Муваффақиятга эришишга тўсқинлик қилувчи учта қўрқув
Нотаниш ҳолатлардан қўрқиш. Мия бизни хавфдан ҳимоя қилиш учун бехавотир доирадан чиқишимизга имкон бермайди. Шу туфайли биз онгли равишда номаълумликдан қўрқамиз.
Лекин ҳеч ким ҳаракат қилмасдан туриб бирор нарсага эриша олмайди. Олдинга ҳаракатланиб, ўзингизга нотаниш нарсаларга, ҳолатларга дуч келиб борасиз. Бу сизга янги имкониятлар эшигини очади.
Муваффақиятсизликдан қўрқиш. Бу инсоннинг олға ҳаракатланишига тўсқинлик қилувчи энг асосий омиллардан бири. Биз муваффақиятга интилиш йўлида ўзимизда бор нарсаларни ҳам йўқотишдан қўрқамиз.
Муваффақиятсизлик – муваффақиятга олиб борувчи навбатдаги поғона. Уни босиб ўтмасдан туриб кўзлаган манзилингизга етиб боришингиз даргумон. Агар сиз имкониятларни қўлдан бой берсангиз мақсадингизга ета олмайсиз.
Шунинг учун муваффақиятсизликни янги кўникма ва тажриба олиш учун имконият сифатида қабул қилишингиз керак.
Муваффақиятдан қўрқиш. Бу гап ғалати туюлиши мумкин, лекин баъзи одамлар айнан шундан қўрқади. Баъзан биз бирор вазифани бажаришга қодир эканимизни биламиз, аммо уни бажармаймиз. Чунки бошқаларнинг муваффақиятимиз ҳақидаги тасаввури бизга босим ўтказади. Оила аъзоларимиз ёки дўстларимиз биздан маълум ҳаракат ва натижаларни кутади. Оқибатда бизда “улар кутгандек натижага эриша олармикинман” деган қўрқув пайдо бўлади.
Ён атрофдагиларнинг босими ҳақида ўйламанг ва диққат марказида бўлишдан қўрқманг. Фақат шулар орқалигина қўйилган мақсадга етишиш мумкинлигини унутманг.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.