Таълим тизими ўзгарувчан меҳнат бозорига мослаша оладими?

Халқаро пресс-клубда “Таълим тизими ўзгарувчан меҳнат бозорига мослашиш йўлида” мавзуида навбатдаги сессия бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси ижрочи директори А.Пардаев, Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Д.Кенжаев, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори С.Туробжонов журналистлар билан мулоқот қилди.

Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш зарурати, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари билан кооперация алоқалари талаб даражасида эмаслиги оқибатида меҳнат бозорига малакали мутахассислар етказиб бериш борасида оқсаш кузатилмоқда. Буни ЮНЕСКО томонидан “DGP Research & Consulting” консалтинг ташкилоти кўмагида жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси таълим тизимини комплекс ўрганиш бўйича ўтказилган таҳлиллар натижалари ҳам кўрсатмоқда. Унда, хусусан, олий таълим жараёнида назария ва амалиёт яхлитлиги етарлича таъминланмагани, талабаларнинг малака амалиётларини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказиш суст ташкил этилгани оқибатида битирувчиларнинг маълум қисми ишга жойлашгандан сўнг қайтадан ўз касбини, мутахассислигини ўрганаётгани, таълим сифатини назорат қилиш механизми замонавий талабларга жавоб бермаслиги, хорижий ҳамкорлик алоқалари етарлича йўлга қўйилмагани қайд этилган.

Сўнгги пайтларда мазкур масалага устувор аҳамият берилмоқда. Яқинда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони, “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилингани бунинг амалдаги исботидир.

Иштирокчилар мазкур ҳужжатлар кенг жамоатчилик томонидан хайрихоҳлик билан кутиб олинганини, уларда белгилаб берилган чора-тадбирлар наинки олий таълим тизимини, балки иқтисодиёт тармоқларининг жадал ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Бугунги кунда ишлаб чиқаришни замонавий кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, – Афсуски, кўп ҳолларда талабалар ҳам, профессор-ўқитувчилар ҳам ишлаб чиқариш жараёнлари билан етарлича таниш эмас. Президентимизнинг “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим – илм-фан – ишлаб чиқариш ўртасида мана шундай узилишларга барҳам беришга қаратилгандир.

Яна ўқинг:  САЛОМАТЛИК ҳафталиги давом этмоқда

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси нодавлат-нотижорат шаклидаги ташкилот сифатида фаолият кўрсатган бўлса, эндиликда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси” деб ўзгартирилиб, давлат муассасаси мақомини олди, – дейди жамғарма ижрочи директори А.Пардаев. – Жамғарманинг мазмуни билан боғлиқ қатор принципиал жиҳатлари ҳам ўзгарди. Хусусан, ёшларнинг магистратура ва PhD дастурлари бўйича хорижда ўқишлари белгиланди. Энг асосийси, чет элда стажировка ўташни маблағ билан таъминлаш масаласининг аниқ механизмлари белгилаб берилди. Натижада жамғарманинг бир йиллик дастурини амалга ошириш учун 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Чет элда малака ошириш, стажировка ўташ ҳамда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишга юбориладиган илмталабларнинг келгусида қайси корхонада ёки таълим муассасасида ишлаши олдиндан аниқланади ва қайтгандан сўнг мазкур ташкилотларда фаолият кўрсатади. Уларнинг меҳнат, педагогик ва илмий фаолияти тизимли мониторинг қилиб борилади.

1 август куни мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларида тест синовлари бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг 28 июлдаги “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган Чирчиқ давлат педагогика институтига абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмаган бўлса-да, ўқиш 2017/2018 ўқув йилидан бошланиши белгиланди. Бу борадаги саволларга Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Д.Кенжаев жавоб берди:

– Қарорга мувофиқ, институтга 2017/2018 ўқув йили учун 750 қабул квотаси ажратилган. Талабалар контингенти Тошкент вилоятида доимий яшаётган Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мазкур таълим муассасаларига белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинмаган мос ва турдош таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан, Тошкент вилояти туманлари таълим муассасалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда шакллантирилади. Биринчи ўқув йилида ўқитиш тўлиқ тўлов-контракт, кейинги йилдан бошлаб давлат гранти асосида ҳам ўқитиш жорий этилади.

Йиғилишда мамлакатимизда олий таълимга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, умумий квота 10 фоизга оширилди. Тест жараёнининг очиқлигини таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш бўйича мамлакатимиздаги қатор олий ўқув юртларида синов тариқасида қўлланилган назорат чора-тадбирлари келгусида бошқа таълим муассасаларида ҳам амалга татбиқ этилиши маълум қилинди.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

Беҳзод Бозоров,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: