Реклама

Қатралар (2015-29)

ОРЗУ

Унинг ўзига етиб бўлсаям охирига етиб бўлмайди. Шундоққина биттасига етсангиз, бошқаси пайдо бўлади. Сўнг… яна бошқаси… Хуллас, охири кўринмайди. У истак бўлиб, инсонни олдинга ундаб туради. Унга интилиб, унга талпиниб, умрнинг сўнгги бекатига етиб келганини сезмай қолади киши.

Қизиқ, инсоннинг ҳаёти тугаса ҳам истаги – орзуси тугамайди, ҳатто васиятига ҳам сингиб кетади у.

ВАҚТ

У Вақт билан бирга югуриб кетди: ўсди, улғайди, ёшликнинг гаштини сурди. Аммо… Кексалик томон одимлаётганда чидаб туролмади, Вақтга қарши исён кўтарди: сочини ранглади, упа-элик қилди, ажинлар чизиқ тортган юзини таранглаштирди. Хуллас, ёшликни сақлаб қолишнинг нимаики йўли бўлса қилиб кўрди. Сочлари қоп-қора, юзлари таранг бўлди-ю, қиёфасидаги самимият йўқолди, ўзига ўхшамай қолди.

Энг ёмони… Нимаики қилмасин, кўзларининг туб-тубидан ўтаётган Вақт жилмайиб тураверди.

КЎЗГУ

У жуда чиройли эди. Ҳуснига маҳлиё бўлиб ўтирарди. У томонга ўтса ҳам кўзгуга қарарди, бу томонга ўтса ҳам кўзгуга қарарди. Чиройи билан кериларди.

Аммо… Ойлар бир тутам… Йиллар бир тутам… Умр бир тутам…

У энди кўзгуга қарамайди. Қарашдан қўрқади. Ғижимланган сувратидан қочгани қочган.

Лола ЎРОҚОВА

Яна ўқинг:  Қуёшим энам
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: