Ҳамкорлик лойиҳалари амалда:

мурувват ёрдамлари топширилди

Юртимизда соғлом ва баркамол авлод тарбияси йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар кўлами кун сайин кенгайиб бормоқда. Бу борада ҳукуматга қарашли бўлмаган «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ҳам кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.

Ушбу жамғарма республикамиздаги тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, «Меҳрибонлик», «Мурувват», «Саховат» уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш учун дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечаклар, озиқ-овқатлар, ногиронлик аравачалари, спорт инвентарларидан иборат мурувват ёрдамларини топшириб келмоқда.

Мазкур хайрли ишларни давом эттириш мақсадида жамғарма хал­қаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасига халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан кўплаб мурувват ёрдамлари келтирилмоқда. Ушбу мурувват ёрдамлари жамғарманинг минтақавий филиаллари, ҳудудий соғ­лиқни сақлаш бошқармалари орқали республикамиздаги тиббий ва махсус болалар муассасаларига тақдим этилаяпти.

Куни кеча «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасида бўлиб ўтган тадбир ҳам USAID халқаро ташкилотининг «Тинчлик йўлидаги озиқ-овқат ёрдами» дастури доирасида АҚШнинг «Resource and Policy Exchange» халқаро ташкилоти томонидан келтирилган, умумий қиймати 306 317 АҚШ долларига тенг бўлган 112,5 тонна, витаминлар билан бойитилган, қуритилган сабзавотли маҳсулот тақдимотига бағишланди. Мазкур халқаро ташкилот билан 2009 йилдан буён ҳамкорлик доирасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда. Ўтган йили ушбу ташкилот тамонидан қабул қилинган умумий қиймати 186119.07 АҚШ долларига тенг бўлган 75 тонна, витаминлар билан бойитилган қуритилган сабзавотли маҳсулотлар 70 дан ортиқ тиббий ва ижтимоий муассасаларга топширилган эди. Айни вақтда қабул қилинган мурувват юки жамғарма ва унинг минтақавий филиаллари ҳамда соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари орқали республикамиздаги 100 дан ортиқ тиббий ва ижтимоий муассасаларга ҳамда кам таъминланган, имконияти чекланган фуқароларга топширилади.

Тақдимот маросимида ҳукуматга қарашли бўлмаган «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси С.Инамова сўзга чиқиб «Жамғарма ўз мурувват йўналиши доирасида хайрия тадбирларини амалга оширишда АҚШнинг «Ameri Сares», «TOMC SHOES», «Resource and Policy Exchange», Германиянинг «Friedensdorf International» ва бошқа халқаро хайрия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мазкур ҳамкор халқаро хайрия ташкилотлари томонидан 35 маротабадан ортиқ дори-дармон, тиббий жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари, озиқ-овқатлар келтирилиб республикамиз тиббий муассасалари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, «Меҳрибонлик», «Мурувват», «Саховат» уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари учун тарқатилди», – дея таъкидлаб ўтди.

Яна ўқинг:  Талабаларимизнинг дастлабки медаллари

Шунингдек, тақдимот маросимида сўзга чиққанлар кўрсатилаётган беминнат кўмак учун ҳомийларга ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.

Ж.ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: