Сурхондарёда бир ҳафтада 160 нафар бемор бола пластик жарроҳлик операцияси орқали соғломлаштирилди
Сурхондарё вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида “Фарзанд табассуми – оила қувончи” акцияси доирасида Ўзбекистон – Туркия саломатлик ҳафталиги бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TИКА) ҳамкорлигида ташкил этилган ҳафталик доирасида туркиялик пластик жарроҳлар, малакали анестезиолог ва ҳамширалар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келган юқори лаб ва қаттиқ танглай ҳамда юз соҳасидаги туғма нуқсони бор ва куйишдан кейинги асоратлари бўлган 650 га яқин болани чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Беморларнинг 160га яқини пластик жарроҳлик амалиёти орқали соғломлаштирилди. Тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари туркиялик ҳамда ушбу соҳа бўйича юртимизнинг тажрибали мутахассислари ҳамкорлигида олиб борилди.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик келишувларига мувофиқ, сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш соҳасида ўнта йирик лойиҳа амалга оширилди, – дейди Анқара илмий текшириш клиникаси профессори Угур Кочер. – Шуларнинг тўрттасида тажрибали пластик жарроҳларимиз иштирок этди. Бизга ана шундай имконият яратиб берганлардан миннатдормиз. Ушбу акцияга Туркиядан беш нафар юқори малакали пластик жарроҳ, тўрт нафар малакали анестезиолог ва уч нафар ҳамшира жалб этилди. Ҳафталик давомида келган барча беморлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, замонавий тиббиёт кўмагида соғломлаштириш чоралари кўрилди. Биз туғма-лаб, юқори танглайида муаммолари бўлган, қулоқдаги ёки куйиш оқибатида танада юзага келган асоратларни ўз амалиётимиз орқали даволашни мақсад қилган эдик. Шунга мувофиқ, мурожаат этган барча беморларга ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдик. Тиббий кўрик даврида уларга зарур маслаҳатлар бердик. Қолаверса, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашдик.
Ҳафталик доирасида Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудларидан келган бемор болаларга ҳам беғараз ёрдам кўрсатилди.
– Қизим Муслима 5 ёшида тўсатдан куйиб қолди, – дейди китоблик Ф. Қосимова. – Натижада унинг ўнг қўл бармоқлари чандиқ бўлиб, яхши ҳаракатлантиролмай қолди. Фарзандимни туркиялик шифокорлар тиббий кўрикдан ўтказиб, жарроҳлик йўли билан тузатиш имкони борлигини айтишди. Шу куннинг ўзида улар замонавий пластик жарроҳлик амалиётини бажаришди. Бугун қизимга жавоб берди. Уйга қайтаяпмиз. Муслиманинг соғлиғи тикланаётганидан қувончимиз чексиз.
Сарвар ИСҲОҚОВ,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди матбуот котиби