Истеъмолчининг ҳуқуқи бузилса, у кимга мурожаат қилиши керак?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш ва реклама бозорини тартибга солиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида маълумот берилди.

Қўмита вакилининг айтишича, истеъмолчи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда зудлик билан оғзаки ёки ёзма равишда корхонанинг мансабдор шахсига эътироз билан мурожаат қилиши лозим. Масалан, секция, бўлим мудири, дўкон директори, таъмирлаш устахонаси, хизмат кўрсатувчи корхона раҳбарига. Кўпинча истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини қайта тиклаши учун ушбу чораларнинг ўзи кифоя қилади.

Истеъмолчи ҳуқуқлари қайта тикланмаса, у истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган ваколатли давлат тузилмалари, маҳаллий ҳокимият органлари ёки бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Бундан ташқари, истеъмолчи ўз ҳуқуқлари қайта тикланишини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг виртуал қабулхонаси – online.gkk.uz/uz ёки 0-371-259-21-37 телефон рақамига қўнғироқ қилиши мумкин.

Аҳоли ўртасида ўтказилган тушунтириш ишлари натижаларига кўра, фуқароларнинг ваколатли органларга мурожаатлари сони кўпаяётгани кузатилмоқда. Бу эса истеъмолчи маданиятининг ошгани ва жамоатчиликнинг ўзини ўзи бошқариш механизмлари фаоллашганидан далолат беради. Мисол учун, шу йилнинг биринчи ярмида қўмита ва унинг ҳудудий органларига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича 4 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида 1,6 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Мурожаатларнинг аксарияти коммунал хизматлар соҳасига тегишли бўлиб, уларда кўрсатилаётган коммунал хизматларининг сифати, уй-жой коммунал хизматлари тарифларини тўлашда юзага келаётган вазиятлар, ортиқча маблағ ҳисоблаш каби ҳолатлар акс этган.

Фуқароларнинг табиий газ ва электр таъминоти соҳасидаги мурожаатларини жойида ўрганиб чиқиш ва тезкор ҳал қилиш мақсадида қўмитанинг масъул ходимлари томонидан фуқаролар электр ва газ таъминоти корхоналарининг ўзида қабул қилиниб, тегишли чоралар кўрилаётир, шунингдек, қўмита ваколати доирасида тегишли тушунтиришлар берилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Даврон Суннатов, ЎзА

Яна ўқинг:  Сув таъминотини яхшилаш ва сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар бошланди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: