Оқчилнинг олдини олиш мумкинми?

ёки кандидозни фақат замбуруғлар чақиради

 

Бахтга қарши кўпгина хотин – қизлар ушбу муаммога дуч келишган. Баъзан хасталик ўз вақтида даволанмаса, ойлаб давом этиши мумкин. Дард чеккан одамнинг ҳоли ўзингизга маълум. Унинг ишга ҳам иштиёқи суст бўлади. Ҳаётга қизиқиши камаяди. Хасталикнинг енгиш учун қайта – қайта дори воситаларини қўллашга мажбурдир.

 

Касаллик қўзғатувчиси

Ушбу дард илмий тилда кандидоз деб номланади. Омма орасида касаллик туфайли қиндан оқиш, творогсимон ажралма келиши сабабли у оқчил дея аталади. Хасталикни Candida albicans номли замбуруғлар келтириб чиқаради.

 

Хасталик сабаблари

Оқчилнинг ривожланишига кўпгина салбий омиллар сабаб бўлади. Яъни, антибактериал дори воситаларини қабул қилиш сабабли иммунитетнинг сусайиши, моддалар алмашинувининг бузилиши, нотўғри ва сифатсиз овқатланиш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш учун нотўғри танланган гормонал дори воситаларини қўллаш, эндокрин тизими касалликлари, тор, сунъий толали ич кийимларни кийиш, шунингдек, ҳайз даврида гигиеник воситаларни нотўғри ишлатиш ҳам кандидозга замин яратади.

 

Дарднинг белгилари

Кандидознинг ўзига хос клиник белгилари мавжуд. Бу белгиларга қараб шифокор тезгина тўғри ташхис қўяди. Айрим ҳолатларда хотин – қизларнинг ўзлари ҳам уларни нима безовта қилаётганини англаб етишади. Ўзбилармонлик билан ўз – ўзини даволашни бошлаб юборадилар.

Оқчил учун қуйидаги клиник белгилар хос. Яъни, юқорида таъкидланган хасталик белгисидан ташқари қин соҳасида қичишиш ва ачишиш ҳисси ҳам кузатилади. Бемор аёлни заҳартанг қилиб, пешоб чиқарганида ва жинсий алоқа пайти оғриқ ва нохуш сезги безовта қилади. Шунингдек, хаста ожиз жинс вакилаларини ёмон ҳид тинчини бузади. У ўз вақтида чўмилиб, хушбўй гигиеник воситалардан фойдаланса ҳам токи, дардни даволатмагунча нохуш ҳиддан қутилмайди.

Агар касаллик яширин кечаётган бўлса хасталикнинг баъзи клиник белгиларигина беморни безовта қилиши мумкин. Бундай ҳолатда фақатгина тажрибали ва малакали мутахассис касал аёлни тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб, унга тўғри ташхис қўйиши мумкин. Ундан сўнггина дардманга зарур муолажалар тавсия этилади. Кандидоз кўпгина яширин ва хавфли жинсий йўл билан юқувчи касалликлар билан бирга кечиши мумкин. Бундай ҳолатда фақатгина мутахассис шифокор кўмагига таяниш зарур.

 

Кандидознинг оқибатлари

Агар бемор ўз вақтида гинекологга мурожаат этса ва унинг тавсияларига барвақт амал қилса, хасталик сурункали тус олмайди. Чунки ҳозирги замонавий дори воситалари кандидозни даволашда юқори самарага эга. Ҳамда уларнинг зарарли таъсири камроқ. Мабодо касал аёл дардини яшириб, ўз билганича даволанса унинг асорати ёмон ва жиддий оқибатларга олиб келади. Статистик маълумотларга кўра хасталикнинг сурункали кечишида 70 фоиз ҳолатларда бирорта асорат қолади. Улар қуйидагича:

Яна ўқинг:  1 апрелдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси пулларини тўлашнинг янги механизми ишга тушади

Кичик чаноқ аъзоларидаги битишмалар, ушбу битишмалар оқибатида бачадон найларининг тутилиши. Бепуштлик – ушбу найлар битиб қолиш оқибатида ёки тухумдонларнинг шикастланиши сабабли юзага келади. Организмда иммунитетнинг пасайиб кетиши натижасида вужуд турли юқумли касалликларга берилувчан бўлади. Агар аёл ҳомиладор бўлса замбуруғлар ҳомилани ҳам зарарлаши мумкин. Шунингдек, ушбу хасталик кичик чаноқдаги бошқа аъзолар (қовуқ, тўғри ичак)ни шикастлайди. Касаллик қўзғатувчи кандидаларнинг қонга тушиши сабабли кандидозли сепсис хасталиги ривожланади.

 

Давоси

Мабодо дардга чалинган аёлда хасталик енгил кечаётган бўлса ҳамда у ўз вақтида мутахассис шифокорга мурожаат этса, албатта тезроқ оёққа туриб кетади. Бундай ҳолатларда гинеколог беморга маҳаллий таъсир этувчи дори воситаларини қўллашни буюради. Улар крем, ҳапдорилар ёки қинга қўйиладиган шамчалар бўлиши мумкин. Ушбу дори – дармонлар хасталик ўчоғига тез таъсир кўрсатиб, даво муолажалари самарасини оширади. Айрим препаратлар юқумли бактериялар фаолиятига бир неча кунда тез ва ҳалокатли таъсир кўрсатади. Баъзи дори воситаларининг таъсири ҳафта охирига бориб билинади. Замбуруғларга қарши препаратларнинг салбий оқибатларига қин дисбактерозининг ривожланиши ҳамда уларнинг буйраклар ва жигарга ёмон таъсир этиши киради. Ҳар қандай дори – дармонларни шифокор тавсиясиз ҳамда пала – партиш ичиш албатта, фақат танамизга кучли зарар етказади. Шу сабабли ҳамиша мутахассисга мурожаат этиш фақат фойдадан холи эмас.

 

Парҳез

Оқчилни даволаш даврида албатта, бемор парҳезга риоя этиши зарур. Таркибида кўп миқдорда шакар бўлган озиқ – овқат маҳсулотларини хастанинг таомномасидан чиқариб ташлаш керак.

Ширин мева-чевалар ҳамда шарбатлар, шунингдек, оқ нон, макарон, ун маҳсулотларини истеъмол қилиш хастага тавсия этилмайди.

Чунки уларнинг таркибидаги крахмал организмда глюкоза даражасида қайта ишланади. Бу модда эса бактериялар учун озуқа муҳити ҳисобланади. Шунингдек, хамиртуриш солинган ҳар қандай маҳсулотларни ҳам бемор тановул қилмаслиги керак. Сабаби улар фақат замбуруғларнинг кўпайишига шароит яратади.

 

Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий – амалий тиббиёт маркази илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Замира ХАЛИТОВА тавсиялари асосида Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: