Эътиборсизликнинг аччиқ бадали ёхуд яна тиббий саводхонлик хусусида

2008 йилнинг эрта баҳори. Олти ойлик Авазбек бешикда мириқиб ухламоқда. Хонтахта устидаги шам қоронғу хонани ёритиб турибди. Шу пайт ногаҳон ёниб турган шам кўрпа устига тушди. Четларидан той пахтаси кўриниб турган, устки астари эскирган кўрпа тезда аланга олди.

Бу пайтда Маҳфуза опа ювилган кийимларни уй орқасидаги дорга илаётганди. Кутилмаганда гўдагининг баланд овозда йиғлаганини эшитиб, у ётган уй томон югурди. Хонага кирди-ю, даҳшатдан чинқириб юборди. Чунки жондан азиз фарзанди ётган бешик аланга ичида қолганди. Она бешик ёпинчиқлари ва қўлбоғларини улоқтириб, боласини бағрига босганча дод солди. Авазбек тирик, аммо унинг юзи ва бўйни оғир даражада куйган эди…

Авазбек “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ёрдами билан Германияда даволаниб қайтди. Пластик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган бўлсада, унинг юзида, нигоҳларида мудҳиш ҳодисанинг асорати қолган.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди 1993 йил ташкил этилган бўлиб, ўтган 25 йил мобайнида қатор хайрли ишларни амалга оширди. Жумладан, фонд бугунга қадар, Авазбекка ўхшаган кўплаб оғир хаста болаларнинг шифо топишида кўмакдош бўлди. Мисол учун 2017-2018 йилларда 1 минг 39 нафар бемор бола фонд ҳисобидан даволанди. Шундан 785 нафари жарроҳлик амалиёти орқали ўз саломатлигини тиклади. Бундай амалиётларнинг кўп қисми оғир куйиш натижасида жароҳатланган болаларда ўтказилди.

 

Рақамлар эмас, амалдаги ишлар сарҳисоби муҳим

– Истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга ошириб келинмоқда, – дейди Республика Хотин-қизлар қўмитаси матбуот котиби Дилфуза Шукурова. – Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида соғлом фарзандлар туғилишига эришиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Соғлом она – соғлом фарзанд – соғлом келажак” эзгу ғояси асосида қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самараларини бераётир.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, пировардида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Республика Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида аёллар билан давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Тадбирлар давомида оилаларда соғлом муҳит яратиш, турмуш мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳам жисмонан, ҳам маънан етук фарзандларни вояга етказиш бўйича аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилади. Шундай бўлсада айрим ҳолларда катталарнинг эътиборсизлиги натижасида болалар билан турли кўнгилсиз ҳолатлар юз бермоқда. Ўрганишларимиз натижасида юртимизнинг чекка ҳудудларида болалар саломатлигига хавф туғдирувчи омиллар кўп учрайди. Катта ҳовли, юмушлар ҳам шунга яраша. Она бу ташвишларга андармон бўлиб, болаларига кўз-қулоқ бўлолмайди. Ўйинқароқ фарзандлар эса сандалга тушиб кетиши, олов устидаги қайноқ чой ёки иссиқ овқатни тўкиб юбориши мумкин.

Олиб борилаётган тарғиботларимизнинг асосий мавзуси ҳам айнан оналар фарзандига кўпроқ вақт ажратиши лозимлигини тушинтиришдан иборат. Аёл уй юмушларига ўралашиб қолмасдан дилбандларини юртга садоқатли, оилапарвар, соғлом вояга етказиши лозим.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан олиб борилаётган ишлар, тарғибот тадбирлари ўз самарасини беряптими? Оилаларда тиббий маданият юксалиши учун яна қандай чора-тадбирларни амалга ошириш керак?

Яна ўқинг:  Янги вакцина татбиқ этилди

Ҳар йили хизмат сафари билан юртимизнинг турли ҳудудларида бўламиз. Шаҳар ва чекка қишлоқларда яшайдиган аёлларнинг турмуш тарзини ўрганамиз. Бу ҳаракатларимиз орқали шу нарса бўлдики, вилоят марказларида тез-тез маънавий тадбирлар ўтказилади ва аёллар бу учрашувларда иштирок этиш имконига эга. Тадбирларни ташкил этган мутассаддилар “йилига фалонча учрашув ўтказдик” деб, рақамларни белгилаб беришади. Бу билан эса муаммолар тарозиси оғирлашиб бораверади.

Қишлоқ жойларда эса бундай тадбирлар жуда кам ўтказилади. Унга оналар рўзғор юмушидан вақт орттириб бориши амримаҳол. Балки шунинг учун ҳам кўнгилсиз воқеалар кўпроқ шу ҳудудларда содир бўлар.

Демак, ҳудудлардаги масъул шахслар тарғибот ишларини хонадонларда амалга ошириши лозим. Агар улар ҳар бир хонадон учун алоҳида вақт ажратиб, тушунтириш ишлари олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Айтмоқчимизки, рақамлар эмас, амалдаги ишлар сарҳисоби муҳим.

 

Тилсиз ёвнинг тиғсиз жароҳати

– Ёнғинлар, уларнинг тафсилотлари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари талаблари, соҳа ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар кенг ёритилган фильм ва ижтимоий роликлар ҳудудий ва марказий телеканаллар орқали мунтазам эфирга узатиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлим бошлиғи Жамолиддин Ҳакимов. – Ўтган 2017 йил давомида республиканинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида, корхона, муассаса, ташкилот ва маҳаллаларда қисм шахсий таркиби томонидан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мавзуларида 13 млн. 409 минг 514 нафар фуқаро иштирокида учрашувлар, суҳбат ва йўриқномалар асосида тадбирлар ўтказилди. Инсонлар ҳаётини ёнғинлардан ҳимоя қилиш, кенг омма орасида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида марказий телевидение орқали 1 минг 421 та, маҳаллий телевидениелар орқали 8 минг 220 та ва кабель телевидениеси орқали 83 минг 903 маротаба кўрсатув ва роликлар намойиш этилди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида 2017 йилнинг июнь ойидан ҳар чоршанба жойларда ёнғинлар профилактикаси куни деб эълон қилинди. Шундан бери республикамизда ёнғинлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 649 та (ёки 5,5 фоиз)га, инсонларнинг ҳалок бўлиши 35 нафар (ёки 21 фоиз)га ва тан жароҳати олишлари 113 нафар (ёки 28,1 фоиз)га камайди. Бу муҳим табдирнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида биринчи галда фуқаролар жалб этилмоқда.

Сир эмас, содир бўлаётган ёнғинларнинг кўпчилик қисми аҳоли турар жойларида, хонадонларда рўй беради. Шунинг учун ҳам аксарият тадбирлар маҳаллаларда, гузарларда фуқаролар иштирокида ўтказилаяпти.

Оловни бежиз “тилсиз ёв” дейишмайди. Унга эҳтиётсиз муносабатда бўлиш салбий оқибатларга олиб келиши ҳаётий мисоллар билан исботланган. Ачинарлиси, хонадонлардаги ёнғинларнинг юзага келишига аксарият ҳолларда болалар сабабчи бўлишади.

Яна ўқинг:  Турмуш обод – оила фаровон

– Ўша куни қизим Нозиманинг туғилган куни эди, – дейди самарқандлик Дилнавоз Вафоева. – Фарзандим олти ёшни қарши олиши муносабати билан байрам тараддудини кўрдик. Меҳмонлар билан овора бўлиб, қизимни қаровсиз қолдирибман. У эса қўлида ўйнаб юрган қўғирчоғини газ печига улоқтирибди. Натижада пахта қўғирчоқ ёниб, юқорида илинган сочиқларга олов туташган. Меҳмонлардан бири даҳлизда тутунни кўргач, ҳамма ошхона томон чопди. Олов гиламларга ўтган экан. Меҳмонлар ўтни ўчиришга ошиқди. Мен эса қизимни излардим. У қўрққанидан хонтахта тагида ўтирарди. Шукрки, унга ҳеч қандай зиён етмабди. Аммо шу воқеадан сўнг фарзандим тутулиб гапирадиган бўлиб қолди…

Мутахассислар ва ҳамюртларимизнинг фикрларини ўқиб, ўзингиз учун керакли хулосани чиқарасиз, деган умиддамиз.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: