Кам ухлайдиган болаларда диабет ривожланиши хавфи юқори бўлади
Олимлар кам ухлайдиган болалар 2-турдаги диабет касаллигига мойил бўлишини аниқлади. Болалардаги қўшимча уйқу вазн камайиши, мускуллар ҳажмининг катталашуви ва қондаги глюкоза миқдори камайиши билан боғлиқ, деб хабар беради The Daily Mail нашри.
Янги тадқиқотда 9–10 ёшлардаги 4525 нафар бола қатнашди. Улар уйқу тартиби ҳақидаги саволларга жавоб берди. Шунингдек, олимлар диабетнинг ривожланишига сабаб бўлувчи омиллар бўйича ўтказилган лаборатория текшируви натижаларини ҳам таҳлил қилди. Мактаб вақтида болалар ўртача 10,5 соатдан ухлади. Иштирокчиларда уйқу давомийлиги 8 соатдан 12 соатгача ўзгариб турди.
Тадқиқот натижасида, бошқалардан кўра кам ухлаган болаларда инсулинга таъсирчанлик кўпроқ камайгани маълум бўлди. Бундан ташқари, уларда вазн ортиши кузатилди. Яъни, кам ухлайдиган иштирокчиларда 2-турдаги диабет ривожланиши хавфи юқори бўлди. Мутахассислар тавсиясига кўра, саломатлик билан боғлиқ муаммолардан сақланиши учун болалар 6 ёшидан 12 ёшигача 9–12 соат ухлаши керак.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.