Атиргул ифори

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида истеъдодли шоир Салим Ашурнинг «Муҳаббат китоби» номли янги тўплами нашр этилди. Унда шоирнинг севги мавзуидаги икки юздан зиёд сара шеърлари, «Муҳаббат» манзумаси ва «Атиргул» достони жамланган.

Салим Ашур шеърият бўстонига кириб келган илк вақтлариданоқ тинимсиз ураётган ва ёниб яшаётган юрак торларида дилдор куйлар ижро қилиб келаётган бедор шоир.

Юрагингга боқиб кўрганмисан?

Кириб кўрганмисан юрагингга ҳеч?

Унинг ҳар бир шеърида фасллар ва ранглар орқали яъни рамзлар асосида қалб туй­ғуларини очиб беришга урунишни сезиш қийин эмас. Баҳор, атиргул, қиш, қор, қуёш, кўк, баҳорранг, беда гулли чучмома, чақмоқ…

Дил, нилуфар кафтлари бўйлаб,

Анор каби титил, ситилгин.

Сочларининг ҳар торин куйлаб,

Қаро, қаро тўкилгил, эй дил.

Унинг учун мунис-мушфиқ ва жон фидо оналар ҳамиша илҳом манбаи, куйга олинажак оҳанг, инсон зоти талпинар Ердаги Қуёш.

Бошимда йиғлади бир қуёш,

Пойимда ўртанди битта Ер,

Онажон – энг юмшоқ, мунис тош,

Синиб кетмадингми, жавоб бер.

Шоир ҳеч қачон ва ҳеч қандай қафасларга сиғмайди, кўнгилнинг бепоён ва фусункор кенгликларида озод қуш каби учишни истайди. Бунга имкон қила олмаганида, орзулари ушалмаган кезларда бахт­сизликдан инграб-титраб туради.

Кулбанинг бир кунжида нондай

Синиб ётар бўрон – қанотим.

Муҳаббат – бокиралик фасли. Ёшлик умр­нинг гул даври, шоҳ қасри. Бу шамол каби ошиғич палла бошқа такрорланмайди. Ишқ бўстони севги булоғидан сув ича бошлаган шундай беғуборлик фаслини шоир мусаввирнинг энг нозик мўйқалами билан безайди.

Ўн саккизда севилган шу қиз,

Ўн саккизда севилган шу юз,

Ўн саккизда севилган шу қиз,

Ўн саккизда қолади мангу!

Аёлнинг барчаси гўзал, айниқса, улар ё севиб, ё севилиб қолган онида бу ҳолат бўртиб кўринади. Шоир талқинида муҳаббат – бахтнинг шукуҳи илоҳий бир неъмат янглиғ янграйди.

Мен шод бўлмагандим сизни топгунча,

Сиз билан шод бўлдим,

сиз билан кулдим…

Севги ҳарорати қалбига ўт қўйганида, ёрнинг жамолини ўзгадан рашк қилганида маҳбубасини еру кўкка ишонмасдан изтиробла куйлайди.

Сени ишонмадим дунёга,

Кўзимнинг ичида авайлаб юрдим.

У қўллаган ва ўзгача талқинда жилоланган сўзлар тилимизни нафис ранглар ила бойитади, инсон қалби жонли табиат билан яхлит уйғунланиб кетади… Бодпаррак, чоғир, очун, сахт-сумбат, сеҳрбон, гардун, аъроф, ёғмур, замбариқ, ширмамўмиё, шудрингқуш, янгорар оҳанг, чувоқта қуш, осмон равоғи, шуълагул, чирилдоқмонанд, дилкўча рамзларга йўғрилган маъно гулшани, Салим Ашур шеърият оламига янада ошуфталик ва серқирралик бағишлаб турган атиргулнинг майин ифори.

Яна ўқинг:  Ҳар кунимиз қалбимизни ҳаприқтиради

Шунингдек, шоир барча замонларда ҳам чин инсон бўлиб қолиш нечоғли мураккаблиги, ҳурлик, ўлим ҳақида сезгир ва таъсирли фикрлайди, қалб буюклигига ишора қилади.

Ўлимга-ку минг бор розиман,

Нима қилай, ўлмайди бу қалб.

Салим Ашур давримизнинг эътиборли ижодкорлари – Чори Аваз, Акмал Нур, Зебо Мирзаева ва жаҳон тан олган Сергей Есенин ҳақида шеърлар ёзар экан, уларнинг ички оламига чуқур сизиб киради, ҳар бир сезимлари ва ҳаёт тамойилларини ўз вужуди ўтказгичи орқали идроклайди. Салоҳияти шахсларнинг яратувчанлик қудратини яққол кўрсатиб беришга қарор қилади. Жумладан, Сергей Есенин тилидан шундай ёзади:

Йигирма беш ёшда дунёни – мана

Шу дунёни ўзим бердим-ку қуриб.

Мен сизларга Ватан топиб бергандим,

Сизлар эса менга бердингиз фириб.

Салим Ашурнинг ёниқ ва ўтли қалами остида бахт, соғинч, она, умид, тақдир-пешона, таскин, фироқ, ҳасрат, нур, соя, саодат, оқшом, тонг, қабр, меҳр ва хиёнат тушунчалари бутунлай ўзига хос таъриф-кўринишда акс этади, китобхонни ўйлашга ва мушоҳадага чорлайди.

Китоб ишқдан сармаст ошиқ аҳлига, муҳаббат дардига мубтало ҳар бир севган юрак соҳибу соҳибасига манзур бўлади, инсонга тахайюл нигоҳи билан қарашга ундайди.

Абдулазиз Ҳасан

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: