Реклама

Айдаркўл соҳилларида

Айдаркўл кўплаб сув ҳавзаларидан иборат бўлиб, табиати мўътадил. Бу ерда эрта тонгданоқ қушларнинг баланд овоздаги шовқин-сурони эшитилиб туради. Айниқса, соқақушлар шовқини олис-олисларгача садо беради. Биз соҳил бўйлаб борарканмиз, сув қушлари бошимиз узра чарх урар ва ҳавога кўтарилади. Уларнинг кўплиги ва турли-туманлиги ақлни шоширади, парвози эса ажиб бир гўзаллик бағишлайди.

Бу қушларни ўтроқ ва кўчиб юрувчиларга ажратиш мумкин. Қорабузов, оқбош ўрдак, қашқалдоқ, қирғовул кабилар ўлкамизда муқим яшайди. Илгари кўлда қорабузов ва чағалайлар бармоқ билан санарли даражада эди. Эндиликда улар сони кўпайиб, бошқа сув қушларининг тури ҳам ортиб бормоқда. Улар гала-гала бўлиб, товушсиз ҳаракат қилади. Сувнинг тебранишидан ўлжасини осон топади. Шунингдек, қирғоқ бўйидаги ўсимликлар ва дон-дунлар билан озиқланиб, етарли ёғ заҳирасини тўплайди.

Қалин чакалакзорларда товуқсимонлар туркимига кирувчи қирғовуллар ҳам кўзга ташланиб қолади. Хўрозининг кўзлари атрофи қизғиш, боши кўк рангда бўлиб, бўйин қисмидаги оқ ҳошияси уни янада ёрқинлаштирган. Танасининг ярмидан ортиғи дум. Модасини ўзига хос қичқириқ билан жалб қилади. Мода қирғовул унинг олдида кўримсиз, тана усти қум рангда бўлиб, қўнғир доғлари бор. Хавф-хатар туғилгудек бўлса, учишга шайланади. Аммо улар дадил ва тез югура олади. Тустовуқларни, айниқса, очиқ табиат оғушида кузатиш ниҳоятда завқли.

Қушларнинг кўчиб юриши – яшаш учун курашдан иборат. Айдаркўлда қишда ҳам сув музламагани боис, минглаб ранг-баранг қушлар гала-гала бўлиб, арғимчоқ ҳосил қилиб, Узоқ Сибир ва Урал ортидан бу ерга учиб келишади. Шулардан соқақуш, қорабузов, оқбош ва олақанот ўрдаклар, оқ пешонали ва қизилтомоқ ғозлар, ноёб ва камёб оққуш ҳамда турналар бир-бири билан ўзаро хабар алмашиб, озуқа мўл бўлган жойларни топишади.

Йиртқич қушлардан оқдумли сувбургути ҳамда сувқирғийлар ўткир кўзли айёр “овчилар”дир. Улар худди яшиндек тез ҳаракатланиб, балиқларни оёқ панжалари билан осонгина тузоққа илинтиради. Оққушлар – “кўл маликалари” ҳисобланиб, жуда чиройли ва ҳуркак. Сувда сузиб юрувчи йирик қушлардан. Кўриниши қордек оппоқ, тумшуғи сариқ. Бўйни тана узунлигига тенг.

Кулранг ғоз нодир паррандалардан ҳисобланиб, учиш олдидан бироз югуриб, сўнгра истар-истамас ҳавога кўтарилади. Унинг ташқи кўриниши жуда чиройли. Устки қисми кулранг, қорин томони оқ патлар билан қопланган, тумшуғи эса қизил рангда. Оёқ панжалари пардали бўлганидан сувда тез ва яхши сузади. Уларни қамишли ҳавзаларда учратиш мумкин. Кулранг ғозлардан ташқари ёввойи ва кўк ғозлар ҳам кўзга ташланиб қолади. Улар бу ерга қишлаш учун учиб келган.

Яна ўқинг:  ЁШ АВЛОД – ҲУҚУҚИЙ МУҲОФАЗАДА

Ўрдаксимонлар туркумига кирувчи чуррак юввош ва ҳуркмас қуш. Секин ҳаракатланади. Ташқи кўриниши кулранг. Оёқ панжалари пардали бўлганлиги сабабли сувда тез сузиб, чуқур шўнғий олади. Сув тагида узоқ вақт тура олиши билан бошқа қанотли қушлардан фарқ қилади.

Айдаркўлда балиқхўр қушларнинг йигирмага яқин тури мавжуд бўлиб, улардан қоравой, қашқалдоқ ва соқақушлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Совуқ тушиши билан кўл соҳилларига бошқа ҳудудлардан кўплаб қушлар учиб келади. Кўпчилиги ҳавза бўйлари ва ботқоқ ҳудудларига кўчиб келишади. Улар чегара билмайди. Шимолдан учиб келган бу қушлар ўлкамизда тўхтаб, дам олиб, озиқланиб, куч тўплаб, яна келган жойига қайтиш тадоригини кўришади. Узоқ сафар олдидан гала ҳосил қилиб, бир хил йўлдан учиб кетишади.

 

Абдулла САИДОВ,

Жиззах вилояти

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: