Оқсарой аслида қандай бўлган?

Амир Темур улкан салтанат асосчиси, моҳир саркарда, бунёдкор ва маърифатпарвар ҳукмдор сифатида тарихда ўчмас из қолдирган. Унинг ҳукмронлиги даврида мамлакат сарҳадлари кенгайиб, маданият ва санъат юксалган.

Соҳибқироннинг ўзига хос бир жиҳати: у ўзи забт этган мамлакатларнинг энг моҳир қурувчи ва меъморлари, ҳунармандларини юртига олиб келиб, улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган. Ҳар бир иншоотнинг бунёд этилишидан олдин мубошир ва меъморларга амалий кўрсатмалар бериб, қурилишни қатъий назоратга олган. Бундан ташқари, у дунёда илк бор карвон йўлларида почта хизматига алоқадор бекатлар қурдирган.

Амир Темур барпо эттирган иморатларнинг ҳар бири ўзига хос кўринишга эга бўлиб, ўша даврнинг меъморчилик услубини вужудга келтирган. Биргина Шаҳрисабз шаҳрида бунёд этилган маҳобатли Оқсарой мажмуаси ҳали-ҳамон ноёб архитектураси билан дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келмоқда.

Ҳозиргача Шаҳрисабздаги Оқсаройни махсус адабиётда улкан, тўғри тўртбурчак шаклидаги иморат сифатида таърифлашади. Аслида эса ҳар қандай кишининг ақлини лол қилиб, ҳайртга солган бу иншоотга Шарафуддин Али Яздий “Дунёда бунчалик муҳташам кўшк бўлмаган”, деб таъриф берган. Иморат бизгача дастлабки қиёфасини қисман йўқотган ва вайрон ҳолда етиб келган, баъзилари бутунлай бузилиб кетган. Бугунги кунда сарой пештоқсиз, фақат икки ёндаги минораси ва сарой пойдеворининг бир қисмигина сақланиб қолган. Шу кўринишда ҳам унинг салобатли ва гўзаллиги сезилиб туради.

 

– Оқсарой арки нафақат қадимий Кеш шаҳрининг, балки Темурийлар салтанатининг маъмурий (сарой) девони ҳисобланиб, XIV аср охири, XV аср бошларида жуда катта майдонни эгаллаган. Унинг дастлабки тузилиши тўғрисида фақатгина ўрта асрлар ёзма манбаларидан билиб олиш мумкин, – дейди тарих фанлари номзоди, доцент Озода Раҳматуллаева. – Бу ерда олиб борилган археологик тадқиқотлар Оқсаройнинг бош кириш пештоқи атрофларида унча катта бўлмаган ҳудудни эгаллаган пойдеворлар қолдиғини очиш имконини берди, холос. Ваҳоланки, Амир Темур тириклик вақтида унинг салтанатига ташриф буюрган испаниялик элчи Руи Гонзалес де Клавихо бу бинони бениҳоя улкан иншоот сифатида тасвирлайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса “Кисро тоқидан буюк”, деб тариф беради.

 Ҳа, Оқсарой темурийлар даврининг энг ноёб ёдгорлиги саналади. Ҳашамдор, салобатли ва нақшинкор саройни қуриш учун 20 йилдан ортиқ вақт сарфланган. Унинг қурилиши 1380 йилда бошланиб, 1404 йилга қадар давом этган. Клавихонинг ёзишича, у келган пайтда (1404 йил 29 август) саройнинг баъзи кошинли нақшлари тугалланмаган бўлган.

Шунга қарамай, элчи бинони жуда ҳайратланарли ва ниҳоятда гўзал дея таърифлайди.

Яна ўқинг:  Аразчи болалар. Маслаҳат, танбеҳ беришга шошилманг!

Манбаларда келтирилишича, бинонинг умумий баландлиги 70 метр (сақланиб қолган қисми 24 метр) бўлиб, умумий кўриниши арк шаклини ёдга солган. Бино равоғининг кенглиги 22,5 метрни ташкил этган. Ёзма манбаларда сарой турар жой ва жамоат биноси сифатида қурилиб, хоналар ҳовли атрофида жойлашган. Ҳовли ўртасида катта ҳовуз бўлиб, унга Тахтақорача довонидан сопол қувурлар орқали сув олиб келинган ва тиниқлиги бутун сарой аҳлига ўзгача завқ бағишлаб турган. Шунингдек, сарой таркибида гумбазли катта девонхона, ёнларида маслаҳатчилар учун кичик хона, ҳашаматли равоқли бостирмалар, ички томонида ҳарам ва амирнинг хонаси жойлашган. Девонхона пештоқида арслон ва қуёш тасвири ҳамда Темур давлатининг 3 ҳалқа шаклидаги нишони тасвирланган. Гумбаз ички ва ён томонларига, бурчаклардаги минораларга кошинкор ғиштлардан қалқон шаклидаги нақшлар ишланган. Деворларидаги ранглар жилоси, тарихий, фалсафий, диний мавзудаги, куфий, сулс ва исломий ёзувлар ҳамда геометрик нақшларнинг ўзаро уйғунлиги бинога жозиба бағишлаб туради. Тунда ой ёруғида рангларнинг жилоланиб, оқариб кўриниши сабабли бу кўшк Оқсарой деб аталган.

Асрлар ўтса-да, мазкур иншоот соҳибқирон Амир Темур салтанатининг қудратидан гувоҳлик бериб туради. Унинг кошинкор пештоқининг гулдор нақшлари орасига “Агар бизнинг қувват ва қудратимизга ишонмасанг, бизнинг иморатларимизга боқ”, деган фикрнинг битилгани юқоридаги барча таърифларнинг рўй-ростлигидан дарак бериб турибди.

Олти асрлик йўлни босиб ўтган ноёб обида бугун ҳам сайёҳларга олам-олам ҳайрат улашмоқда. Айниқса, сўнги вақтларда сарой ва унинг атрофидаги боғ қайта таъмирлангани шаҳарга ўзгача ҳусн ва салобат бағишлаб турибди.

 

Сулаймон ҲАЙДАРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: