Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузаси

Ассалому алайкум, азиз дўстлар, қадрли устозлар!

Муҳтарам ватандошлар!

Бугун мана шу муҳташам саройда сиз, азизлар билан – миллий маданиятимизнинг кўзга кўринган намояндалари, атоқли шоир ва адибларимиз, театр, кино, мусиқа санъати соҳасининг таниқли ҳамда ёш вакиллари билан, санъатшунос олимлар, журналистлар билан учрашиб турганимдан бениҳоя хурсандман.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга, сизлар орқали ўзининг ёрқин истеъдоди, билим ва маҳорати, фидокорона меҳнати билан жамиятимизнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча ижодкор зиёлиларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдириб, самимий тилакларимни изҳор этаман.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган сиз, муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз.

Мен сизларнинг кўпчилигингизни узоқ йиллардан буён яқиндан танийман, асарларингизни ўқиганман, сизлар яратган куй-қўшиқларни, картиналар, фильм ва спектаклларни доимо катта қизиқиш билан тинглаб, томоша қилиб келаман.

Бир сўз билан айтганда, адабиёт ва санъатнинг чинакам мухлиси бўлиш насиб этганидан бахтиёрман.

Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳоким бўлиб ишлаганимда ҳам, Тошкентдаги фаолиятим давомида ҳам сиз, муҳтарам ижодкорлар билан катта-катта тадбирлар, байрам ва маросимларда кўп-кўп учрашганимиз, суҳбатлашганимизни, керак бўлганида, ижодий баҳслар ҳам қилганимизни, биргаликда амалга оширган ишларимизни мен доимо миннатдорлик билан эслайман.

Демоқчиманки, биз ҳаммамиз бир-биримизни яхши биламиз, машҳур бир қўшиқда айтилганидек, “ўртада бегона йўқ”.

Шу сабабли ҳам бугунги учрашувимизни, агар сизлар рози бўлсаларингиз, мана шундай самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтказсак, маданиятимиз ва санъатимизнинг ривожланиш жараёнларини холисона ва танқидий баҳолаб, бу борада ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳақида атрофлича фикрлашиб, бамаслаҳат бир қарорга келсак, айни муддао бўларди.

Азиз дўстлар!

Барчангиз яхши хабардорсиз, мамлакатимизда мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталикни, сарҳадларимиз дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида муҳим пойдевор бўлди. Халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Айни вақтда, бугунги глобаллашув даврида жаҳон миқёсида чуқур молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган, рақобат тобора кучайиб бораётган кескин бир шароитда биз мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлини ҳар томонлама таҳлил қилиб, давлатимизни барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш, олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш мақсадида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқдик.

Ушбу Стратегияда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш каби масалалар тараққиётимизнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Мана шу Стратегияга мувофиқ, барча соҳа ва тармоқлар қатори маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари равнақини янги босқичга кўтаришни биз ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу борада олиб борилаётган амалий ҳаракатлар сизларга яхши маълум, деб ўйлайман.

Шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтишга рухсат бергайсиз.

Биз ҳозирги вақтда йирик бир лойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш бўйича катта ишларни бошлаб юбордик.

Бу марказ аввало халқимизнинг яратувчилик даҳоси билан бунёд этилган ноёб меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларни кўзда тутади.

Шунингдек, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий- тадқиқот маркази барпо этилаётганидан ҳам хабардорсиз, албатта.

Бундан ташқари, яқинда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилдик. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Фанлар академияси қошида Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази тузилди.

Биз ана шундай марказлар фаолиятини самарали ташкил этишда сиз, азизлар ўз истеъдодингиз, билим ва тажрибангиз билан яқиндан ёрдам берасиз, деб ишонамиз.

Маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш мақсадида кейинги пайтда бир қанча муҳим ҳужжатлар, жумладан, китобхонлик маданиятини ошириш, маданият ва санъат соҳасини такомиллаштириш, ҳудудларда улуғ санъаткорларимиз номи билан аталадиган ижодий мактаб ва марказлар ташкил этиш тўғрисидаги қарор ва фармойишлар ҳам қабул қилинди.

Бу ҳақда гапирганда, Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбони бунёд этилаётгани, у ерда адабиётимизнинг буюк намояндаларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилаётгани, шунингдек, Наманган вилоятида улкан маърифатпарвар Ибрат домла, Жиззах шаҳрида атоқли ижодкорлар Ҳамид Олимжон, Зулфия ва Шароф Рашидов, Хоразм вилоятида оташнафас ҳофиз Комилжон Отаниёзов, Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Ибройим Юсупов, Фарғона, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф хотираларини абадийлаштириш ишлари олиб борилаётганини қайд этиш лозим.

Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида ёш шоир ва адиблар, актёр, рассом ва қўшиқчилар, журналистларнинг истеъдодини юзага чиқариш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Биргина мисол. 2010 йилдан буён Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” сериясида 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ сарфланиб, 73 номда, жами 1 миллион 220 минг нусхада ёш ижодкорларнинг китоблари нашр этилди ва улар республикамизнинг барча таълим муассасаларига бепул етказиб берилмоқда.

Биз мана шу ўта муҳим йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам қатъият ва изчиллик билан давом эттирамиз – мен бу ҳақда кейинроқ батафсил гапираман. Нега деганда, адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ.

Лекин табиий бир савол туғилади. Мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида ижодкор зиёлиларимизнинг ўрни ва ҳиссаси қандай бўлмоқда?

Албатта, биз халқимизнинг маънавий камол топишида маданият намояндаларининг улкан хизматлари борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Юксак идеаллар йўлида фидойилик кўрсатиб яшаш, ўзлигимизни англаш, ғурур ва ифтихор, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун бел боғлаб майдонга чиқиш – сиз, ижод аҳлига хос эзгу фазилат эканини ҳаммамиз яхши биламиз ва буни юксак қадрлаймиз.

Лекин, қўлимизни кўксимизга қўйиб холисона айтайлик: ижодкор зиёлиларимизнинг бугунги фаолияти жамиятимизни, энг аввало, эл-юрт тақдири учун доимо куюниб, ёниб яшайдиган, бедор қалб эгалари бўлган сизларнинг ўзингизни қониқтирадими?

Ўйлайманки, ҳозирги кунда маданият ва санъат аҳлида фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаётганини ўзларингиз ҳам ҳис қилиб турибсиз.

Юртимиздаги бугунги ижодий муҳитни кузатсак, у қандайдир турғунликка тушиб, бир жойда депсиниб тургандай, кўпчилик ижодкорларимиз ўз ташвиш ва муаммолари билан ўралашиб қолгандай таассурот қолдиради. Ҳолбуки, маданият ва санъат арбоблари ҳамиша жамиятнинг энг олдинги сафларида бўлиши, ўз асарлари, фаол гражданлик позицияси билан одамларни эзгу мақсад ва марралар сари бошлаши, илҳомлантириши керак эмасми?

Азал-азалдан халқ ижод аҳлига жуда катта ҳурмат ва ишонч билан қараши сизларга яхши маълум. Русча ибора билан айтганда, уларга “властители дум”, яъни “жамият тафаккурининг эгалари” деган юксак баҳо бериб келиниши албатта бежиз эмас. Чунки, сизларга Яратганнинг ўзи шундай ноёб истеъдод ва салоҳият ато этганки, бундай хусусият, бундай фазилат ҳар кимга ҳам насиб этмайди.

Адабиёт ва санъатнинг нақадар қудратли кучга эга экани ҳақида сиздек зукко инсонлар ҳузурида сўз юритишга, очиғини айтсам, мен бироз тортинаман. Лекин мана шундай буюк, илоҳий кучдан биз мамлакатимиз, эл-юртимиз равнақи йўлида оқилона ва самарали фойдаланяпмизми? Ёки улуғ адибимиз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, атомнинг кучини ўтин ёришга сарфлаяпмизми?

Албатта, санъаткорларимиз ўртасида халқимиз олдидаги маънавий ва ижтимоий бурчини, фарзандлик қарзини чуқур англаб, ўзини аямасдан меҳнат қилаётган, жамиятимизнинг олдинги сафларида бўлиб келаётган инсонлар оз эмас.

Замон билан ҳамнафас ижод қилиб, бошқаларга ўрнак ва намуна кўрсатаётган фидойи, фаол зиёлиларимизнинг аксарият қисмини бугунги даврамизда кўриш шахсан менга катта хурсандчилик бағишлайди. Уларнинг ижодий изланиш ва ютуқлари, хусусан, Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётига бағишланган сермазмун асарлари ҳақида узоқ гапириш мумкин ва бунинг учун биз улардан миннатдормиз. Лекин, бундай асарлар асосан шоир ёки адиб, рассом ёки режиссёр, бастакорнинг шахсий ташаббуси билан яратилаётгани сир эмас. Уларнинг дунёга келишида ижодий жараёнларни мувофиқлаштириб, санъат аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ҳақиқий таянч ва суянч бўлиши зарур бўлган ижодий уюшмаларимиз ва давлат идораларининг ўрни ва таъсири етарлича сезилмаяпти. Ижодий ташкилотларимиз шиддат билан ўзгараётган замонга ҳамқадам бўлиб яшаш, ўз фаолиятини самарали ташкил этишда давр талабларидан орқада қолмоқда.

Аслида улар нафақат бугунги кун, балки келажакни кўзлаб иш тутиши, шу асосда пухта ўйланган, мустаҳкам режаларни тузиши керак эмасми? Дейлик, 15-20 йилдан кейин Ўзбекистоннинг маданий ривожланиши қандай кечади, бугун биз яшаётган Интернет ва юксак технологиялар асрида адабиёт ва санъат, маданиятимизнинг ўрни ва таъсирини нафақат сақлаб қолиш, балки қандай қилиб уни кучайтириш мумкин, деган тўғри ва одилона саволлар барчамизни, биринчи навбатда, халқимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ижод аҳлини ўйлантириши зарур эмасми?

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижодий уюшмаларнинг бугунги фаолиятида тадбирбозлик, шунчаки хўжакўрсинга ишлаш, сусткашлик ва лоқайдлик кайфиятлари тобора яққол кўзга ташланмоқда. Ижодий ташкилотлар раҳбарларининг аксарияти фақат юқоридан буйруқ кутиб ишлашга ўрганиб қолгани, уларнинг фаолиятида умумий мақсад учун жон куйдириш, ташаббус ва ташкилотчилик сезилмаётгани албатта ачинарли ҳол.

Мен бугунги учрашувга тайёргарлик кўриш жараёнида ижодий ташкилотларимизнинг Низомлари билан танишиб чиқдим. Қаранг, бугун биз қўяётган саволлар, долзарб вазифаларни амалга ошириш аслида бу тузилмаларнинг Низомларида аниқ белгилаб қўйилган экан. Демак, ижодий ташкилотларимиз ўз фаолиятининг пойдеворини ташкил этадиган асосий ҳужжат – Низом талабларига амал қилмаяпти, десак, тўғри бўлади.

Мисол учун, Ўзбекистон Бадиий академияси, Бастакорлар уюшмаси каби ташкилотларда ана шу талабларга эътибор қилмаслик, хусусан, съезд ва сайловларни ўз вақтида ўтказмаслик ҳолатлари ҳам шундан далолат беради.

Бастакорлар уюшмасининг қурултойи 1995 йилдан сўнг – орадан ўн йилга яқин вақт ўтиб, ниҳоят 2014 йилда, шунда ҳам юқори ташкилотларнинг талаби билан ўтказилганини қандай баҳолаш мумкин? Ҳолбуки, бугунги кунда барча давлат ва нодавлат ташкилотлар учун халқ билан доимий мулоқот қилиш, халқ олдида ҳисобот бериш энг асосий талаб сифатида қўйилмоқда.

Ёки биз бир пайтлар катта умид билан ташкил этган Бадиий академия фаолиятини оладиган бўлсак, бу ерда 2003 йилдан буён сайлов ўтказилмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Ҳозирги вақтда академияда 10 та ҳақиқий аъзолик ўрни бўшаб қолгани ҳолда, нега янги сайлов ўтказилмаётганини тушуниш қийин.

Бу албатта мазкур уюшмаларда масъулият туйғуси, ишчанлик ва ижодий муҳит йўқолиб бораётганининг натижасидир.

Айни пайтда, адабий-бадиий жараёнларда кўзга ташланаётган салбий тенденциялар, хусусан, маданият соҳасида тижоратлашув, шахсий манфаатнинг биринчи ўринга чиқаётгани, ғоявий-бадиий жиҳатдан саёз асарларнинг бозори чаққон бўлиб бораётгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Афсуски, ижодий уюшмалар томонидан бундай ҳолатларга принципиал баҳо берилмаяпти, уларни бартараф этиш бўйича ҳар томонлама асосланган амалий таклифлар ўртага қўйилмаяпти.

Нима учун маданий ҳаётимизда танқидий руҳ сезилмайди? Соғлом танқид, баҳс ва тортишув бўлмаган жойда чинакам ижод бўлиши мумкинми ўзи? Бу борада Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” агентлиги, Бастакорлар уюшмаси, “Ўзбекконцерт” ва бошқа ижодий ташкилотлар қошидаги бадиий кенгашларнинг фаолияти деярли сезилмаяпти.

Яратилаётган асарлар, фильм ва спектакллар, кўргазма ва концерт дастурларига принципиал ва малакали баҳо бериш, матбуотда холис ва ҳаққоний рецензиялар, хулосалар билдириш тобора камёб ҳодисага айланиб бормоқда.

Яна бир ташвишли ҳолат – ижодий уюшмалар ўртасида ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилмаган. Бадиий академия, Бастакорлар, Ёзувчилар, Журналистлар, Кино арбоблари уюшмалари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ижодий муносабатлари деярли тўхтаб қолган, уларнинг ҳар бири ўз ёғига ўзи қоврилиб ётибди. Ваҳоланки, ушбу тузилмалар фаолиятида биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб ижодий ва ижтимоий муаммолар тўпланиб қолган.

Бу ҳақда гапирганда, авваламбор, адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича мавжуд ҳуқуқий-норматив базани такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилиш каби бир-биридан муҳим ва долзарб масалалар ижодий уюшмалар эътиборидан четда қолиб келаётганини таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда зиёлилар даврасида енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радио станциялар кўпайиб бораётгани тўғрисида ҳақли эътирозларни эшитиш мумкин.

Ҳозирги пайтда юртимизда турли мулк шаклига эга бўлган 1513 та оммавий ахборот воситаси, шунингдек, 122 та нашриёт фаолият олиб бормоқда. Аммо уларнинг барчаси ҳам бизнинг миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиляптими, деган савол кўндаланг турибди. Хусусий нашриётларнинг кўпчилиги бир вақтлар вилоятларда ҳам нашриётлар бўлсин, деган нотўғри ёндашув билан ташкил этилгани, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти ниҳоятда ночор экани китоб деган мўътабар тушунчанинг қадрини туширишга олиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин бу муаммони қонуний асосда қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида амалий таклифлар деярли учрамайди.

Бошқаларга қандай, билмадим-у, аммо менинг назаримда, бундай салбий ҳолатнинг бош сабаби мамлакатимиз ахборот бозорининг тартибга солинмагани билан боғлиқ. Бу борада сон эмас, сифат ва самара муҳим. Майли, нашриётлар сони 122 та бўлмасин, озроқ бўлсин, лекин талабга жавоб берадиган бўлсин.

Биз бугун китобхонлик маданиятини ошириш, илмий, бадиий, сиёсий адабиётларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор беряпмиз. Аммо бу ишларни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширишимиз, бошлаган олижаноб ҳаракатимизни обрўсизлантиришга йўл қўймаслигимиз шарт.

Афсуски, матбуот ва ахборот соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда ваколатли ва масъул орган вазифасини бажариши керак бўлган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бу борада фақат кузатувчи бўлиб ўтирибди. Шунинг учун яқинда Матбуот ва ахборот агентлигига янги раҳбар тайинланди. Шу билан бирга, ушбу ташкилот фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича Президент қарори тайёрланмоқда.

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинди

Қадрли дўстлар!

Ҳаммангиз гувоҳсиз, бугунги кунда Ўзбекистон улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланмоқда. Замонавий корхона ва иншоотлар, автомобиль ва нефть заводлари, тўқимачилик комбинатлари, эркин иқтисодий зоналар барпо этиляпти. Янги-янги конлар ишга туширилмоқда, минтақа ва ҳудудларимизда автомобиль ва темир йўллари, сув омборлари, муҳташам кўприклар, аҳоли учун арзон уй-жойлар, кўплаб илм-фан, тиббиёт, маданият ва спорт марказлари қурилмоқда, минглаб гектар майдонларда катта-катта боғ-роғлар яратилмоқда.

Энг муҳими, мураккаб ва оғир, чуқур билим ва тажрибани талаб қиладиган шароитларда, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, мана шундай катта лойиҳаларни ким амалга оширяпти, ким бу ишларни қиляпти? Ўзимизнинг одамлар, ўзимизнинг йигит-қизларимиз. Ана шу қора кўзларнинг меҳнати ва жасорати, Ватанга фидойилиги ҳар қандай эътироф ва таҳсинга лойиқ эмасми?

Бундай бунёдкорлик ишлари, мен ўйлайманки, ҳар қандай ижодкор учун илҳом манбаи бўлиб, янги асарлар учун мавзу бўлиб хизмат қилиши мумкин. Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган мана шундай қурувчи ва муҳандислар, дала заҳматкашлари ҳақида, жонкуяр муаллим ва шифокорларимиз, жасур ҳарбийларимиз, навқирон ёшларимиз эришаётган ютуқ ва марралар ҳақида сизлар ёзмасангиз, Ватанимиз тарихининг бадиий солномасини сизлар яратмасангиз, ким яратади? Агар биз истеъдод ва маҳоратимизни шу муқаддас замин, шу олижаноб халқимиз учун сафарбар этмасак, ҳазрат Навоий айтмоқчи, бу ҳунарни асраб нима қиламиз, қаерга опкетамиз уни?

Неча йиллардан бери масала қўямиз – замонавий қаҳрамон образини яратайлик, деб. Лекин бирорта жиддий натижага эриша олдикми?

Албатта, бу борада қандайдир интилиш ва ҳаракатлар кўзга ташланаётганини, бадиий ва публицистик асарлар, пьеса ва киноленталар пайдо бўлаётганини инкор этиб бўлмайди. Аммо уларнинг кўпчилиги юракдан чиқмаган, зўрма-зўраки уринишлар бўлиб, ҳали маданий ҳаётимизда воқеа бўладиган етук ва мукаммал асарлар яратилгани йўқ, десак, бу ҳам ҳақиқат бўлади.

Очиғини айтганда, баъзи ижодкорларга бу масала бироз ғалати туюлиши, улар буюртма билан яхши асар, тўлақонли образ яратиб бўлмайди, деган фикрни билдириши ҳам мумкин. Лекин мен ўйлайманки, санъаткор – агар у ҳақиқий истеъдод эгаси бўлса – ижтимоий буюртма асосида ҳам етук асар яратишга қодир бўлади. Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Туроб Тўла, Жуманиёз Жабборов ва бошқа атоқли шоирларимиз ижодидан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. “Алишер Навоий”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Абу Райҳон Беруний”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Ёр-ёр” каби машҳур фильмларимиз ҳам ўз вақтида давлат буюртмаси билан яратилгани сизларга яхши маълум.

Ёки Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳордек талабчан адиб ҳам бир пайтлар Мирзачўлга бориб, икки-уч ой чайлада яшаб, буюртма билан “Шоҳи сўзана” деган гўзал асар ёзганини, у дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳнага қўйилиб, шуҳрат қозонганини ҳаммамиз биламиз.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, сиз, азизларга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Энг истеъдодли ва масъулиятли ёзувчиларимиз, кино, театр, мусиқа ва тасвирий санъат арбобларига ижтимоий буюртма бериш масаласини тизимли асосда йўлга қўйсак, уларни юртимизнинг турли ҳудудларига ижодий сафарларга юбориб, янги асарлар яратишга рағбатлантирсак, нима дейсизлар?

Масалан, таниқли шоирларимиз Анвар Обиджон Фарғона водийсида, Маҳмуд Тоир Тошкент вилоятида, Сирожиддин Саййид Сурхон воҳасида бўлаётган бугунги улкан ўзгаришлар ҳақида янги асарлар ёзиб берса, қандай яхши бўларди.

Ёки ҳурматли шоирамиз Ҳалима Худойбердиева бугунги ёш ўзбек қизлари ҳаёти, уларнинг орзу-интилишлари ҳақида бир асар – майли, бу достон бўладими, драма ёки сценарий бўладими – ёзиб берсалар, айни муддао бўларди. Мана шундай асарларни биз Ойдин Ҳожиева, Энахон Сиддиқова, Шарифа Салимова, Хосият Бобомуродова, Фарида Бўтаева, Гулайша Есемуратова, Зулфия Мўминова, Зулфия Қуролбой қизи ва бошқа фаол ижодкор аёлларимиздан ҳам кутиб қоламиз.

Мана шу даврада ўтирган, жойларда бизни эшитаётган барча ижодкор дўстларимизнинг ҳам ижодий режалари бўлса, биз ижодий уюшмаларимиз орқали бундай таклифларни кўриб чиқишга тайёрмиз. Агар Абдулла Қаҳҳор чайлада яшаб асар ёзган бўлса, биз сизлар учун барча шароитларни яратиб, керак бўлса, гонорарини олдиндан, 5-10 ҳисса қилиб тўлаб беришга ҳам тайёрмиз.

Шу ўринда мени кўпдан буён ўйлантириб келаётган яна бир масала бўйича сизлар билан фикрлашмоқчиман.

Барчамиз, айниқса, бу ерда йиғилган ижодкор зиёлиларимиз, бизнинг қандай буюк ва шонли ўтмишимиз, қандай улуғ аждодларимиз борлигини яхши биламиз ва бу билан ҳамиша фахрланамиз. Мисол учун, биронта жангда енгилмаган буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темурни оламизми, алгебра фанига асос солган Ал-Хоразмийни оламизми, Колумбдан 500 йил олдин Американи кашф этган Беруний бобомизни оламизми, ўрта асрларда тиббиёт фанининг пойдеворини яратган Ибн Синони оламизми, астрономия соҳасида беқиёс кашфиётлар қилган Мирзо Улуғбекни оламизми – жаҳон цивилизацияси ва маданиятига улкан ҳисса қўшган бундай улуғ аждодларимизнинг ҳар бири ҳақида соатлаб гапиришимиз мумкин.

Лекин, холисона айтганда, кейинги пайтда ана шундай улуғ зотлар, улар қаторида Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мўъин Насафий каби азиз-авлиёларимиз, Алишер Навоий, Бобур каби шоир ва мутафаккирларимиз хотирасини кино экранларида акс эттириш учун бирон-бир арзийдиган иш қилдикми? Тан олиш керакки, йўқ.

Бу мавзуларда бундан қирқ-эллик йил олдин устоз кино ижодкорларимиз томонидан баъзи бир асарлар яратилган бўлиб, улар ҳозирга қадар экранлардан тушмай келмоқда. Мустабид тузумнинг оғир шароитида шундай кинофильмлар яратганлари учун улардан албатта миннатдормиз. Лекин бу асарлар ўз даврининг мафкураси билан суғорилгани, уларнинг айримларида тарихий ҳақиқат бузилганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Албатта, яқин ўтмишимизда ҳам таниқли режиссёрларимиз томонидан бу борада баъзи бир ҳаракатлар бўлганини эътироф этиш лозим. Масалан, атоқли адибларимиз Ойбек ҳамда Пиримқул Қодировнинг романлари асосида таниқли телережиссёр Мақсуд Юнусов “Алишер Навоий” ва “Бобур” видеофильмларини яратганини, уларда машҳур актёрларимиз маҳорат кўрсатганини яхши биламиз. Аммо бу фильмларни суратга олишда моддий-молиявий ва техник имкониятлар ниҳоятда чеклангани яққол сезилиб туради. Кейинчалик “Ўзбекфильм” студияси “Буюк Амир Темур” бадиий фильмини яратди. Лекин, минг афсуски, бу асар кутилган натижани бермади, уни “Мана бизнинг Соҳибқирон бобомиз!” деб фахрланиб, кўз-кўз қилиб кўрсатишнинг имкони бўлмади.

Ижодкорларимиз тарихий мавзуга қўл урар эканлар, кўламни кенгроқ олишга, маррани баланд қўйишга алоҳида эътибор қаратишларини истардик. Чет элларда Спартак, Ганнибал, Александр Македонский, Наполеон, Леонардо да Винчи, Бетховен, Лев Толстой каби буюк шахслар ҳақида тарихий ва бадиий жиҳатдан мукаммал қандай етук асарлар яратилган!

Ҳолбуки, бизнинг улуғ боболаримиз ҳам улардан зиёд бўлса зиёдки, лекин асло кам эмас. Агар биз аждодларимиз хотирасини улуғламоқчи, шу асосда ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати орқали амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, давлат буюртмаси асосида буюк тарихий аждодларимиз ҳақида ҳар томонлама етук бадиий фильмлар яратиш учун махсус ижодий гуруҳлар ташкил этиш, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мисол учун, ҳурматли адибимиз Муҳаммад Али кўп йиллардан буён Амир Темур бобомиз ҳақида қанча-қанча китоблар, романлар яратди. Мана шу асарлар асосида кино режиссёрларимиз, айтайлик, муҳтарам Шуҳрат Аббосов ёки Зулфиқор Мусоқов, юксак халқаро мезонларга жавоб берадиган фильмни нима учун яратиши мумкин эмас?

Ёки, масалан, атоқли режиссёримиз Баҳодир Йўлдошев ҳам неча йиллардан буён Мирзо Улуғбек ҳақида мукаммал бир асар яратиш орзуси билан юрганини мен яхши биламан. Таниқли олим, Астрономия институтининг директори Шуҳрат Эгамбердиев ҳам Мирзо Улуғбекнинг ўлмас меросини бутун дунёда тарғиб қилиб юрибди. Уларнинг мана шундай саъй-ҳаракатларини рўёбга чиқариш учун зарур шароит яратиб берсак, мен ўйлайманки, жаҳон кино экранларига чиқа оладиган гўзал бир бадиий фильм вужудга келган бўларди.

Мана, бугун даврамизда Рихсивой Муҳаммаджонов, Ҳилол Насимов, Ёлқин Тўйчиев каби истеъдодли сценарист ва режиссёрларимиз ўтирибди. Айни вақтда, Баҳодир Одилов, Абдухалил Менгноров, Аюб Шахобиддинов, Мансур Абдухолиқов сингари таниқли режиссёрларимиз ҳам фаол ижод қиляпти.

Мен сезиб турибман, бу гапларни эшитиб, кўпчилик ижодкорларда “Эй, жаноб Президент, сиз айтаётган таклифларни амалга ошириш учун жуда катта маблағ керак, энг замонавий кино аппаратлар, тарихий либослар керак, қанча чет мамлакатларда съёмка ишларини олиб бориш керак, минг-минглаб одамларни бу жараёнларга жалб этиш керак”, деган фикр туғилиши табиий.

Бизнинг нафақат тарихимиз, балки бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган бу вазифани амалга ошириш учун биз катта миқдордаги маблағларни, керак бўлса, эркин муомаладаги валюта маблағларини ҳам топиб беришга, киночиларимизни чет давлатларга ижодий сафарларга юборишга ҳам тайёрмиз. Худога шукур, бугунги иқтисодий аҳволимиз бунга имкон беради.

Азиз дўстлар, менинг бу сўзларимни буйруқ ёки топшириқ деб эмас, илтимос деб, ижодга даъват деб қабул қилишингизни истардим. Агарки, бирон кишига “давлат буюртмаси” деган сўз бошқача туюладиган ёки малол келадиган бўлса, марҳамат, буни ҳозирги мода бўлган тилда “давлат гранти” деб атайлик.

Муҳтарам анжуман қатнашчилари!

Биз учун ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган яна бир ўта муҳим масала борки, унга алоҳида тўхталиб ўтишни зарур деб биламан. У ҳам бўлса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз, фарзандларимиз тарбияси билан боғлиқдир.

Буюк бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, бу масала биз учун ҳақиқатан ҳам ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир ва ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган, таъбир жоиз бўлса, масалаларнинг масаласидир.

Шу маънода, бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши учун ижодий ташкилотларимиз ҳам ўз масъулиятини жиддий равишда қайта кўриб чиқишлари давр талабига айланмоқда.

