Тил софлиги – кўнгил поклиги

Тил – инсон камолотида бетакрор ўрин тутади. Чунки, ҳаётий зарур билим ва тушунчалар тил воситасида онгу шууримизга сингдирилади.

Фикрларимизни ифода этишда, мулоқот жараёнининг мукаммал бўлишида ҳам она тилининг аҳамияти катта. Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий тил инсонни бошқа жонзотлардан фарқлаб турадиган неъмат эканлигини таърифлаб бундай деган:

Тангрики, инсонни қилиб

ганжи рост,

Сўз билан ҳайвондин

анга имтиёз.

Яъни, Тангри таолодан инсонга ҳақиқий бойлик бу уни жонзотлардан ажратиб, устун қилиб турадиган тилидир, дея таъкидлайди.

Бугунги кунда ўзбек тилининг луғат хазинаси янги сўзлар билан бойиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, она тилимиз сўзга бойлиги, ранг-баранглиги билан бошқа тиллардан ажралиб туради. Бироқ, минг таассуфки, бугунги технологиялар даврида аксарият инсонлар, айниқса, ёшлар томонидан тилимизга нисбатан эътиборсизликка йўл қўйилмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали ифода этилаётган мулоқот жараёнида юз бераётган имловий хатоликларда бунга гувоҳ бўламиз. Тўғри, бу улар учун унчалик аҳмиятли эмас. Чунки, уларнинг ёзганларини англамасамда, ёшларнинг дўстлари бу “тил”ни яхши тушунади. Ёшлар ўзлари учун кашф этган янги замонавий “луғат” аллақачон бутун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида оммалашиб бўлган.

Айтиш мумкинки, айни ўсмир ёшидаги ўғил-қизларимизни интернет ёки уйдаги шахсий компьютердан фойдаланишини чеклаб қўйишимиз мумкин. Лекин ўқувчи қўлидаги смартфони орқали нималардан фойдаланаётганлиги ва қайси сайтларга кираётганлигини текширолмаймиз. Бундан келиб чиқиб, бир нарсани айтиш керакки, фарзандлар қалбида “маънавий иммунитент”ни шакллантиришимиз керак бўлади.

Бунинг ечими эса ҳар биримизда эканлигини унутмаслигимиз керак. Тўғри, яқинларимизни ижтимоий тармоқлардан чеклаб қўя олмаймиз. Фақат қўлимиздан келадигани замонавий ахборот технологияларидан тўғри мақсадларда фойдаланиш зарурлигини уқтириш бўлади, холос. Буни эса энг аввало, ўзимиздан бошласак, мақсадга мувофиқдир. Агар ижтимоий тармоқлар орқали бизларга келаётган маълумотларнинг ҳам шаклан, ҳам маъно жиҳатдан тўғрилигига эриша олсак ва дўстимизни ҳам ўша маълумотни тўғри ёзишга ундасак, она тилимизнинг софлигини сақлаб қолишга эришган бўламиз.

Тасаввур қилинг-а, ахборот олами жадал суръатда ўсиб бораётган бугунгидек бир даврда тилимизга шундай муносабат сақланиб қолса, унинг тақдири нима бўлади? Она тилимиз ривожи учун кўп ибратли ишлар қилган ота-боболаримиз олдида уятга қолмаймизми? Зеро, ёшларни замон руҳига мос, шу билан бирга, миллий менталитетимиздан ажратмаган ҳолда тарбиялаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Яна ўқинг:  Бухорода туризм ҳудуди барпо этилади

Манзура ДАВРОНОВА,

Кармана туманидаги 3-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: