“МАШЪАЛ” – дилга яқин тўлқин

Эрталаб ишга отланар эканман, кундалик янгиликларни эшитиш мақсадида радионинг қулоғини бураётган онам: – Шу радио дегани жуда яхши нарса-да, зерикмайсан. – Баъзан, соғинган санъаткорларнинг овозини эшитганингда қалбинг қувончга тўлади. Айниқса, Комилжон Отаниёзов, Назира Юсупова, Султонпошша Раҳимова, Отажон Худойшукуровлардек эл суйган ҳофизларнинг қўшиқлари дилга ҳузур бахш этади, – дея хурсанд бўлиб гапирдилар.

Ҳақиқатдан ҳам баъзи пайтларда радиобошловчиларнинг овозидаги сокинлик ва самимийлик кўнглингизнинг туб-тубларигача етиб бориб сизга таниш бўлган олис ва ширин хотираларни қайта жонлантиради. Ундаги бошловчининг овози сиз учун дунёдаги энг қадрдон овоздек туюлади.

Радиотўлқинлар орасида барчанинг ўзига ёққан, севиб тинглайдиганлари бўлади. Узоқ йиллардан бери миллий қадриятлар ва замонавийликни ўзида уйғунлаштириб келаётган «Машъал» радиоканали ҳам ана шундай радиолар сирасига киради, десам муболаға бўлмайди.

Мазкур радио орқали эфирга узатиладиган «Шифокор минбари», «Соғлом оила – келажак пойдевори», «Автоолам», «Қадрият»,»Барҳаёт қўшиқлар» «Замонамиз қаҳрамонлари», «Ҳамма учун» ва бошқа қатор эшиттиришлар орқали кундалик ҳаётда рўй бераётган янгиликлардан бохабар бўлиш билан бирга, саломатлигимизга оид янгиликлар, фойдали маслаҳатлар билан ҳам танишиб борамиз. Ана шу радиоканалнинг устоз журналистларидан катта мухбир Хабибулло ака Юнусов, Шоира Магдиева, Малоҳат Элтазарова, Моҳичеҳра Тўлаганова, Шаҳзода Жўраева, Шерзод Худойбердиев, Дилдора Матёқубова, Омонбой Давлатов ва бошқа қатор жонкуяр ходимларнинг меҳнати самараси ўлароқ, биз радио орқали мазмунли эшиттиришларни тинглаймиз.

Бугунги кунда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, озодалик саломатлик гарови эканини ёшларга тушунтириш ёш йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш долзарб масалалардан биридир. «Машъал» радиоканали катта муҳаррири Шоира опа Магдиеванинг «Шифокор минбари», «Соғ­лом оила – келажак пойдевори», «Спорт – саодатим» мавзулардаги эшиттиришлари аҳолининг репродуктив саломатлигини шакллантириш, қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадига қаратилган.

Шоира Магдиева билан бўлган суҳбат орқали биз ана шу эшиттиришлар мавзуси билан танишдик. Яқинда тингловчиларнинг талабларига кўра эфирга узатилган «Шифокор минбари» эшиттиришида Республика Онкология илмий марказининг малакали ва тажрибали мутахассислари, олимлар Наргиза Йўлдошева, Баҳром Юсупов, Абдувоҳид Ходжаевлар иштирок этиб, онкологик касалликлар, кўкрак бези саратони, бош ва бўйин соҳаси ўсма касалликлари тўғрисида тингловчиларга керакли маслаҳатларни беришди.

Яна ўқинг:  Кичкинтойларнинг катта мусобақаси

«Соғлом оила – келажак пойдевори» эшиттириши бир ойда икки марта, ҳафтанинг жума кунлари соат 15:10да эфирга узатилади. Мазкур эшиттиришнинг навбатдаги сони 26 июнь – халқаро гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишланади. Оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга доир бу галги эшиттиришда Шайхонтоҳур тумани, «Янгиобод» маҳалласи оқсоқолининг Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Саодат Зуфарова билан суҳбат ўтказилади.

Патронаж хизматининг афзалликлари «Обод турмуш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қатор эшиттиришлар ташкил этилган. Жумладан «Обод маҳалла» эшиттириши ана шу йўналишда ташкил қилинган дастурлардан биридир. Республика Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси, Республика «Оила» илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда тайёрланиб, бир ойда бир марта эфирга узатиладиган мазкур эшиттиришда Қорақалпоғис­тон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар билан телефон орқали боғланиб маҳаллалардаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида сўз боради. Ҳамкасблари Шоира опа ҳақида тўлқинланиб гапиришади. «Хабарлар» ахборот дастури муҳарририяти бўлим раҳбари Яҳё Набиев опанинг меҳнатсевар, тиниб-тинчимаслиги ва самимийлиги ҳақида фикр билдириб шундай деди: – Шоира опа қўлдан келганча ўзгаларга ёрдам беришни канда қилмайди. Ҳамкасбларига соғ­лиқни сақлаш йўналишида барча керакли маслаҳатларини беради. Кўп йиллик меҳнатлари инобатга олиниб, Шоира опа Магдиева «Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги» кўкрак нишони, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ўтказилган танловда совриндор бўлган. 2012 йилда «Мулоҳаза учун мавзу» эшиттириши учун рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлди. Тошкент шаҳри бўйича хотин-қизлар ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритгани учун «Энг улуғ, энг азиз» Республика кўрик-танлови ғолиби бўлган.

«Машъал» радиоканали катта муҳаррири Шоира Магдиева шу канал радио тўлқинларга узатила бошлаган даврдан буён фаолият олиб боради. Эндигина мактабни битирган ёш қиз матн кўчирувчи бўлиб иш бошлаган эди. Кейин Ўзбекистон Миллий университети (аввалги Тошкент давлат университети)нинг сиртқи бўлим талабаси бўлди. У оила, иш ва ўқишни биргаликда олиб борди. Кетма-кет фарзандлари Нилуфар, Ботиржон, Зулфияхонлар дунёга келганида қайнонаси ва турмуш ўртоғи Баҳодир ака Магдиевлар Шоира опани қўллаб-қувватладилар, унга яқин кўмакчи бўлдилар. Бугунги кунда уч нафар ширингина набираларнинг севимли бувижони ва буважони бўлган Шоира опа ва Баҳодир акалар фарзандлар роҳатини кўришмоқда. Шоира опа келини Дурдонахонга ҳам қайнона, ҳам устоз. Чунки Дурдонахон ҳам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетининг 4-босқичида таҳсил олади. Радио материалларини тайёрлаб, эфирга узатиш йўл-йўриқларини астойдил ўзлаштираётган Дурдонахон ҳам опадаги самимийлик, меҳнатсеварлик ва бағрикенглик хислатлари ҳақида фахр билан гапирди.

Яна ўқинг:  Кийимим покиза бўлсин, десангиз...

Ҳа, ҳаёт улкан ибрат мактабидир. Шоира­ опа ўз инсоний фазилатлари билан нафақат фарзандларига, балки шогирдларига ҳам ўрнак бўлиб яшамоқда.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: