Реклама

Балиқни қачон истеъмол қилиш керак?

Одам организмига шифобахш таъсир этувчи минглаб омиллар ичида овқатланиш айниқса, ўз вақтида ва меъёрида, зарур бўлганда эса парҳезбоп таомлар истеъмол қилиш муҳимдир. Ўтмишда ҳам инсонлар балиқнинг соғлиқ учун жуда фойдали эканини билган ҳолда уни ўз таомномаларига киритишган.

Балиқ гўшти – енгил ҳазм бўладиган оқсил, микроэлементлар, витаминлар манбаидир. Унинг таркибида фосфор моддаси миқдорининг юқори бўлиши сабабли инсон асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир этади. Ушбу маҳсулот одамда ишчанликни оширади, чарчоқни йўқотади, кишига тетиклик, бардамлик бахш этади. Айнан фосфор элементи туфайли асаб ҳужайраларида импульслар тарқалишининг меъёрий фаолияти таъминланади. Балиқ тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари турига киради. Шу сабабдан уни янгилигида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Мутахассислар фикрига кўра совутгичда хом балиқни 3 кундан ортиқ сақламаслик керак экан. Дарё балиқларини истеъмол қилишда унинг бошни сувдаги паразитлар билан зарарланишини инобатга олган ҳолда аввал, яхшилаб тозалаб сўнгра пишириш ва термик ишлов беришга эътибор бериш керак. Айниқса, балиқни буғда ва қайнатиб пиширилгани жуда фойдалидир. Умуман, экологик тоза жойдаги сув ҳавзаларидан тутилган балиқларни истеъмол қилиш ҳар қандай нохуш ҳолатларнинг олдини олади.

Ўзбекистон шароитида асосан аҳоли томонидан дарё балиғи суйиб истеъмол қилинади. Шу сабабли зоғорабалиқ (сазан), илонбалиқ, лаққабалиқ, олабуға, чўртан, бакра, дўнгпешона, зоғора балиқ турига кирувчи қизил қанот ҳам кўп тановул қилинади. Балиқнинг турларига қараб у ёки бу таркибий қисмлари бир-биридан фарқ қилади. Унинг таркибида витамин, минераллар, айниқса, темир, йод, магний, фосфор, руҳ мавжуд. Парҳезбоп балиқ гўшти одамни семиртирмай, организмга зарур қувватни бера олади. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари, инсультдан кейинги давр, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, суяк синишларида, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, жинсий заифликда, бўқоқ, тери касалликлари (айниқса, тери қуруқлашиб, пўст ташлаганда), подагра ва ревматизм (бод)да, кўриш қобилияти пасайганда унинг гўшти кони фойдадир. Меъёрий равишда балиқ истеъмол қилиш, қоннинг ивиш жарёнини тартибга солади. Қонда зарарли холестерин миқдорини камайтиради. Шу билан бирга томирлар торайиши ва тиқинлар пайдо бўлишининг олдини олади.

Изланишлар натижаси шуни кўрсатадики, балиқдан тайёрланган овқатлар қалқонсимон без фаолиятини яхшилайди. Айниқса, у организмнинг гормонал тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Балиқ таркибида фосфор миқдори юқори эканлиги билан қадрланади. У организмда мушаклар, тўқималар ва суяклар учун жуда зарур. Бундан ташқари узоқ вақтгача томирлар деворининг мустаҳкам бўлиши ва эластиклиги ҳам балиқдаги фосфор туфайлидир.

Унинг шундай турлари борки, ақлий қобилиятни фаоллаштиради, ишчанликни оширади ва ҳатто, кўзнинг кўриш қобилиятини яхшилайди. Инсон танасида ёғлар алмашинувининг бир меъёрда кетишига ижобий таъсир этади. Мунтазам равишда ҳар ҳафтада таомномада балиқ бўлиши тери рангининг тиниқ, тирноқлар кўринишининг тоза, соч толаларининг мустаҳкам ва соғлом бўлишини таъминлайди.

Яна ўқинг:  Ўсма касалликларини эрта аниқлаш – соғайиш гаровидир

 

Уни қандай тайёрлаган маъқул?

Одатда кўпчилик балиқини қовуриб истеъмол қилади. Унинг организмга фойдаси кўпроқ бўлиши учун балиқни зираворлар қўшиб ва димлаб, шунингдек, ундан балиқ шўрва тайёрлаб ёки котлет тайёрлаб ейишга ҳаракат қилиш керак. Аммо, кимдир балиқни қовуриб егиси келса, уни писта ёки зайтун мойида енгил қовуриб, димлаб қўйган маъқул. Бундай усулда тайёрланганда ушбу таом витамин ва минералларни ўзида сақлаб, шифобахш таъсирга эга бўлади.

 

Танловда адашманг!

Янги тутилган балиқнинг эт қисми оқ ёки нимпушти бўлиб, унинг турига қараб туси қизил рангда бўлади. Балиқ танлаганда бармоқ билан унинг танасига босиб кўрилганда, ўз ҳолига дарров қайтса, у янги тутилган ҳисобланади. Бундан ташқари унинг ҳидига ҳам аҳамият бериш керак. Ўткир ҳидли, гўшти яшил ёки сарғиш бўлса, ушбу балиқни истеъмол қилмаган маъқул. Энг муҳими унинг жабрасига эътибор бериш зарур.

Балиқ мойи фойдалими?

Ҳозирги кунда балиқ мойи фойдаланишга қулай капсула кўринишида ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шиша идишдаги ва капсуладаги мойнинг таркиби бир хил. Уни қабул қилиш учун шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Аллергик хасталиклар, қонида кальций моддаси миқдори юқори бўлган кишиларга, буйраги тез-тез оғрийдиган беморларга, ўпка сили билан хасталанганларга балиқ ва унинг мойини истеъмол қилиш унчалик тавсия этилмайди. 3 ёшгача бўлган болаларга ҳам уни тановул этиш мумкин эмас. Ҳомиладор аёлларга эса шифокор маслаҳатига кўра тавсия этилади.

 

Унинг бошини ейиш мумкинми?

Кўпчилик балиқ бошини ейишга иштиёқманд бўлади. Баъзилар эса уни тановул этишни хоҳлашмайди. Албатта, балиқ бошида худди танаси каби фойдали дармондорилар бор. Лекин балиқ ўзига тез гижжа йиғиб олишини ҳам инобатга олиш керак. Гижжанинг аксарият қисми айнан балиқ бошида тўпланади. Шунинг учун балиқ бошини емоқчи бўлсангиз, қовуришдан олдин уни тузли сувда обдон ивитиб, сувда қайнатиб, кейин қовуриш кераклигини ёдда тутинг.

Демак, балиқнинг фойдалилик хусусияти беҳисоб. Умуман балиқ гўшти таркибидаги омега-3 ва омега-6 каби тўйинмаган ёғ кислоталарнинг инсон танасидаги барча тизимлар фаолияти учун жуда муҳимдир. Шунингдек, балиқ иммунитетни ҳам оширади.

 

Сайёра МУЛЛАЕВА,

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти илмий ходими

Яна ўқинг:  АНТИБИОТИКЛАР ДАВРИ
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: