“Қизил чироқ”ни англамаган ота-она ёхуд болалар нимани томоша қиляпти?

Тунов куни опамникига меҳмонга бордим. Дастурхон атрофида овқатланаётганимизда опамнинг севимли сериали бошланди. Албатта, хориж сериали. Фильм бошланишиданоқ, экрандан кўзимни олиб қочдим.

Жиянларимга “Бунақа фильмлар кўриш яхши эмас” дея танбеҳ берсам, опам “қўявер, ҳали бола, кўраверсин” деди. Ваҳоланки, бу кинони фарзандлар тугул, катта ёшли яқинларимиз олдида кўришга истиҳола қиламиз.

Маълумки, жорий йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур ҳужжат 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди. 24 августда эса Сенат томонидан маъқулланди. Қонун 6 боб, 27 моддадан иборат. Айтиш жоизки, ушбу ҳужжат ижроси орқали жамиятимиздаги бугунги маънавий-ахлоқий жараённинг яхшиланишига беқиёс ҳисса қўшиш мумкин.

Қонун қабул қилинди, демак, буни ҳаётнинг ўзи тақозо этди. Айтиш мумкинки, мазкур ҳужжатда ахборотга доир ҳуқуқларнинг чекланишига оид масала йўқ. Бир сўз билан қонун келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларнинг соғлиғини муҳофаза этишга қаратилган. Ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади фарзандларимизни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари, бу фаолиятда фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг механизмлари аниқ белгиланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ходжаева. – Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ва ёш тоифаларини қўйиш масалалари мазкур ҳужжатнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Бу жамиятимиз ҳаётида янгилик бўлиб, эндиликда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғидаги веб-сайтлар, блогерлар, реклама воситалари ҳамда бошқа турдаги ахборот тарқатиш каналлари орқали тарқатилаётган ахборотларда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотдан ҳимоя қилиш мақсадида 0+, 7+, 12+, 16+, 18+ ёзувлари акс эттирилиши шарт қилиб қўйилмоқда. Қонунга кўра ёшга оид таснифни белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар томонидан, шу жумладан, экспертларни жалб этган ҳолда мамлакатимиз ҳудудида тарқатиш бошлангунга қадар амалга оширилади. Бундан кўриниб турибдики, қонун кучга кириши билан ҳар бир ахборот тарқатувчи ахборотга ёш тоифасини ўзи ёки экспертларнинг хулосасига кўра қўйишлари керак бўлади.

Қонунда болаларга зарар етказувчи ахборот турлари таърифланган. Болаларни ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга ундайдиган, уларда наркотик воситалар, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, қимор ўйинларида иштирок этиш истагини пайдо қиладиган ахборот тарқатилиши тўлиқ ман этилган. Оилавий қадриятларни инкор этадиган, турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шафқатсизлик, жисмоний ва руҳий зўравонлик, жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатларни оқлайдиган ахборот тарқатилиши таъқиқланган. Қонундаги нормалар болаларнинг замонавий илм-фан, маданият, таълим ютуқларига доир ахборотдан фойдаланиш имконини чекламайди.

Яна ўқинг:  Шароф Рашидовнинг 100 йиллигига бағишланди

Унинг қоидалари халқаро ҳуқуқнинг умум қабул қилинган меъёр ва тамойилларига, хусусан, Бола ҳуқуқлари декларацияси, БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси каби ҳужжатлар ва бошқаларга тўлиқ мос келади.

Тан олиш керак, маънавият соҳаси вакилларининг бепарволиги, айниқса, фарзанд камолотига масъул ҳисобланган ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабаб миллий менталитетимизга ёт бўлган медиа маҳсулотлар аста-секин ҳаётимизни эгалламоқда. Ғайриахлоқий ғояларни тарғиб этувчи клип ва фильмларни катталарга қўшилиб болалар ҳам томоша қилмоқда, – дейди Ўзбекистон Санъат ва маданият институти катта ўқитувчиси Шоира Нусратова. – Айтиш керакки, ҳаёсиз саҳналар, тажовузкорлик, зўравонлик намойишлари тўғридан-тўғри киши онгини жароҳатлайди. Қалби ярали, онги бузуқ фарзанд ўстиришни истамасангиз, уларни нима томоша қилиб, нима мутолаа қилаётгани, қандай қўшиқ тинглаб, қандай ўйин ўйнаётгани билан қизиқинг.

Замонавий анимацион фильмларнинг аксариятини монстрлар (беўхшов, мутант махлуқлар), фазовий келгиндилар ҳақидаги кинофильмлар ташкил қилади. Сюжети космик жанглар, образлари суперқаҳрамонлардан иборат ана шундай кинофильмларнинг аксарияти болалардаги туғма эзгулик ҳисларига путур етказади.

Хорижий кино маҳсулотларида оилага хиёнат яширинча сингдирилади. Яъни, қаҳрамон оилали бўлишига қарамай, қалбида аввалги севгисини асрайди ёки у билан қандайдир тарзда учрашувларга йўл қўяди. Ёшлар яхши кўрадиган клипларнинг барчасида севишганларнинг илиқ, баъзан чегарадан ортиқ яқинликдаги муносабатлари акс эттирилади. Ёшларни тўғри йўналтира олмаганимиз сабабли бу каби бадиий ижод маҳсулотлари улар онгини заҳарламоқда, – дейди психолог Зебинисо Аҳмедова. – Мобил телефонларидаги бузғунчи ахборотлар, турли жангари ўйинлар ҳам фарзандларимизнинг гулдек умрини хазон қилмоқда. Бу ўз навбатида ўсмир ёшида болаларни эзгуликни тарғиб қиладиган одатий фильмларни томоша қилиш, қизиқарли, сермазмун китоблар ўқишга бўлган қобилиятини ҳам сўндиради.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра мобил ўйинлари инсоннинг руҳий ҳолатини бутунлай ўзгартириб юборар экан. Бундай ўйинларга муккасидан кетган одамларда паришонхотирлик, кутилмаганда жаҳл чиқиш, хулқнинг яширин ўзгариши, ёлғон гапириш каби ҳолатлар учрайди. Болаларда дарсга бормаслик, ўзлаштиришнинг пасайиши, озиб кетиш, кўзларнинг тез-тез қизариши, тушунарсиз гапириш, ота-онасидан керагидан ортиқча пул талаб қилиш каби зарарли одатлар юзага келади. Энг ёмони, уларда вақт, атроф-муҳит ва мувозанатни қабул қилиш қобилияти бузилади. Хуллас, мобил ўйинлари инсон келажагини емирувчи хавфли иллатдир.

Яна ўқинг:  Наманганда “электрон поликлиника”лар иш бошлади

Умуман олганда, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, энг аввало, ота-оналарга фарзандларини тарбиялаш, уларни зарарли ахборотлардан муҳофазалаш, бунинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, болаларнинг жисмоний, маънавий ва ахборот хавфсизлигининг қонуний белгиланган кафолатлари комплексини яратишни назарда тутгани билан ниҳоятда аҳамиятли. Келгусида ушбу талабларни бажариш нафақат келажагимиз эгаларини зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, балки ҳар биримизнинг фуқаролик позициямизни фаол намоён этишга имкон яратади. Зеро, фарзандларимиз қалбини ёвузликлардан асрай олсак, миллатимиз келажагидан хотиржам бўлишимиз мумкин.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: