Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобатга олсак, реал рақамлар янада юқори бўлиши мумкин. Хўш, бу қандай хасталик? Келиб чиқиш омиллари ва яққол аломатлари қайсилар? Хасталикни тўлиқ даволаса бўладими?

Болалар церебрал фалажи она ҳомиладорлиги чоғида чақалоқ бош мияси яхши ривожланмай, муддатидан олдин туғилиши ёки жароҳат олиши оқибатида келиб чиқади.
Касаллик руҳий-нутқий бузилиш ёки ҳаракатнинг издан чиқиши ёхуд ҳар икки ҳолат баробар кузатилиши билан намоён бўлади. Яъни туғуруқдан олдин ёки туғуруқ жараёнида болада кислород танқислиги юзага келса, унинг мия ҳужайралари шикастланиши мумкин. Қолаверса, хасталикка она ҳомиладорлиги даврида ундаги юқумли ва эндокрин касалликлар ҳам сабаб бўлиши аниқланган.


Баъзан мазкур патология симптомларини чақалоқ дунёга келиши билан пайқаса бўлади. Айрим ҳолларда эса аломатлар секин-аста намоён бўлади. Ҳаракатланиш фаоллигининг бузилиши – энг кўп учрайдиган яққол белгилар сирасидан.


Оқибатда шундай ташхис қўйилган болалар ўтириш, эмаклаш, айланиш, юриш, бошини ушлаш ва бошқа харакатларни нисбатан кеч ўзлаштиради.
Хасталикка чалинган ҳар уч боланинг бирида томир тортишиши синдроми кузатилади. Ушбу аломат, айниқса, бола катта бўлгани сари тез-тез такрорланади.

Шу билан бирга, ақл ва нутқ заифлашиши ҳолатлари ҳам қайд этилади. Ташқи оламга мослашолмаслик, эпилепсия, руҳий ва эмоционал ривожланишнинг ортда қолиши, таълим олишдаги муаммолар, ошқозон-ичак ва пешоб чиқаришдаги функционал бузилишлар ҳам бундан мустасно эмас.

Шу сабабли ота-оналар фарзанди тўрт ойлик чоғида овоз келаётган томонга бошини бурмаса, ўйинчоққа қўлини чўзмаса, етти ойлигида бировнинг ёрдамисиз ўтира олмаса ҳамда бир ёшида сўзларни умуман айта олмай, барча ҳаракатни фақат битта қўлида бажарса, албатта, невролог шифокорга мурожаат қилишлари зарур.
Шунингдек, чақалоқда томир тортишиши, ғилайлик кузатилиши, хатти-ҳаракати ўта кескин ёки жуда секин бўлиши, бир ярим ёшдан ўтиб ҳам тик туролмаслиги қўшимча аломатлар ҳисобланади.
Болалар церебрал фалажида даволаниш умрбод давом этади. Негаки, хасталикдан бутунлай соғайиб кетишнинг иложи йўқ. Лекин бу якуний ҳукм дегани эмас.

Аксарият беморлар ёши улғайгани сари нормал ҳаёт кечириши мумкин. Бунинг учун эрта ёшда, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга.

Яна ўқинг:  ЭЛ ЭЪЗОЗИ

Дилноза ОДИЛОВА,
Болалар миллий тиббиёт маркази неврологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: