Ўзбекистон педиатрияси: ечимини топган муаммолар ва ривожланиш истиқболлари
Миллат генофондини яхшилаш, саломатлик кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартириш она ва бола саломатлиги муҳофазасидан бошланади. Бу тиббиётнинг ўзгармас қонунидир. Шу нуқтаи назардан оналик ва болалик муҳофазаси ҳамиша Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътибор марказида бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида “Ўзбекистон ҳудудларида болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва истиқболлари. Педиатрияда инновацион масалалар” мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий конференцияси фикримизнинг яққол далилидир. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 250 нафардан ортиқ мутахассис иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг республикада соғлиқни сақлаш тизими муаммоларини бартараф этиш ва ривожланиш истиқболларига йўналтирилган топшириқлари ижроси, болаларга кўрсатилаётан тиббий ёрдамни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг амалий натижалари, тизимда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ва истиқболли режалар таҳлил қилинди.
Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят, туман миқёсидаги тиббиёт муассасалари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш учун, вертикал бошқарув сифатини ошириш ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий хизматни мувофиқлаштириш учун Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари Ҳудудлараро болалар кўптармоқли тиббиёт марказлари (БКТТМ) деб белгиланди. Ушбу БКТТМларни алоҳида марказлар сифатида ажратилиши, энг аввало, бу ҳудудларда олий ўқув юртларининг мавжудлиги, шунингдек, марказларнинг ташкилий ва кадрлар потенциали асос бўлди. Болаларга тиббий ёрдамни ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши тузилди.
Ҳудудлараро марказ олий тиббий ўқув юртлари билан биргаликда бириктирилган БКТТМлар фаолиятини мувофиқлаштириб, ушбу ҳудудларда барча ёрдам кўрсатиш босқичларида болаларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлайди.
Ҳудудий тиббиёт муассасаларига амалий ёрдам кўрсатиш режаси асосида Марказ мутахассислари ўндан ортиқ ҳудудлараро болалар кўптармоқли тиббиёт марказлари, 150 га яқин туман/шаҳар тиббиёт марказлари, 90 га яқин ҚВП/ОПларга амалий ёрдам кўрсатди. Қувонарлиси, ушбу тадбирлар доирасида асосий эътибор узоқ ва чекка ҳудудларда жойлашган тиббиёт муассасаларига қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг ихтисослаштирилган ёрдамни вилоятларга янада яқинлаштириш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида 70 га яқин семинар ва маърузалар ўтказилди ва уларда 3 минг 200 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари қатнашди. Ҳудудий ВБККТМнинг мутахассислари Россия, АҚШ, Германия, Беларусь, Корея Республикаси, Литванинг йирик клиникаларида малака оширдилар. Марказ ва ҳудудий ВБКТТМлари мутахассислари учун Марказда Германия, Россия, Литва, АҚШнинг етакчи мутахассислари томонидан семинар, кўргазмали жарроҳлик амалиётлари ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда 2014–2018 йилларда оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини амалга оширишда эришилган ютуқлар билан бирга, республикадаги болалар саломатлиги кўрсаткичлари, оналар, болалар ва гўдаклар ўлими даражаси, биринчи навбатда, болалар касалликларини даволаш ва диагностикаси бўйича замонавий технологияларни жорий қилиш, аёллар ва болалар патронаж тизимини такомиллаштириш, шунингдек, кадрлар билан таъминланиш ва уларнинг потенциалини ошириш масалаларини яхшилаш ва қўшимча табдирларни ишлаб чиқиш зарурлиги масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбирда бирламчи бўғин ва ихтисослаштирилган тиббий хизматнинг ўзаро ҳамкорлиги натижалари бўйича ҳам маълумот берилди. Дарҳақиқат, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича ўринбосари лавозимининг жорий этилишида ҳам айни шу мақсад кўзланган. Шунингдек, болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия каби наслий касалликларга чақалоқларни оммавий (95 фоиз қамровли) скрининг текширувларини ўтказиш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Маълумки, қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг ишлаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Ҳозирда эҳтиёж ўрганилган ҳолда штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётганлиги оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириши, шубҳасиз.
Конференциянинг яна бир йўналиши педиатрияда инновацион масалаларига бағишланди. Болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни барча тармоқларида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни татбиқ этиш натижалари ва уларни болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишдаги аҳамияти кўриб чиқилди. Гепатология маркази фаолиятининг илмий ютуқлари, болаларга кўрсатилаётган амбулатор-поликлиника хизматининг ривожланиш истиқболлари, Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларида тиббий хизматни яхшилашдаги истиқболлар, эрта неонатал даврда чақалоқларнинг критик ҳолатларида тиббий ёрдам кўрсатиш, эрта ёшдаги болаларда респиратор касалликлар, болаларда меъда ичак тизими, юрак қон-томир тизими касалликлари, сурункали жигар касалликлари, ЛОР касалликлари, болалар юқумли касалликларини замонавий муаммолари ҳамда болалар ва ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш истиқболлари ёритиб берилди.
Хуршида ҲУСЕНОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири