиғида кулади отахон, – менам ўзимни навқирон йигитлардай ҳис қилиб кетдим-да… Коллежни айланиб чиқдим. Катта-катта хоналар, заллар, компитерларми-я, ажабтовур нарсалар ақлим шошиб кетди, яна қайтадан ёшариб қолсайдим, деб ўйладим. Уйга бориб кампир билан айтишдик, койидим. Президентга, ҳукуматга раҳмат, дедим. Шундай катта иморатларни қуриб, ёшлар ўқисин, сен билан бизга ўхшаб кўр бўлиб юрмасин, деяпти дедим. Тўғри-да, ўқиб бизга осмондаги ойни обермайди, ким билади, эрта биз борми, йўқми, билими болаларининг тарбиясида асқотади, ҳеч қурса…

Яна ўқинг:  Мактаб ярмаркалари иш бошлади

«Эҳ», деб тиззасига уриб қўйди. Орада бироз жимлик чўкди. Отахоннинг куюнчак гапларини эшитиб ўйланиб қолдим. Кўпни кўрган бобо, англагани, тушунгани учун раҳмат.

Бугун ёши улуғлардан бир гапни кўп эшитамиз: «Қани яна бола бўлиб қолсанг…», «Навқирон ёшлигим қайтиб келсайди…». Бу ўтган умрдан пушаймонлик эмас, ҳавас. Албатта, бу ёшларга самимий танбеҳ ҳам.

Қишлоққа борсам, бўйи етган йигитларни суҳбатга соламан. Коллежда ўқишлар қандай? Бирор ҳунарни ўрганаяпсанми? Уларнинг жавоби қониқарсиз… Баъзилари «хўжакўрсин» учун ўқишга қатнайди. Орзулари осмон билан бўйлашадиган, тоғни урса талқон қиладиган ёшдаги йигит кейинги ҳаётининг режасини тузолмаётганига ачинасиз. Балки бу ота-оналарнинг ҳам бироз лоқайдлигидандир.

Аёлимнинг тунов кунги дастурхон атрофидаги суҳбати ёдимга тушди:

«Қўшнимиз Назарбой ака хотинининг қистовига кўниб, бинойидек коллежга қатнаб юрган ўғлини йўлдан қайтариб, синглиси юритиб турган дўконга савдога қарашсин, деб юборибди. Нима эмиш, оқ-қорани танирмиш, бир сўмни бир сўмга уриб, пул топишни, рўзғор боқишни ўрганармиш. Бола анча ўзгариб қолувди, гап сўзлари, юриш-туриши… қулоғидан шапалоқдек телефон тушмайди. Уни кўриб янганинг айтганлари рост экан-да, дегандим. Кейин орага важ тушибди. Дўкондан пуллар, буюмлар йўқоладиган бўлибди. Бир кун дўконни ҳисоб-китоб қилса, яхшигина камомад чиқибди. Ким билади Назарбой аканинг ўғли қилганми, бошқасими, шундан кўраётганмиш. Опа-сингиллару божалар ўртасида дилхиралик бўлибди. Янга кеча роса кўз ёши қилди. Назарбой акаям янгани бўралаб сўкибди, сен йўлдан урдинг деб».

Баъзан ёшларга тўғри йўлни кўрсатолмай, ота-оналарнинг ўзи йўлдан адашаяпти. Кейин эса, фарзандининг қилиқ-қилмишидан норози оҳангда айтилган «бу одам бўлмади, билмадим кимга тортган», деган суҳбатларнинг ҳам гувоҳи бўламиз…

…Ҳайдовчининг туйқус гапидан хаёлларим тарқаб кетди:

– Бова, Тошкентда фарзандингиз яшайдими? – Суҳбатни жонлантириш учун савол ташлади.

– Ҳа, ўртанча ўғлимнинг каттаси – неварам, қачон қишлоққа келса, мендан гина қилади, меҳмон бўлиб бормайсиз, деб. Кейин ўзимам, қариганимда, пойтахтни бир кўриб келай, деб отландим. Кампирим қурғур, кўп келиб кетади. Чеварага қарайди, ҳозирам ўша ёқда. Қаддимиз майшайиб бир Тошканни кезамизда, чол-кампир. Телевизордан кўрганман, ободлик, ободончилик… худога шукур… шу кунларга етказганига шукур…, – дўпписини ечиб бошини силаб қўйди. – Ҳаммаси тинчликдан. Юрт тинч бўлса, мамлакат обод бўлади, элнинг кўнгили, турмуши обод бўлади. Бунга ҳар бир одам ҳисса қўшиши керак. Ким шу юрт, шу эл деб меҳнат қилса, дастурхони тўкин, вақти чоғ бўлади… Боя айтган коллежларам ўз мевасини беради-да, – отахоннинг ёдига яна бир воқеа келди, чоғи ўриндиққа яхшилаб жойлашиб сўзида давом этди. – Неварамни олиб борган коллеждан бир йигит чет элда, қайсидир давлатда жаҳон чемпиони бўлиб келди. Отасиям, энасиям оддий одамлар. Шу коллеждан биринчи кичик мусобақаларга қатнашиб юрувди, кураш тушайкан. Ўзимизда ҳар йили катта спорт байрамлари бўладику, ҳар хил вилоятларда…

Яна ўқинг:  Mustahkam oila

– «Баркамол авлод» спорт мусобақалари, гап қўшиб қўйдим, орқа ўриндиқдан.

– Шундай бўлса, керак, қаричилик болам, калламда турмайди, – отахон мамнун қараб қўйди, – шунда ғолиб бўлган экан. Ҳозир катта спортчи бўлиб кетибди. Ёшларга эътибор, имконият шу-да! Ким айтувди бир қишлоқ боласи чемпион бўлади, деб…

Ҳайдовчи ҳам олис йўлда ҳорибдими, шаҳарга яқин келганидан қувониб, толиққан елкаларини кериб «Эй-й, раҳма-а-ат», деди баландроқ овозда, – мана пойтахтга ҳам кириб келдик. Лекин унинг раҳмати ҳамроҳ бўлганимиз учун барчамизга эдими, бобонинг мазмунли суҳбатлари учунмиди, англолмадим…

Шерзодбек

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: