Болаларга зиён етказманг
Гўдак дунёга келишининг ўзи бир мўъжиза. Яратган кимгадир фарзанд аталмиш улуғ неъматни ато этса, яна кимдир бу бахтдан мосуво.
Жажжи ўғил-қизингизнинг беғубор ҳаракатларини кузатаркансиз, қалбингизда чексиз шукроналик туйғусини туясиз. Уларнинг келажагини ўйлаб, ширин орзуларга бериласиз.
Орамизда бундай бахтнинг қадрига етмаётган, ўз боласини турли ёмон сўзлар билан хақоратлаб, ҳатто, вояга етмаган фарзандини калтаклаш даражасига бораётган ота-оналарнинг борлиги ачинарли, албатта. Улар ўзларининг бу ҳаракатлари билан фарзандига нимани тушунтирмоқчи экан, деб ўйлаб қоласан, киши. Ахир психологлар болага фақат яхши муомалада бўлиш зарурлигини уқтиришади-ку! Кексаларимиз ҳам “Меҳр кўрсатсанг, меҳр кўрасан”, деб бежиз айтишмаган.
Шукурки, юртимизда бола ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандларини тарбиялаш, уларга таълим бериш, моддий таъминлашга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Хусусан, ушбу кодекснинг 96-моддасига биноан бу мажбуриятларни ихтиёрий равишда бажармаган ота(она)дан суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши белгиланган. Шундай экан ҳар бир ота ёки она фарзандига зарар етказишдан олдин унинг келажаги хақида ўйлаши зарур. Шунингдек, Оила кодексида ота-оналик мажбуриятлари маълум даражада бажармаганлик ёки умуман бажармаганлик учун ҳуқуқий санкциялар: ота-оналик Ҳуқуқидан маҳрум қилиш, ота-оналик хуқуқини чеклаш, фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш, алиментни суд тартибида ундириш кабилар белгиланган. Қолаверса, Бош Қомусимизда ҳам ота-оналарнинг фарзанд олдидаги мажбуриятлари белгилаб қўйилган.
Давлатимиз вояга етмаган болалар ҳақида қайғуради ва уларнинг келажак ҳаётини муносиб таъминлаб, ҳимоя қилади. Шундай экан уларнинг митти жонларига озор бериб, келажакда феъл-атворининг нотўғри шаклланишига сабабчи бўлманг. Бу билан барча ота-оналарни айбламоқчи эмасмиз. Лекин, орамизда оилавий муҳит сабаб фарзандлар тарбияси ҳақида ўйлаб кўрмаётган инсонлар борлиги ҳеч кимга сир эмас.
– Болалар феъл-атвори турлича бўлиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида муомалада бўлиш лозим. Баъзилари дўқ-пўписани кўтара олмаса, айримлари вақт ўтиши билан бу қўпол муомалани эсдан чиқаради. Аммо, қаттиқ гапни кўтара олмайдиган болага калтак билан зарар етказсангиз, бу унинг ёдида бир умр сақланиб қолади. Мазкур ҳолат такрорланавергач эса бола психологияси зарарланиб, вояга етганида ундан яхши инсон чиқиши даргумон, – дейди болалар психологи Дилноза Авазова.
Нуроний отахон-у онахонлар оила қурган ёшларни “Серфарзанд ва сердавлат бўлинглар”, – дея дуо қилади. Зеро, фарзандларни илмли, ҳунарли, жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар этиб тарбиялаш, кексайган чоғида уларнинг роҳатини кўриш инсон учун улуғ саодатдир. Аммо, ҳаётда дилбандлари келажагини ўйламай, оила деган муқаддас даргоҳни вайрон қилаётганлар ҳам учраб турибди.
Тилагимиз, фарзандингизга меҳр беринг. Меҳр кўрмаган болаларингизни меҳрсизлар қўлига топшириб, уларни тошбағир инсон бўлиб қолишига йўл қўйманг. Тарбияда адашманг, аввало, ўзингизни тарбияланг. Фарзандингиз сизнинг аксингиз эканини асло унутманг!
Ҳуқуқшунос Воҳиджон ТОПИЛДИЕВ тавсиялари асосида
Чарос ХУШВАҚТОВА тайёрлади.