Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига шарҳ

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган абитуриентлар сони кескин ортиб бормоқда. Йилдан-йилга ўсиш ўртача 10 фоизни ташкил этиб, хусусан, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 минг нафардан зиёд абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Таҳлилларга кўра, 2018 йилда олий таълим муассасаларига 810 мингдан ортиқ абитуриентнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Абитуриентлар сонининг кескин ўсиши мос равишда аудитория назоратчилари сонининг ва тест материаллари ҳажмининг ортиб боришига ҳамда тест синовларини ўтказишга салбий таъсир кўрсатиб, қатор муаммоларни юзага келтирган. Жумладан, аудитория назоратчиларининг тест синовларини ўтказиш бўйича етарли амалий кўникмаларга эга эмаслиги ҳамда уларнинг жавобгарлик даражалари аниқ белгиланмагани, тест синовлари учун танланган бино ва аудиторияларнинг жиҳозланиши мавжуд талабларга жавоб бермаслиги, биноларнинг олий таълим муассасалари бош штабидан узоқ масофада ва тарқоқ жойлашгани, биноларнинг шахсни аниқловчи фото ва видео қурилмалари, тест синовларида фойдаланиши ман этилган воситаларни аниқловчи замонавий техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги, аудиторияларда видеокузатув камераларининг мавжуд эмаслиги тест синовларини ўтказиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ва уни назорат қилиш сифатининг тушиб кетишига олиб келган.

Бундан ташқари, тест синовларини ўтказишнинг амалда бўлган тартиби тест натижаларини қисқа муддатда ҳисоблаб чиқариш имконини бермаган.

Юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликлар олий ўқув юртларига қабул қилиш бўйича ўтказилган тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини етарли даражада таъминлаш имконини бермаган ва оқибатда абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари эътирозларига сабаб бўлган.

Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори қабул қилиниши юқорида қайд этиб ўтилган муаммоларнинг ўз ечимини топиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қарорга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилиши ва тест синовлари натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди.

Яна ўқинг:  Сўзи малҳам шифокор

Шунингдек, ушбу ҳужжатда абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилиш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ҳамда унинг ҳудудида қўшимча йиғма павильонлар ўрнатилиб, улардан самарали фойдаланган ҳолда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларида эса Олимпия захиралари коллежлари ёки жойлардаги бошқа муассасаларнинг катта сиғимдаги биноларида, тест жараёнининг ошкора ва шаффофлигини таъминлаган ҳолда, видеокузатувлар орқали онлайн тизимда жамоатчиликка, шу жумладан, абитуриентларнинг ота-оналарига кўрсатиб ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Тест синовларини ҳавфсиз ўтказиш ҳамда тест синовлари жараёнида учрайдиган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, тест синовлари жараёнини онлайн ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар, мониторлар ва йиғма павильонларни республикада амалга оширилаётган “Хавфсиз шаҳар” тизими доирасида харид қилиниши ва уни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминлаш вазифаси белгиланди.

Шу билан бир қаторда, қарорда Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирликларига бир ой муддатда тест синовларини ўтказиш жараёни иштирокчиларининг масъулиятини янада ошириш ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси топширилди.

Тест синовлари жараёнларини мунтазам ривожлантириб бориш, тест топшириқларининг сифатини ошириш, тестология фани бўйича хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ҳамда уларни амалда татбиқ этиш мақсадида илғор хорижий ўқув ва илмий муассасаларда мутахассислар малакасини доимий ошириб бориш ҳам қарорда ўз аксини топган.

Қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажаришни таъминлаш мақсадида Давлат тест марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда) ҳисобидан Давлат тест маркази ҳузурида “Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси”ни ташкил этилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Яна ўқинг:  Чемпионат якунланди

Мазкур жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилиши назарда тутилган:

Давлат тест марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

хорижий давлатларнинг ўқув ва илмий муассасаларида Давлат тест маркази ходимларининг малакасини ошириш;

Давлат тест маркази ходимларини моддий рағбатлантириш.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарорда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади ҳамда олий таълим муассасаларига ўқиш учун билимли, иқтидорли ва муносиб номзодларни танлаб олишга замин яратади.

Манба: ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: