Саратон ҳамиша хавфли бўлмайди (давоми)

Ёки рак хасталигининг қандай олдини олиш мумкин?

Инсонлар саратонни самарали даволаш усулларини қадим замонлардан бери излаб келганлар. Адабиётлардан маълумки турли хил ҳайвон аъзолари, ўсимликлар, металлар, минераллар, қимматбаҳо тошлар, куйдириш, қон чиқариш каби усуллар шулар жумласидандир.

Онкологик касалликларнинг замонавий даволаш жараёни бир неча босқичлардан иборат. Улар жарроҳлик йўли билан даволаш, кимётерапия, нур терапияси, иммун терапия, гормон терапияси, гипертермия (ўсмага иссиқлик таъсири этиб даволаш), криодеструкция (ўсмани музлатиб, парчалаш), фотодинамик терапиялардан иборат. Юқорида кўрсатилган даво усуллари комбинацияси ўсма жараёни босқичига, унинг ўсиш шаклига, қайси аъзода жойлашганлигига ва гистологик турига, ён-атроф тўқималарга тарқаш даражасига, ҳажмига ҳамда беморнинг умумий аҳволига қараб белгиланади.

Юртимизда саратонни кўп учрайдиган турларини илк босқичида аниқлаш учун скрининг (ёппасига текшириш) дастурлари ташкил этилди. Барча вилоят онкология диспансерлари замон талабига жавоб берадиган юқори технологик диагностик, нурли терапия, жарроҳлик асбоб-ускуналари билан тўлиқ жиҳозланган, кимёвий дори – дармонлар билан етарлича таъминланган. Беморларни даволашга ҳамма шарт-шароитлар яратилган. Республика Онкология илмий маркази директори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов бошчилигида мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба саратонга қарши миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Баъзи беморлар ҳар хил “миш – миш”ларга ишониб нур терапияси ёки кимётерапия олишдан бош тортишади. Бу эса даво самарасини кескин пасайиб кетишига олиб келади. Тўғри, бу даво усулларининг баъзи аъзолар фаолиятига салбий таъсири ҳам бор. Лекин бошқа аъзоларга бўлган ножўя таъсирларининг олдини олиш мақсадида даво вақтида шу аъзолар фаолиятини яхшилайдиган, уларни салбий таъсирлардан ҳимоялайдиган муолажалар қўшиб қилинади. Салбий таъсирлар (тана ҳарорати кўтарилиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, соч тўкилиши) вақтинча бўлади ва кейинчалик ўтиб кетади. Фан ва техника ривожланиши аъзо сақловчи, беморнинг ҳаётини яхшиловчи, эндоскопик, юқори технологик операциялар сонини кўпайишига олиб келди. ХХ асрда хавфли ўсмаларни олиб ташлашда радикализмни (ўсмани тўлиқ соғлом тўқима билан олиб ташлаш) таъминлаш мақсадида кўп беморларга ногиронликга олиб келувчи операциялар қилинган. Эндиликда кесиб олиб ташланган аъзолар ўрнини босувчи сунъий резервуарлар (қовуқ олиб ташлангандан кейин ичакдан тайёрланган сунъий аъзо, меъда олиб ташлангандан кейин эса унинг ўрнига ингичка ичакдан ясаладиган сунъий меъда), эндопротезлар (қўл ва оёқ суяк бўғимлари ўрнига қўйилади), имплантлар (жағ суяги кесилгандан сўнг суяк бутунлиги тикланади), сут безидаги пластик операциялар, беморларнинг нафақат тўлиқ тузалишига, қолаверса жамиятга, оиласига ва севимли касбига қайтишига, орзу-умидларининг амалга ошишига ёрдам бермоқда.

Шуни ёдда тутиш керакки, хавфли ўсмаларга дучор бўлган беморлар хасталикнинг биринчи босқичида даволанганда 90–98 фоизгача, иккинчи босқичда 70 фоизгача, учинчи босқичда 30–50 фоизгача соғайиб кетади.

Шунинг учун энг асосийси касалликни эрта босқичларида аниқлашдир. Бу эса асосан беморларнинг ўзига боғлиқ.

Яна ўқинг:  Бош оғриғининг огоҳлантирувчи белгилари

Саратон ўта оғир ва хавфли касаллик. Лекин бу касалликни сабр-тоқат, ишонч, матонат ва унинг аччиқ синовларига дош бериб, бутунлай енгишга эришган беморлар кўп.

Роберт Де Ниро, Род Стюарт, Майкл Дуглас, Анжелина Жоли, Владимир Познер, Лайма Вайкуле, Юрий Николаев, Дарья Донцова каби машҳур инсонлар саратонни чидам билан енгган.

Соғлиқ инсонга Яратган томонидан берилган энг бебаҳо неъматдир. Шундай экан ўзимизни, яқинларимизнинг соғлигини қадрига етайлик. Доно халқимиз “Касалликни даволагандан кўра, уни олдини олиш осон” деб бежиз айтмаган. Хаста бўлмасдан туриб ҳар бир инсон онколог-шифокорларга профилактика учун ҳеч бўлмаганда 1-2 йилда бир марта учраса мақсадга мувофиқ бўлади.

Улуғбек ИСЛОМОВ,

Республика Онкология илмий маркази Таянч-ҳаракат тизими ўсмалари жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди

Боши бу ерда.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: