Ўт-тош касаллигини жарроҳлик амалиётисиз даволаса бўладими?

Инсон танасида барча аъзоларнинг ўз ўрни, ҳаётий вазифаси бор.
Аммо ўт-тош касалликлари билан оғриган кишиларнинг «ўт пуфагимни олдириб ташлагачгина, дарддан халос бўлдим», деган сўзларини кўп эшитамиз.

Хўш, чиндан ҳам шундайми? Агар ўт пуфаги тошга қўшиб олиб ташланса, бу ҳолат бемор саломатлигига қандай таъсир этади?
Айтиш жоизки, ўнг қовурға остидаги оғирлик, оғизда аччиқ таъм сезиш, кўнгил айниши ўт пуфагида тош борлигидан огоҳ этувчи энг асосий белгилардир. Баъзида тош ўт қопидан чиқиб, сафро йўлида туриб қолса, бу хуружга олиб келиши ҳам мумкин. Яъни ўнг қовурға ости ёки қориннинг юқори қисмида, шунингдек ўнг елка, қўл ёки куракда қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Бундай вазиятда оғизда аччиқлик кучайиб, кўнгил айнийди.
Ўт пуфагини даволаш усулини танлаш клиник белгилар ва тиббий таҳлил натижаларига боғлиқ. Беморга жарроҳлик муолажаси зарур ёки касалликни бартараф этиш учун литолитик усуллар етарли эканини фақат шифокор ҳал қилади.


Ушбу хасталикни жарроҳлик амалиётисиз даволаш мумкин, албатта. Бунинг учун ўт пуфагидаги тошлар ҳажми 1 см.дан кам бўлиши лозим. Ана шунда ўт пуфаги ва унинг каналларини сақлаб қолиш мумкин. Бунинг учун махсус дори препаратлари ва тошларни махсус муолажа ёрдамида парчалаш усули қўлланилади.

Бу каби даво йўли фақат кичик ҳажмли тошларнигина эритиб юборади, холос. Қолаверса, сафро таркибини меъёрлаштиради. Ушбу муаммони жарроҳлик амалиёти орқали бартараф этишда тошлар ўт пуфаги билан бирга олиб ташланади.

Операцияга эса қуйидаги ҳолларда мурожаат қилинади:
– агар тошлар ҳажман катта ва ўт пуфагининг аксарият қисмини эгаллаган бўлса;
– кўп марталик хуружлар юз берса;
– ўт пуфаги ўз вазифасини бажара олмаса;
– даволаш чоралари наф бермаса.


Бугунги кунда юртимизда ўтдаги тошни олиб ташлашнинг бир неча жарроҳлик усулларидан фойдаланилади. Булардан бири ушбу аъзони анъанавий йўл билан операция қилишдир. Аммо мазкур чора юқори даражали шикастланиш ва хавфли асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, узоқ реабилитация даврини талаб қилгани сабабли ҳозир камдан-кам ҳоллардагина шифокорлар ушбу усулга мурожаат қилади.


Иккинчиси, лапароскопик холецистэктомиядир. Бунда махсус эндоскопик аппаратдан фойдаланиб, ўт пуфаги олиб ташланади. Учинчиси, лапароскопик холецистолитотомия. Бунда ўт пуфагидаги тошлар олинади, аммо аъзонинг ўзи сақлаб қолинади. Айни пайтда сўнгги усуллар юртимиз тиббиётида кенг қўлланилмоқда.

Махсуд НИШОНОВ,
тиббиёт фанлари номзоди

Яна ўқинг:  ЖАРОҲАТЛАР УЛЬТРАТОВУШ ЁРДАМИДА ТЕЗРОҚ БИТАДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: