Онгни фақат мия бошқарадими?

ХХ асрнинг ўрталаригача одам организмини ўрганиш билан шуғулланувчи мутахассис олимларнинг барчаси бош мия (аниқроғи, бош мия суюқлиги) фикрлаш, хотирлаш жараёнларининг асосий манбаи эканига ҳеч бир шубҳа қилмаганлар. Бироқ, айрим ҳаётий далиллар олимларнинг ақлини шошириб қўйди.

АҚЛ-ҲУШДАН АЙРИЛГАН ОДАМЛАР

ХХ асрнинг бошларида «Табиат ва одамлар» деб номланган журналнинг саҳифаларида А.Буке деган мутахассис олим томонидан илм-фан оламини ларзага солган ғаройиб фактга бағишланган илмий мақола чоп этилган. Мақола муаллифининг эътироф этишича, одамда фикрлаш ва хотирлаш каби ақлий-психологик ҳодисалар кечиши учун бош мия энг муҳим бўлган омиллардан эмас экан. Ўз фикрини далиллаш учун Буке қу­йидаги воқеани мисол қилиб келтирган:

«XYI асрларда Голландияда яшаб ўтган ўрта асрлар шифокори Лузитанус қолдирган ёзма манбаларда келтирилишича, унинг кўригига жиддий жароҳат олган ўн ёшлар чамасидаги болакайни олиб келишади. Бемор бош миясининг орқа қисмига рапира (қиличбозликда қўлланиладиган чор қиррали қурол) воситасида жиддий жароҳат етказилган экан. Етказилган жароҳатни кузатган шифокорнинг таърифлашича, бош миянинг жароҳатланган қисмида калла суяклари майдаланиб кетган, бош мия пардаси йиртилган ва жароҳатдан мия суюқлиги сизиб оқиб турган.» Энг ажабланарлиси шуки, шундай оғир жароҳат олишига қарамай болакай тирик қолган. Олинган жароҳати билан бола яна уч йил давомида яшайди. Аммо, организм етказилган жароҳатнинг ўрнини тўлдириш (даволаш) мақсадида айнан шу ерга кўп миқдорда ҳаётий куч-қувватга тўлиқ суюқликни юбориб тургани боис болакайда истис­қо (организм тўқималари, бўшлиқ ёки аъзоларида ортиқча суюқликнинг йиғилиши) ривожланган ва бемор тез орада нобуд бўлган. Патологоанатомлар бундай ғаройиб ҳодисанинг клиник хусусиятларини ўрганиш мақсадида болакайнинг бош миясини очиб кўрганларида беморнинг бош мияси бутунлай йўқ эканлигига шоҳид бўладилар.

Юқоридаги ҳодисага ўхшаш яна бир воқелик таърифини жазоирлик доктор Дето ва унинг ёрдамчиси Браклар келтиришади. Кунларнинг бирида уларнинг ҳузурига консультация учун бир бемор киши келади. Шифокорлар беморни кўздан кечирганида унинг бош соҳасида, аниқроқ қилиб айтганда, чап қошининг устки қисмида калла суяклари майдаланиб кетгани маълум бўлади. Бундай жароҳат кундалик юмушда учраб туради, баъзи бир муолажалар қилинса ҳаммаси битиб кетади деган ўй-фикр билан шифокорлар беморга тиббий ёрдам кўрсатиб, вақти-вақти билан унга тиббий кўрикдан ўтиш учун келиб туришини тайинлашади ва уйига жўнатиб юборишади. Дарҳақиқат, маълум фурсат ўтгач бемор соғайиб кундалик ҳаёт юмушларига овора бўлиб кетади. Шифокорлар беморнинг сиҳат-саломатлигидан ортиқча хавотирланиш учун асос йўқ деган бир пайтда шикаст олган одам тўсатдан ҳаётдан кўз юмади. Шифокорлар одатдагидек, беморнинг танасини очиб кузатишади. Не кўз билан қарашсаки, беморнинг бош мияси пешона қисмида жуда катта йиринг ўчоғи бор экан. Тахминан уч ой мобайнида ривожланган патологик жараён беморнинг бош миясининг олтидан бир қисмини емириб улгурган экан.

Яна ўқинг:  Китоб – офтоб: офтобни чақага пуллаётганлар

Юқорида таърифи келтирилган воқеаларга ўхшаш яна бир ҳодиса Париждаги Фанлар Академиясининг аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Робинсоннинг рефератида баён этилган. Тан жароҳатидан шикоят қилиб шифокор ҳузурига 60 ёшлар чамасидаги одам келади. Шифокор калла суягининг орқа томонида учи ўткир қурол воситасида бош мияга шикаст етказилганини аниқлайди. Қизиғи шундаки, жароҳат олган кимса бир ой давомида ҳеч нарса бўлмаганидек ҳаёт кечиришда давом этаверган. Бир ойдан сўнг бемор кўзлари хиралашиб бораётганини пайқаган. Бироқ? ортиқча ҳеч қандай аломатлар кузатилмаган. Бемор эпилепсия (тутқаноқ)нинг галдаги хуружи вақтида тўсатдан вафот этади. Шифокорлар беморни ёриб кўришганида унинг бош мияси йиринглаш жараёнлари ривожлангани боис бутунлай емирилиб улгурган экан. Фақатгина бош мия­нинг дарахт баргича келадиган юпқаликдаги қисми саломат эканлиги маълум бўлади. Тасаввур қилинг, бемор бир ойдан ортиқроқ вақт давомида бош миясиз ҳаёт кечирган.

Таъкидлашимиз жоизки, бундай ғаройиб ҳодисалар бизнинг давримизда ҳам учраб турибди. 1978 йилда Подмосковьедаги илмий муассасаларнинг бирида жуда муҳим илмий изланишлар олиб борилаётган бир пайтда ускуна ишдан чиқади. Носозликни физик олим Анатолий Бугорский бартараф этишга киришади. Аммо кутилмаганда бахтсиз ҳодиса юз бериб олимнинг бош мия соҳасига 70 млрд. электронвольт кучига эга бўлган протонлар тутами таъсир қилади. Бу 200 минг рентгенга тенг эди. Мутахассисларнинг айтишича, бундай кучли нурланиш таъсирида одамнинг мияси шу заҳоти куйиб кетиши лозим бўлган, бироқ, олим тирик қолади. Энг ажабланарлиси шуки, Анатолий нафақат яшашда давом этган балки, иш фаолиятини давом эттираверган. Ҳар ҳолда бўлиб ўтган нохуш ҳодиса ўзидан кейин маълум излар қолдирган. Анатолий Бугорскийнинг бош ва юз соҳасида иккита битиб кетмаган яра ўрни сақланиб қолган.

Шу ўринда бир савол туғилади, одам ҳаёти учун жуда зарур деб ҳисобланган бош мияга жиддий зиён етказилишига қарамай нима сабабдан одамлар маълум вақт давомида яшайверган. Эҳтимол бунинг сабаби бош миянинг функционал вазифаларини қандайдир бошқа аъзолар бажариб турганлигидадир?.

ОДАМ ЮРАГИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

Одам организмида юрак фақатгина қон айланишини таъминловчи восита (насос) вазифасинигина бажармаслиги ҳақида жиддий фикр юритган олимлардан бири россиялик физиолог Иван Павлов эди. Олимнинг таъкидлашича, қадимги юнонистонликлар «юрак» деганда одам ҳаёти учун муҳим саналган аъзонигина эмас, балки моддий аъзолар ёрдамида ҳис этиб бўлмайдиган қалбни, ақлий жараёнларни ҳам назарда тутишган. Ўз фикрини давом эттирар экан, бу беҳуда гап эмас дейди, буюк олим, «зотан юқорида айтиб ўтилган барча психик жараёнларнинг замирида ўзига хос физиологик жараёнлар ётади. Таъбир жоиз бўлса айтишимиз мумкинки, одам юраги функционал жиҳатдан тўғри ишлаб турса, бу оқибатда одамга нафақат жисмоний балки, қайсидир маънода маънавий ором бахш этади. Одам юрагининг жисмоний жиҳатдан бардамлиги ва тетиклиги кўп жиҳатдан маънавий барқарорликка алоқадордир».

Яна ўқинг:  Майманоқ бодомлари

Орадан узоқ йилар ўтгач буюк физиолог олимнинг фикрларини назарий жиҳатдан америкалик физиологлар Глен Дэвидсон ва Лестер Вертенлар яна бир бора тасдиқлаб беришди. Америкалик мутахассисларнинг олиб борган илмий изланишлари натижасига кўра одам юраги тўқималаридаги асаб толалари психологик муҳит орқали одам онгига таъсир кўрсатувчи барча жараёнларни ҳис этиш ҳамда қайсидир маънода «идрок қилиш»га мослашган экан. Одам юрагининг бундай ғаройиб хусусияти ҳақида шоирлар ва ёзувчилар яхши билишган. Ахир одам қалби айнан юрак соҳасида деб бежизга айтмайдилар.

БУТУН ВУЖУДИМИЗ ФИКРЛАЙДИ

ХХ асрнинг бошларида инглиз олими Жон Ньюпорт Ленгли олиб борган илмий тадқиқотлар одамнинг меъдаси ҳамда ичакларидаги асаб толаларининг умумий миқдори 100 миллиондан ортиқ эканини тасдиқлади. Бу орқа мия­дагидан анча кўпроқ. Қорин соҳасида жуда кенг тарқалган нейронлар тўри ва турли хил қўшимча вазифаларни бажарувчи тўқималар мавжудлиги аниқландики, олим уларни ўзига хос «ақлий марказ» деб эътироф этади.

Тюбинген университетининг профессори Пауль Энкнинг айтишича, қорин соҳасидаги «ақлий марказ»ни қизилўнгач, меъда ва ичак тизимини ўраб олган ўзига хос парда сифатида тасаввур этишимиз мумкин. Ўз фикрини тасдиқлаш учун олим Альцгеймер хасталигига чалинган беморларнинг бош миясида кузатиладиган патологик жараёнлар айнан қорин соҳасидаги аъзоларнинг асаб тўқималарида ҳам учрашини айтиб ўтади.

Баъзи бир мутахассисларнинг фикрича, одамнинг сиҳат-саломатлиги ҳақидаги турли хил маълумотларнинг 90 фоизи айнан қорин соҳасидаги ва бор-йўғи 10 фоизигина бош мия рецепторлар орқали ўзлаштирилар экан.

Калифорния университетининг профессори Э.Майер томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра қорин соҳасидаги «ақлий марказ» организмдаги жуда кўп эмоционал жараёнларни бошқаришда фаол иштирок этади. Бошқача қилиб айтганда, биз интуитив тарзда ҳис этадиган нарсаларимиз шунчаки хаёлий нарса эмас балки реал асосга эгаэкан.

Америкалик физиолог олим А.Дамэсионинг фикрига қараганда, бош мия худди ҳисоблаш машинаси каби ишлагани боис бирон бир хулоса чиқариши учун унга жуда катта ҳажмдаги материалларни таҳлил қилиш учун узоқ вақт талаб этилади. Ҳолбуки, қорин соҳасидаги «ақлий марказ» эса бунинг учун жуда қисқа фурсат талаб қилади.

ОДАМ АУРАСИ НИМАГА ҚОДИР?

Юрак ҳамда меъдадан ташқари фикрлаш жараёнларида одамнинг аураси ҳам иштирок этиши мумкин деб ҳисоблайди россиялик уфолог Ю.Фомин. Юрий бу феноменни одамнинг информацион-тақсимловчи тузилмаси (ИТТ) деб айтайди. Бундай антиқа ғояни кашф этишида мутахассисга одам организмининг морфоген майдони ҳақидаги концепция ёрдам берган экан. Ушбу концепцияга кўра одам организмининг ҳар битта ҳужайраси индивидуал морфоген майдонга эга бўлиб, айни майдонда одам танасига алоқадор бўлган барча маълумотлар мужассам. Шу тариқа турли хилдаги маълумотлар ўзаро бирикиб умумий морфоген майдонни ташкил қилади. Ўз нав­батида морфоген майдон организмнинг ҳар бир ҳужайраси билан доимий алоқада бўлиб, алоҳида ҳужайралар ҳамда умуман организмнинг шаклланиши ва функционал жиҳатдан фаолият юритишида бевосита қатнашар экан. Уфолог таклиф этган гипотеза (илмий фараз) айрим вақтларда моддий оламда намоён бўладиган нотабиий феноменларни изоҳлашга имкон бермоқда.

Яна ўқинг:  Shifoxonaning yangi binosi

Баъзи бир олимларнинг таъкидлашича, табиат ва шу жумладан, Она заминнинг информацион майдони алоҳида инсоннинг ва умуман инсониятнинг тақдирини белгилашда фаол иштирок этар экан. Шундай фикр-мулоҳазаларни илгари сурувчи мутахассисларнинг таъкидлашича, айнан юрак одамнинг информацион-тақсимловчи тузилмасини Она Ернинг информацион майдони билан боғлайди. Бу ҳол илмий жиҳатдан аниқ изоҳлаб бериш мушкул бўлган телепатия, келажакни ва ўтган ҳаётларини кўра билиш ва бошқа шу каби кўпгина феноменларни тушуниб етишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, одамнинг ҳаёти давомида морфоген майдонда тўпланган маълумотлар ва ўзликни англаш жараёнларининг маҳсули бўлмиш онгли жараёнлар моддий тана нобуд бўлганидан кейин ҳам информацион-тақсимловчи тузилма сифатида сақланиб қолаверар экан.

Ҳалима РУСТАМОВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: