Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноати салоҳияти Москвада намойиш этилди
Москва шаҳрида бўлиб ўтган “World Food Moscow – 2017” халқаро озиқ-овқат кўргазмасида мамлакатимиз компания ва корхоналари муносиб иштирок этди.
Кўргазмада МДҲ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Эрон каби 60 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд фирма ва компания ўз маҳсулотлари ва хизматларини намойиш этди. Эътиборлиси, бу каби халқаро кўргазмаларда ўзбекистонлик тадбиркорлар таклиф қилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва замонавий дизайни билан хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
“World Food Moscow – 2017” халқаро кўргазмаси ҳам юртимиз неъматларини дунёга танитишда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тадбиркорларимизнинг ушбу кўргазмада ишлаб чиқариш салоҳиятини намойиш этиши, хорижий компания ва фирмалар билан истиқболли шартномалар тузишига кўмаклашди.
Жамғармадан маълум қилишича, форумда Ўзбекистон миллий стенди кўргазма иштирокчилари билан гавжум бўлди. Унда қуритилган мева-сабзавот, қандолат маҳсулотлари, шифобахш чойлар, доривор ўсимликлар, уларни етиштириш ва қайта ишлашга оид техника ва технологиялар намойиш этилди. Ишбилармонларимиз хорижлик ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича музокаралар ўтказди. Қарийб 10 миллион долларлик экспорт шартномаларини имзолашга эришилди.
Кўргазма доирасида энг яхши маҳсулотларни аниқлаш бўйича ўтказилган халқаро танловда “Mehrigiyo” кичик корхонасида ишлаб чиқарилган “Пользор” – “Гармония” бальзами, “Orientmax Trade” МЧЖ корхонасининг “Gold finchuza” ва “Saodat” номли крахмалли финчуза маҳсулотлари “Йил маҳсулоти – 2017” номинацияси бўйича ғолиб деб топилиб, олтин медаль билан тақдирланди.
– Мазкур кўргазмада ўтган йили ҳам иштирок этган эдик, – дейди Фарғона вилояти Учкўприк туманида фаолият кўрсатаётган “Mehrigiyo” кичик корхонаси раҳбари Маъруфжон Қодиров. – Бунинг самарасида ишлаб чиқариш фаолиятимизни кенгайтирдик. Бу йилги форум ҳам биз учун самарали бўлди. Янги турдаги шифобахш маҳсулотимиз экспорти бўйича шартнома туздик.
“World Food Moscow – 2017” халқаро кўргазмаси доирасида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар Ўзбекистон озиқ-овқат саноати салоҳиятини юксалтириш ва экспорт қилинаётган маҳсулотларимиз ҳажмини янада оширишга хизмат қилади.
Матназар Элмуродов, ЎзА