Оналик ва болалик муҳофазаси: муаммолар ўз ечимини топяптими?
“Соғлом авлод” газетаси таҳририяти ва “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан “Оналик ва болаликни муҳофаза этиш” мавзуида “Стол атрофида” давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Ходжаева, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика репродуктив саломатлик маркази бош мутахассиси Икром Амонов, Республика перинатал маркази директор ўринбосари Шоҳида Бобожонова, Республика “Она ва бола скрининги” маркази мутахассиси Муҳаммаджон Босимов, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Оналик ва болалик бўлими бошлиғи Жумабек Нуров ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида мутахассислар тез тиббий ёрдам хизмати, юртимиздаги ҚВПларда меҳнат қилаётган доялар ва патронаж ҳамширалари фаолияти, туғруқ комплексларида ҳомиладор аёлларга яратилган шароитлар, асоратли туғруқлар ва Кесерча кесиш жарроҳлик амалиёти, фенилкетонурия, туғма гипотиреоз, муковицидоз каби ирсий хасталикларни аниқлашда ўтказиладиган лаборатория таҳлиллари тартиби, ҳомиладор аёлларнинг скрининг текширувидан ўтиш зарурати, шунингдек, анча вақтдан буён аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган туғруқ жараёнида керакли бўлган бирламчи буюмлар ва дори-дармонларни сотиб олиш ҳолатлари бўйича берилган барча саволларга атрофлича жавоб қайтаришди.
Тез тиббий ёрдам тизимида ҳар бир чақириққа сарфланаётган маблағ уч баробарга оширилди
Мавлудахон ХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
– Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилиши ва Конституция кунига бағишланган маросимда “Аҳолимиз учун иккита муҳим масала бор: бу соғлик ва тинчлик”, деган эди. Жорий йилнинг 24 февраль куни ўтказилган йиғилишда эса мамлакат аҳолиси саломатлигини Қонунчилик палатаси, тинчлик масалаларини Сенат ўз зиммасига олиши кераклигини таъкидлади. Шундан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аҳоли саломатлигини асраш, уларни дори-дармон билан таъминланиши масалалари назорати бўйича мувофиқлаштирувчи парламент комиссияси тузилди. Ўтган уч-тўрт ой ичида комиссия амалга оширган ишларни чуқур таҳлил қилиб берди. Комиссияга ҳар бир вилоятдан битта депутат киритилди, шунингдек, Молия ва Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари аъзо бўлиб, спикер бошчилигида қаттиқ меҳнат қилишди. Тезкорлик билан комиссиянинг низоми ишлаб чиқилди. Ҳудудларда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳузурида ҳудудий комиссиялар ҳам тузилди.
Комиссия жойларда ишни ўрганганда тез ёрдам тизимида ҳар бир чақириққа сарфланаётган маблағ 480 сўмни ташкил этиши аниқланди. Баъзи туманларда эса унданда паст – 450 сўм… Баъзиларида 500 сўмдан ошмаган. Рақамлардан кўриниб турибдики, жуда кам маблағ ажратилган. Ваҳоланки, катта туманларда 100 тагача ва ундан ортиқ чақириқ бўлиши мумкин. Очиқ айтганда, комиссия томонидан бу масала муҳокама қилиниб, тегишли вазирликлар олдига вазифалар қўйилди. Маблағни кўпайтириш лозимлиги таъкидланди. Мана бугунги кунда ушбу йўналишга маблағ ажратиш уч баробарга ўсди. Ҳозир ҳар бир тез ёрдам чақириғига ажратилган маблағ 1200 сўмни ташкил қилмоқда. Бу ҳам аслида етарли эмас, рақамлар ўсиши керак. Бугунги талабга қараганда камлик қилади. Ҳозир тез ёрдам хизматида махсус бригадалар учун 41 та, туғруқ бригадалари учун 36 хил дори воситалари бўлиши лозим. Бироқ, аҳоли “Тез ёрдам” хизмат ходимларини чақирганда баъзи дори-дармонлар тугаб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса эҳтиёж кўплигини, дори-дармон таъминотини янада кучайтириш зарур эканини кўрсатади. Бу борада парламент комиссияси олдида бажарилиши лозим бўлган вазифалар талайгина…
Ўзбекистонда уй шароитидаги туғруқ амалиётига рухсат берилмаган
Шоҳида БОБОЖОНОВА,
Республика перинатал маркази директор ўринбосари:
– Уйдаги туғруқ амалиётини олиб бориш Европанинг баъзи мамлакатларида йўлга қўйилган. Лекин Ўзбекистонда бунга рухсат берилмаган. Аслида, 85 фоиз аёлда туғруқ жараёни нормал кечади.
Лекин бу жараёнда мутахассис ҳозир бўлиши шарт. Иккинчидан, уй шароити тозаликка жавоб бериши керак. Бундан ташқари, шошилинч тез тиббий ёрдам анжомлари тайёр бўлиши талаб этилади. Чунки туғруқ жараёни қандай кечишини ҳеч ким олдиндан аниқ айтиб беролмайди.
Масалан, туғиш жараёнида онанинг ҳолати яхши бўлиб, ҳаммаси ижобий тугаганидан сўнг, нимадир сабаб билан йўлдоши ажралмай, қон кетиб қолди, дейлик. Бу вазиятда нима қилиш керак? Биринчидан, акушер-гинекологнинг тезкор ёрдами керак. У зудлик билан қон кетишини тўхтатиши зарур. Буни мутахассисдан бошқа ҳеч ким амалга оширолмайди. Уй шароитида эса бунинг асло имкони йўқ. Оналарнинг ўлимига кўпинча кўп қон кетишлар сабаб бўлади.
Нуқсонли деб ҳисобланган ҳомиладорликни ривожлантиришдан тўхтатиш ёки тўхтатмаслик ҳар бир ота-онанинг ўз ихтиёрида
Жумабек НУРОВ,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Оналик ва болалик бўлими бошлиғи:
– Республика она ва бола скрининги маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари мамлакатимизда она ва бола саломатлиги муҳофазаси йўлида фаол ҳаракат қилмоқда. Зеро, ушбу ташкилот 1998 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташаббуси билан ташкил этилган эди. Ўтган йиллар давомида юртимизда ногиронлик 3,5 баробарга камайди. Бугун “Она ва бола скрининги” давлат дастурини амалга ошириш учун 1 миллион 600 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ҳукуматимиз томонидан шу соҳа ривожи учун йўналтирилмоқда. Скрининг текширувлари учун зарур бўладиган реактивлар Финландиядан келтирилади. Ўтган ярим йилда Ўзбекистон бўйича 2,5 мингта ногирон туғилиш эҳтимоли мавжуд ҳомиладорликни скрининг маркази мутахассислари ривожланишдан тўхтатишга тиббий кўрсатма берди. Лекин нуқсонли деб ҳисобланган ҳомиладорликни ривожлантиришдан тўхтатиш ёки тўхтатмаслик ҳар бир ота-онанинг ўз ихтиёрида эканлигини айтиб ўтмоқчиман.
Хусусий клиникалар малакали мутахассисларни “ўғирлаб” олмоқда
Икром АМОНОВ,
Республика репродуктив саломатлик маркази бош мутахассиси:
– Ўрта махсус маълумотга эга бўлган тиббиёт ходимлари масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақатгина билим олиш борасидаги сифат масаласи олдимизда турган долзарб масала саналади. Аммо, олий маълумотли ходимлар етишмаслиги чиндан ҳам тиббиётнинг ҳар бир соҳасида мавжуд муаммодир. Акушерлик ва гинекология соҳаси ҳам бундан мустасно эмас.
Яқинда Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида марказдан 80 км олисда жойлашган ҚВПда бўлдим. Ўшанда билдимки, Навоий вилояти тиббиёт муассасаларида олий маълумотли тиббиёт ходимларига ваканция жуда юқори даражада экан. Ҳозирда тиббиёт олийгоҳлари учун қўшимча квоталар ажратилди. Бу ҳам келажакда кадрлар тақчиллигининг олдини олишда ўз самарасини беради.
Кузатувим давомида шунга амин бўлдимки, охирги 5 йил ичида кўплаб тиббиёт соҳасидаги мутахассислар хусусий секторга ўтиб кетган. Қарийб 40 фоиз шифокорлар давлат муассасаларидан хусусий клиникаларга ўтиб ишламоқда.
Бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, юртимизда хусусий клиникалар фаолияти ривожланмоқда. Ҳозирда бу секторда шифокорлар учун 7-8 миллион сўмгача иш ҳақи тўланади. Бу эса шифокорнинг моддий манфаатдорлиги ошишига хизмат қилади. Иккинчидан, давлат тасарруфидаги тиббиёт муассасалари шифокорларининг ўз вазифасидан ташқари турли жамоат ишларига жалб этилаётгани ҳам бунга катта таъсир кўрсатмоқда.
Қўпол бўлса ҳам айтиш жоиз, хусусий клиникалар тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассисларини “ўғирлаб” олмоқда. Сабаби яхши мутахассисларни ҳамиша мижозлар кўп излаб келади.
Шундай доялар борки, ҳатто ёш акушер-гинекологлардан ҳам яхши билимга эга
Икром АМОНОВ,
Республика репродуктив саломатлик маркази бош мутахассиси:
– Аввал юртимизда 3200 та ҚВП бўлиб, бугун улар 50 фоизга қисқарди. Яъни, бу муассасаларни ўзаро бирлаштирган ҳолда янада ихчам бўлган оилавий поликлиникалар тажрибали ташкил қилинди.
Дастлаб туғруқ жараёни бошланганидан сўнг, ўртача 8-10 соат ўтгач, туғруқнинг фаол иккинчи даври бошланади. Унга қадар эса аёллар туғруқ комплексларига етказиб борилади. Статистик маълумотларга қараганда туғруқларнинг 1 фоизини йўлда, уйда содир бўлган туғруқлар ташкил этади. Бу жуда катта кўрсаткич эмас. Шу жиҳатдан оладиган бўлсак, бу борада республикамиз туғруқ ҳолатлари бўйича жуда яхши кўрсаткичга эга.
ҚВП ва оилавий поликлиникада фаолият олиб бораётган доялар ҳомиладорликнинг илк кунларидан бошлаб 9 ой давомида ҳомиладор аёл саломатлигини доимий равишда кузатиб боради. Аммо бу – ҳомиладор аёлнинг саломатлиги тўлалигича дояларга ташлаб қўйилади, дегани эмас. Ҳомиладор аёл кўзи ёругунга қадар акушер-гинеколог томонидан камида 7 марта кўрикдан ўтказилади, доялар кўриги эса шу орада ўтказилади. Бу текширувларда аёлнинг қон босими, унинг умумий аҳволи, ҳомиланинг ривожланиши ҳақида керакли маълумотларга эга бўлинади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, шундай тажрибали доялар борки, улар ҳатто, ёш акушер-гинекологлардан яхши билимга эга. Бундан ташқари у ўша ҳуддудда яшовчи аёлнинг исм-фамилиясини аниқ билишдан ташқари, бошидан ўтказган касалликларидан ҳам яхшигина хабардор.
ҚВПларда туғруқ жараёнини амалга оширилмайди. Сабаби у ерда етарли даражада шарт-шароит мавжуд эмас. Ушбу муассасада фаолият олиб бораётган доялар эса ҳомиладор аёлларнинг кўзи ёригунга қадар уларни доимий равишда саломатлигини назорат қилиб, уларга керакли тавсиялар бериб боради. Юртимизнинг чекка ҳудудларидаги ҚВПлар туғруқ комплексларидан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли ушбу ҳудуддаги ҳомиладор аёлларни ҚВП дояларининг кўрсатмаларига асосланиб, кўзи ёришидан вақтли туғруқхонага юборилади. Чунки ушбу ҳолатда вақт ва масофа ҳисобга олинади.
Статистик маълумотларга қараганда мамлакатимизда туғруқларнинг 1 фоизини йўлда, уйда содир бўлган туғруқлар ташкил этади.
Ҳомиладор аёлларнинг барчаси скрининг текширувидан ўтиши шарт эмас
Муҳаммаджон БОСИМОВ,
Республика “Она ва бола скрининги” маркази генетик-мутахассиси:
– Биламизки, ҳомиладор аёллар ҳомила 18 ҳафталигида скриннинг текширувидан ўтиши заурур. Вилоят марказлари ва узоқ қишлоқлар орасидаги масофа ва бошқа сабаблар туфайли ҳамма ҳам бу текширувлардан ўтиш имконига эга эмас.
Асосан скриннинг текшируви орқали ирсий касалликлар аниқланади. Жумладан, ҳомиладор аёл, 35 ёшдан ошган эр ва хотин ўртасида яқин қариндошлик ришталари бўлса ва олдинги фарзандларида касалланганлар аниқланса, бу аёллар текширувдан ўтказилади. Айниқса, хромосома касалликлари бор, Даун синдроми хавфи мавжудлиги гумон қилинаётган ҳомиладор аёллар бу текширувдан ўтиши шарт. Шундай экан юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар кузатилмаган аёллар ушбу текширувлардан ўтишлари мажбурий эмас.
Туғруқхона комплексларини оптималлаштириш керак
Шоҳида БОБОЖОНОВА,
Республика перинатал маркази директор ўринбосари:
– Бугун баъзи чекка туманлардаги энг олис ҳудудларда ҳам туғруқхоналар мавжуд. Бироқ, уларнинг барчаси ҳам замонавий талабларга жавоб бера олмайди. Бирида малакали мутахассислар етишмаса, бошқаси зарурий тиббий жиҳозлар билан таъминланмаган.
Шу соҳада узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган мутахассис сифатида туғруқ комплексларини оптималлаштиришни таклиф этган бўлардим. Бу таклиф ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Дунёнинг жуда кўп ривожланган мамлакатларида туғруқхоналар бирлаштирилиб, катта тиббий марказларга айлантирилган. Агар 2-3 та тумандаги туғруқхоналар бирлаштирилиб, перинатал марказларга айлантирилса, у ерда юқори малакали шифокорларни жамлаш ҳамда бу муассасани энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш имконияти юзага келади. Натижада аҳолига кўрсаталиётган тиббий хизматларнинг сифати ва самарадорлиги янада ошади.
Айримлар оралиқ масофа ортиб, беморни марказга етказиш қийинлашади, деб эътироз билдириши мумкин. Лекин бугун ҳомиладор аёлни ҳеч ким от-аравада туғруқхонага олиб келмайди. Енгил машиналар узоқни яқин қилиб турибди.
Давра суҳбатини Раъно ЗАРИПОВА, Гулчеҳра ШИРИНОВА,
Хуршида ҲУСЕНОВА, Чарос ХУШВАҚТОВА ёзиб олди.