Биз бир нарсани ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур. Агар “оммавий маданият” таҳдиди фақат четдан – Ғарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Мен бу гапларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб,соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий.

Энг ёмони, бадиий ижод соҳасида жаҳолат кўринишлари кучайиб бормоқда.

Биз “жаҳолат” деганда одатда диний жаҳолат, ақидапарастликни тушунамиз. Лекин бугунги ҳаётий жараёнлар жаҳолат ҳамма соҳада ҳам учраши, агар унга қарши ўз вақтида кураш олиб борилмаса, ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Биз бугун жаҳолат деган балога иқтисодиёт соҳасида ҳам, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият тизимида ҳам, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида дуч келяпмиз ва бу иллат қўл-оёғимизда бамисоли кишан бўлиб турибди. Бу кишандан халос бўлмасдан туриб, тараққиёт ва ривожланиш ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмас.

Айни вақтда, маданият соҳасида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларимизни ҳақиқий санъатни англашга ўргатиш, уларнинг эстетик оламини соғлом асосда шакллантириш бўйича олдимизда жуда муҳим вазифалар турибди.

Шу нуқтаи назардан, кино соҳаси фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, бу борада муайян ютуқлар билан бирга, жиддий нуқсон ва камчиликлар ҳам яққол кўзга ташланади. Баъзи фильмларда майда мақсадлар билан яшайдиган, ҳаётга фақат истеъмолчилик кайфияти билан қарайдиган кимсалар асосий қаҳрамон сифатида тасвирланаётгани ташвиш уйғотмасдан қўймайди. Энг ёмони, номдор санъаткорлар, ҳатто “Ўзбекистон халқ артисти” деган юксак унвонга сазовор бўлган актёрлар ҳам мана шундай киноларда турли бачкана ролларни ижро этмоқда. Аввал дурустгина фильмлар яратган режиссёрлар ҳам, сал ўтмасдан, хом-хатала асарлар билан томошабинларнинг ихлосини қайтармоқда.

Яқинда “Тошкент ҳақиқати” газетасида шу мавзудаги бир мақолани ўқидим. Мақола муаллифи айрим киноларимизнинг хорижий фильмлардан айнан кўчириб олингани, яъни адабий ўғрилик – плагиатга йўл қўйилаётгани ҳақидаги фикрларни баён этиб, аниқ мисолларни келтиради. Афсуски, бу миллий киноларимизга нисбатан билдирилаётган ягона танқидий фикр эмас. Бундай мақолаларни матбуотда кўплаб учратиш, бундай фикрларни жуда кўп одамлардан эшитиш мумкин.

Ўзингиз айтинг, ижодкорнинг шаъни, ғурури, санъатга садоқат деган тушунчалар қаёқда қолди?

Ваҳоланки, ҳозирги вақтда биз кино соҳасига давлат бюджетидан ҳар йили миллиардлаб сўм маблағ ажратяпмиз. Биргина шу йилнинг ўзида “Ўзбеккино” миллий агентлигига бюджетдан 12 миллиард 400 миллион сўм ажратилади.

Ёки бўлмаса, республикамиздаги мавжуд 37 та театр фаолиятини таъминлаш учун ҳам ҳар йили катта миқдорда маблағлар йўналтирилади. Бу йилнинг ўзида ушбу мақсадда давлат бюджетидан 81 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Албатта, давлатимиз, жамиятимиз санъат ривожи учун ҳеч нарсани аямайди. Лекин бу борада кутилган натижага эришилаяптими? Бу саволга бугун ижобий жавоб бериш қийин эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши биламиз.

Аксарият театрларимизнинг репертуарлари ғоявий-бадиий жиҳатдан ночор, улардан ўрин олган спектаклларда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган, ҳаяжонга солаётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топмаяпти.

Афсуски, театрларимиз кўпроқ маиший мавзулардаги енгил-елпи, бачкана асарлар, одамга на маънавий озиқ, на эстетик завқ берадиган томошаларни намойиш этишга ўрганиб қолган.

Ҳурматли театр арбобларимиз ўзларининг матбуот ва телевидениедаги чиқишларида кўпинча маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Театр – ибратхонадир” деган ҳикматли сўзларини келтиришни яхши кўрадилар. Лекин мана шу доно сўзларни фақат оғизда айтмасдан, ўз фаолиятимизда уларга амал қилсак, айни муддао бўларди, деб ўйлайман.

Мен гоҳ-гоҳида маданият соҳасига масъул бўлган раҳбарларимиздан “Қачон энди, бир яхши спектакль ёки кинофильм яратиб, бизни таклиф қиласизлар”, деб сўраб тураман. Афсуски, шунда улар хижолат тортиб, “Шавкат Миромонович, ҳали сизга кўрсатадиган муносиб асарлар яратолганимиз йўқ, бизга яна озгина фурсат беринг”, дейишади. Майли, мен тушунаман, бу ижодий жараён, лекин ҳар қандай муддатнинг ҳам чегараси бўлиши керак-ку. Ўзингиз айтинг, халқимизга манзур бўладиган фильм ва спектакллар қачон яратилади?

Азиз дўстлар!

Барчангиз яхши хабардорсиз, мамлакатимизда маданият тизимини ривожлантириш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган қисқа даврда бу борада иккита муҳим ҳужжат – “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон, “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилдик. Лекин, шундай бўлса-да, бугунги кунда тизим фаолиятини қониқарли баҳолай олмаймиз. Маданият вазирлиги мутасаддиларида сусткашлик, ўзибўларчилик, хотиржамликка берилиш кайфияти давом этмоқда.

Яна ўқинг:  Ёшлар саломатлигига қаратилган лойиҳа

Вазирлик раҳбариятида барча маданият ва санъат тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга илмий-услубий ёрдам бериш, бир сўз билан айтганда, маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш салоҳияти етишмаяпти.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги вақтда маданият ва санъат муассасаларида меҳнат қилаётган кадрларнинг 50 фоиздан зиёди олий маълумотга эга эмас. Бунинг асосий сабаби, институтларни битириб жойларга ишга бораётган кадрларга зарур шароит яратиб берилмаган.

Бугунги кунда вазирлик тизимида 41 та музей ва уларнинг 76 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Ана шу музейларда, ёрдамчи фондлар билан бирга, 1 миллион 736 мингдан зиёд экспонат мавжуд. Бу – жуда катта бойлик. Лекин бу бойликни асраб-авайлаш, уларни илмий асосда ўрганиш, ташвиқот қилиш, келажак авлодларга етказиш масаласида, афсуски, қатор муаммолар бор. Масалан, “Музейлар тўғрисида”ги қонунда белгиланган миллий музей фондининг давлат каталогини яратиш ҳақидаги талаб 8 йилдан буён бажарилмаяпти.

Яна бир муҳим масала – энг оммавий санъат бўлган эстрада санъатини ривожлантириш вазирлик эътиборидан четда қолмоқда.

Энг асосий камчилик – бу соҳада ижод қилаётган аксарият ижрочилар фаолиятида талабчанлик ва масъулият, ижтимоий жараёнларга дахлдорлик туйғуси тобора пасайиб бормоқда.

Мен ўз тажрибамдан яхши биламан, катта байрамларимизни – бу Мустақиллик, Наврўз ёки Конституция байрами бўладими – уларни ўтказишда бизни энг қийнайдиган, хунобимизни чиқарадиган нарса – бу эстрада дастури эканини ҳаммангиз яхши биласиз. Минг афсуски, мана шу ҳолат ҳали ҳам барҳам топгани йўқ.

Эстрада санъатидаги камчиликларнинг асосий сабаблари ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик қўшиқчилар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган, изланиш, маҳоратини ошириш, янги ижодий ғоялар билан яшаш, санъат дунёсига, мухлисларга ҳурмат каби тушунчалар уларга бегона бўлиб қолган, десак, қанчалик аччиқ бўлмасин, бу ҳам ҳақиқат.

Шундай санъаткорлар ҳам борки, унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради, ҳол-жонингизга қўймайди. Унвон олдими, тамом, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетади. Улардан унвонга яраша, халқнинг эътиборига яраша ижод қани, деб сўраш ўринлими ёки йўқми? Ижодкорнинг талаби билан бирга бурчи ҳам бўлиши керак эмасми?

Шу муносабат билан мусиқа санъати соҳасида фахрий унвонлар, авваламбор, “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” каби мукофотлар билан тақдирлаш масаласини, бу борада қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатларни танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ўйлайман.

Кўпчилигимиз яхши биламиз, илгари “Халқ артисти” деган унвон олиш учун санъаткор неча ўн йиллар самарали ижод қилиши талаб этиларди. Масалан, машҳур ҳофиз Таваккал Қодиров “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олганидан кейин – шунга эътибор беринг – орадан 25 йил ўтиб, “Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирланган эди. Яқин ўтмишдан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шу маънода, унвон беришда санъаткорнинг фақат тўртта қўшиғи эмас, унинг ижтимоий фаоллиги, муносиб шогирдлар тарбиялагани, эл-юрт ўртасидаги обрў-эътибори, энг муҳими, санъатга садоқати устувор мезон сифатида белгиланиши шарт. Бошқача айтганда, биз бу юксак унвонларнинг нуфузи ва обрўсини сақлашимиз лозим.

Бизнинг халқимиз – санъатсевар халқ, ўзи севган, ёқтирган ижрочиларни нафақат телевизор ёки саҳнада, балки ўзининг яхши кунларида, тўй-ҳашамларида ҳам кўргиси келади. Буни ҳаммамиз тўғри тушунамиз. Минг афсуски, бугунги эстрада хонандаларининг аксарияти ҳали Янгийўлга, ҳали Шовотга, ҳали Янгиқўрғонга, ҳали Чироқчига тўйга қатнаш билан овора. Бошқа бирон масала билан иши йўқ.

Албатта, санъаткорда ҳам оила, бола-чақа бор, уларнинг ҳам ҳаётий эҳтиёжлари бор. Буниям тўғри тушунамиз. Лекин ижодни пулга, мол-дунёга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади. Охир-оқибатда ҳар қандай ёрқин истеъдод ҳам сўниб, эл-юрт назаридан қолади.

Шу ўринда, яна бир масалага сизларнинг эътиборингизни қаратмоқчиман. Гап санъаткор одоби, уларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти, муомаласи билан бошқаларга, энг аввало, ёшларимизга ўрнак бўлиши зарурлиги ҳақида бормоқда.

Хушовоз хонанда Санобар Раҳмонованинг бир пайтлар куйлаган дилбар қўшиқларини томошабинлар ҳозир ҳам соғиниб эслайдилар. Бу санъаткор телеэкранда ҳам, саҳнада ҳам иболи, ҳаёли, ҳақиқий ўзбек қизининг қиёфасини, чинакам образини яратиб, қанча-қанча қизларимизга ибрат бўлган эди.

Афсуски, бугун телевидение орқали берилаётган баъзи клипларни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмай қолди. Ҳар бир ҳаракатида ғарбга тақлид сезилиб турадиган, очиқ-сочиқ кийинган ёшларни кўриб, наҳотки шулар ҳам бизнинг фарзандларимиз, бизнинг миллатимиз вакиллари бўлса, деб ўйлаб қоласан киши.

Албатта, бундай муаммолар санъатни муқаддас деб биладиган устоз ижодкорларимизни ҳам қийнаётгани табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзбекконцерт” қошида “Ўзбекистон халқ артистлари” клубини ташкил этсак, нима дейсизлар?

Ушбу клуб аъзолари мунтазам йиғилишиб, юртимиз ва жаҳон санъат оламида юз бераётган ижодий жараёнларни муҳокама қилиб борса, юқорида тилга олинган камчилик ва муаммоларни ечиш, ёш истеъдодлар тарбияси, маданиятимизни равнақ топтириш бўйича янги ғоя, ташаббус ва таклифлар билдириб борса, ўйлайманки, фойдадан холи бўлмасди. Клубнинг энг фаол аъзолари бўлган Халқ артистларини йил якуни бўйича эътироф этиб, рағбатлантириб боришни ҳам йўлга қўйиш лозим.

Сизларга маълумки, собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, фақат Ўзбекистонда эстрада ижодкорлари аҳолига маданий хизмат кўрсатишдан топадиган даромадлари бўйича солиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилинган. Айтайлик, хонандаларимиз ўзининг гастроль-концерт фаолиятини амалга ошириш учун бир йилда бир марта белгиланган тартибда маълум миқдордаги маблағни тўлаб, лицензия олади. Бўлди. Бошқа солиқ йўқ. Аксарият қўшиқчилар мана шу лицензияга тўлайдиган пулини битта тўйда топиши ҳам сир эмас.

Шунинг учун баъзан молия ва солиқ идоралари томонидан эстрада хонандаларини, бошқа давлатлардаги каби, даромад солиғига тортиш бўйича таклифлар билдирилади. Лекин биз азбаройи санъатимиз, маданиятимиз ривожини, халқимизнинг маънавий савиясини юксалтиришни ўйлаб, бу таклифларга розилик бермай келаяпмиз.

Ҳаммангиз тушунасиз, саломга яраша алик ҳам бўлиши керак. Халқимиз санъаткорлардан яратилган ана шундай имконият ва имтиёзларга яраша жавоб кутишга ҳақли, албатта.

Шу муносабат билан бугун бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтишни зарур, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз.

Кимда-ким бу соҳаларга фақат пул ишлаш, фақат иқтисодий фойда кўриш мақсадида кираётган бўлса, улар, марҳамат, тадбиркорлик, бизнес соҳасига борсин. Мана, бу борада қанча-қанча имконият ва имтиёзлар яратиб беряпмиз – шу соҳага ўтиб ишласин. Лекин ижодий ишларга аралашиб, ўзини ҳам, санъат деган муқаддас тушунчани ҳам беобрў қилмасин. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутишга ҳаққи йўқ.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, яна бир муҳим, таъбир жоиз бўлса, нозик бир масала хусусида сизлар билан маслаҳатлашиб олишни зарур деб биламан.

Жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп-кўп одамлар менга айтаяпти, Виртуал қабулхонага ёзяпти, “Тўй-маъракаларимизни бир тартибга солиб беринглар”, деб мурожаат қиляпти. Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз.

Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.

Мана, Тошкентдаги тўйларда “келиннавкар” деган яна бир бало чиқибди. Нима эмиш, энди келиннинг ота-онаси қизига қўшиб унинг ўнлаб дугоналарини ҳам бир хил кийинтириши, ясантириши керак экан. Бундай бемаза қилиқлар қаердан чиқяпти? Ёшларимиз кимдан ўрганяпти буни?

Яқинда ўтган “Камолот” қурултойида мен ёшларнинг оғзини пойладим. Бирорта йигит ёки қиз чиқиб, “Эй, дўстлар, тенгдошлар, биз уйланамиз, турмушга чиқамиз деб ота-оналаримизни ниҳоятда қийнаб қўйдик. Келинглар энди, уларни бундай оғир ташвишга қўймайлик, келажагимизни, миллатимизнинг шаънини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказайлик”, деган гапларни айтармикан, деб кутдим. Афсуски, улардан бу масалада ҳеч қандай фикр эшитмадим.

Тўй-маърака – бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала эканини инобатга олган ҳолда, Бош вазир А.Арипов, Бош вазир ўринбосари Т.Норбоевага тегишли ташкилотлар билан биргаликда оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича бир ой муддатда Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширилади.

Қадрли юртдошлар!

Албатта, адабиёт ва санъат, маданият соҳаларида юзага келган жиддий муаммо ва камчиликларнинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Буларни барчамиз яхши тушуниб турибмиз.

Бугун биз “ижодкорларимиз ишламаяпти”, деб сизлардан, сизлар эса “давлат ёрдам бермаяпти”, деб бизлардан гина қилиб ўтиришимизнинг мавриди эмас. Келинглар, бугун ўз олдимизга “Ким айбдор?” деб эмас, “Ким нима қилиши керак?” деган савол қўяйлик.

Мен биламан, юксак маданиятли, камтарин инсонлар сифатида сизлар иш шароитингиз ёки моддий аҳволингиз ҳақида шикоят қилмайсиз. Бугунги учрашувга тайёргарлик кўриш жараёнида тегишли соҳа мутахассислари билан биргаликда сизларни қийнаётган муаммоларни атрофлича ўрганиб чиқдик ва уларнинг ечимлари бўйича бир қанча қарор лойиҳаларини тайёрладик.

Рухсатингиз билан, ана шу ҳужжатларнинг қисқача мазмуни билан сизларни таништириб ўтсам.

Биринчидан. Маънавий ҳаётимизни янги, юксак босқичга кўтариш, авваламбор, Бастакорлар, Рассомлар, Театр арбоблари ва Журналистлар ижодий уюшмаларининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш, муносиб иш ва турмуш шароитини яратиб беришга хизмат қиладиган “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланганини маълум қилмоқчиман.

Ушбу фондни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан 20 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилади ҳамда у 2022 йилга қадар барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинади.

Иккинчидан. Сизларга маълумки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил топганига 70 йил тўлганига қарамасдан, ҳозиргача ўз биносига эга бўлмасдан, ижара биноларда фаолият кўрсатиб келаётган эди. Шуни ҳисобга олиб, Адиблар хиёбони ҳудудида Уюшма учун алоҳида бино қуриляпти. Насиб қилса, мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами арафасида уни ёзувчиларимиз ихтиёрига топширамиз. Ушбу янги бинода “Ижод” жамоат фонди, шунингдек “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”, “Ёшлик” журналлари ҳам жойлашади.

Шунингдек, бу ҳудудда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида 2 та кўп қаватли уй барпо этиш, шу тариқа ушбу ҳудудни том маънода адиблар масканига айлантириш кўзда тутилмоқда.

Яқин келгусида Зомин ва Паркент туманларининг сўлим ва хушманзара, илҳомбахш ҳудудларида ижодкор зиёлиларимиз учун замонавий ижод уйлари – коттежлар қурилиши режалаштирилмоқда. Бу коттежлар ижодий иш учун маълум муддатга ижарага берилади. Уларга йўлланма билан борадиган адиб ва санъаткорларимиз ҳам ижод қилади, ҳам ёшларга маҳорат сирларидан сабоқ беради, деб умид қиламиз.

Маълумки, бир вақтлар Ўзбекистон Миллий университети қошида Олий адабиёт курси ташкил этилган эди. Ҳозирги вақтда унинг фаолияти нима учундир тўхтаб қолган. Сабабини суриштирсак, ушбу курс битирувчиларига тегишли давлат гувоҳномасини бериш масаласида муаммо бўлган экан. Мен ўйлайманки, бу курс ёш истеъдод эгаларини тарбиялаб вояга етказишда жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бу масалани ўрганиб, тегишли таклиф киритишини сўрайман.

Иқтидорли ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий камолоти учун барча шароитларни яратиб бериш устувор вазифаларимиздан бири бўлиши керак. Шу маънода, сизлар билан яна бир таклифни ўртоқлашмоқчиман.

Эсингизда бўлса, илгари яхши бир анъана бор эди. Яъни, маданият ва санъатнинг барча йўналишлари бўйича истеъдодли ёшларнинг республика миқёсидаги семинарлари ўтказиларди. Ана шу эзгу анъанани тиклаб, адабиёт, театр ва кино, мусиқа ва тасвирий санъат, журналистика соҳаларига кириб келаётган ёш истеъдод эгалари учун Ўзбекистон ёш ижодкорларининг семинарини ташкил этсак, нима дейсизлар?

Бу ижодий анжуман ёшларимизни маҳорат сирларига ошно қилиш билан бирга, улар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ҳам қарор топтиришга хизмат қилган бўларди.

Учинчидан. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг тўлақонли фаолият юритишини таъминлайдиган молиявий механизм, орадан 20 йилдан ошиқ муддат ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз аниқ белгиланмаган. Уюшмани алоҳида бино билан таъминлаш масаласи ҳам неча йиллардан бери ечилмай келмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини кучайтириш бўйича қарор лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Ушбу қарорда Уюшманинг молиявий манбаларини аниқлаш, вилоят бўлимларининг моддий-техник базасини кучайтириш, Уюшма ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш каби масалалар ҳам ўз амалий ифодасини топади. Ёзувчилар уюшмаси йил охирига қадар янги бинога кўчиб ўтиши муносабати билан унинг Ислом Каримов кўчаси, 16-“А” уйда жойлашган идораси Журналистлар ижодий уюшмасига берилишини сизларга маълум қилмоқчиман.

Тўртинчидан. Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш бўйича ҳам Президент қарори тайёрланмоқда. Унга кўра, Бадиий академия аъзоларининг ижтимоий таъминот шароитлари Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоларининг ижтимоий таъминот шароитларига тенглаштирилмоқда. Қарор лойиҳасида яна бир муҳим масала, яъни рассом ва ҳайкалтарошлар томонидан яратилган асарларни давлат музейларига сотиб олиш учун Маданият вазирлигига ҳар йили 2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш белгиланган.

Бешинчидан. Бугун биз Бастакорлар уюшмасининг фаолиятини танқид қилдик. Лекин кўп йиллар давомида бу Уюшмани ўз ҳолига ташлаб қўйганимиз, унинг аҳволидан хабар олмаганимиз – буям ҳақиқат. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бастакорлар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, композитор ва бастакорларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзда тутадиган Президент қарори лойиҳаси тайёрланди.

Яна ўқинг:  Замонавий, кўркам ва муҳташам

Олтинчидан. “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳам Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, “Ўзбекфильм”, “Қорақалпоқфильм” ва Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияларини таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, энг замонавий технологиялар билан таъминлаш, янги кинотеатрлар қуриш кўзда тутилмоқда.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги учун давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқариладиган бадиий фильмлар сонини 2018 йилда 20 та, 2020 йилда 30 тага, мультипликацион фильмлар сонини эса 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб 50 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Агентлик ҳузурида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси тузилиши белгиланган.

Еттинчидан. 2002 йилда ташкил этилган Ўзбекистон давлат консерваториясининг бугунги фаолияти, жумладан, қабул квоталари, ўқув дастурлари ва қўлланмалари, профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва ижодий салоҳияти, моддий-техник базаси, ётоқхоналарнинг аҳволи талабга жавоб бермай қолгани бу ерда ўтирган аксарият ижодкорларимизга яхши аён. Бугунги кунда бу ерда 700 нафар ўрнига 1352 нафар талаба таҳсил олаётгани ҳам албатта таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарорга кўра, бу ерда ўқув бинолари етишмай қолганини инобатга олиб, унинг Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик проспектида жойлашган аввалги биносини қайтариб бериш кўзда тутилмоқда. Бу бинода фаолият кўрсатаётган В.Успенский номидаги академик мусиқа лицейи ўқувчилари ўзларининг олдинги биносида ўқишни давом эттиришлари учун имконият етарли.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг энг яхши санъат коллежлари негизида Ўзбекистон давлат консерваториясининг ижодий таянч марказларини ташкил этиш режалаштирилган.

Айни вақтда, консерватория фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун унинг ҳузурида махсус фонд тузилади. Бундан ташқари, собиқ Свердлов концерт залини ҳам капитал таъмирлаб, консерватория ихтиёрига берамиз. Консерватория ёнида унга янги ётоқхона барпо этилади. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги мавжуд замонавий санаторийлардан бири консерватория ва умуман, шу йўналишдаги таълим муассасалари жамоаларига ажратилади.

Мусиқа санъати соҳасидаги ушбу етакчи олий ўқув даргоҳининг нуфузи ва мақомини янада ошириш мақсадида Маданият вазири айни вақтда консерватория ректори вазифасини бажариши ҳам қарорда белгиланган.

Саккизинчидан. Сизларга маълумки, бутун дунёда маданият вазирликлари шу мамлакатнинг юзи ҳисобланиб, энг гўзал, энг салобатли биноларда фаолият олиб боради. Афсуски, бизнинг вазирлигимиз ҳозирги вақтда ноқулай бир шароитда, асосан расмий идоралар жойлашган бинода иш олиб бормоқда. Бу эса маданий жамоатчилигимиз, ижод аҳлининг вазирликка бемалол, эркин кириб-чиқишига, бу ерда турли ижодий тадбирлар ўтказишга тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун пойтахтимизнинг Тарас Шевченко кўчасидаги 1-уйни – илгари Ташқи савдо вазирлиги жойлашган кўркам, тарихий бинони Маданият вазирлигига ажратиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Тўққизинчидан. Бугунги кунда адабиёт ва санъат, умуман маданият соҳаларида мавжуд муаммо ва камчиликларнинг туб илдизларини таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, уларнинг аксарияти малакали кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ экани аён бўлади.

Юқорида маданият ва санъат муассасаларида меҳнат қилаётган кадрларнинг 50 фоиздан зиёди олий маълумотга эга эмаслигини айтиб ўтдик. Айни вақтда, республика театрларида 45 фоиз ижодий ходимлар тегишли олий маълумотга эга бўлмаган ҳолда фаолият юритаётгани, туманларда жойлашган болалар мусиқа ва санъат мактабларида ишлаётган ўқитувчиларнинг 72 фоизи ўрта махсус маълумотга эга экани ҳам барчамизда жиддий ташвиш уйғотади.

Яқинда Қўқон шаҳар мусиқали драма театрига борганимизда ҳам худди шундай аҳволга дуч келдик. У ерда ишлаётган жами 53 нафар ижодий ходимнинг атиги 11 нафари олий маълумотга эга, холос. Қолган 42 нафарини ўрта махсус ва ўрта маълумотга эга ходимлар ташкил этади. Албатта, бу муассасаларда ишлаётган ёш йигит ва қизлар астойдил интилиб ҳаракат қилаётган бўлса-да, барибир уларнинг фаолиятида зарур билим ва малака етишмаётгани сезилиб турибди.

Шунинг учун ҳам аввало маданият ва санъат йўналишидаги олий ўқув юртлари, лицей ва коллежлар, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур.

Мана, юртимизда қанча болалар мусиқа ва санъат мактаблари бор, айни вақтда миллий адабиётимиз ва санъатимизнинг атоқли намояндалари номида янги ижодий марказлар ташкил қиляпмиз. Хўш, уларда кимлар меҳнат қиляпти? Ёшларимизга ижод сирларини кимлар қай даражада ўргатяпти? Таниқли санъаткорларимиз, ёзувчи ва шоирларимизнинг бу мактаблар билан алоқаси қандай?

Хабарингиз бор, яқинда юртимизда атоқли санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик юбилейи катта тантана билан нишонланди. Ушбу тадбирларда бу ерда ўтирган кўпчилик ижодкорларимиз иштирок этди. Қўшни республикалардан – Қозоғистондан, Тожикистондан меҳмонлар келди. Машҳур ҳофиз Жўрабек Муродовнинг самимий сўзларини ҳаммамиз ҳаяжон билан эшитдик.

Қаранг, Комилжон Отаниёзовнинг нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиё бўйича қанча-қанча шогирдлари бор экан. Шу гапларни эшитганда, шахсан мен, буюк ҳофизимизнинг қўшиғидан ҳам шогирди кўп экан, деб ўйлаб қолдим.

Қани, айтинг-чи, бугун қайси Халқ артистимиз ўзининг шундай муносиб шогирдлари борлиги, шогирдпарварлиги билан мақтана олади? Шу саволлардан келиб чиқиб, сизларга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Республикадаги ҳар бир мусиқа ва санъат мактабига, ижодий марказларга таниқли адабиёт, санъат ва маданият намояндаларини бадиий раҳбар ёки директор сифатида тайинласак, улар учун барча шарт-шароитларни яратиб берсак, нима дейсизлар?

Мана, даврамизда Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Ортиқ Отажонов, Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозов, Зулайҳо Бойхонова, Озодбек Назарбеков, Ғафур ва Ғулом Эшжоновлар, Гулсанам Мамазоитова каби Халқ артистлари ўтирибди. Сизларнинг ҳар бирингиз биттадан санъат коллежи ёки мусиқа мактабига бориб раҳбарлик қилсангиз, мен ўйлайманки, бундан санъатимиз фақат ютган бўлар эди. Айни вақтда юзлаб шогирдлар етиштириб, ўзингизга ҳайкал қўйган бўлардингиз.

Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқовни ёш дикторлар мактабига раҳбар қилиб қўйсак, иқтидорли ёшларимиз у кишидан жуда кўп билим ва тажрибаларни ўрганган бўлар эди.

Машҳур созандамиз Абдуҳошим Исмоиловнинг мақом ансамблига раҳбарлик қилиши албатта яхши. Лекин у кишининг ижодий салоҳиятидан ёшлар ҳам баҳраманд бўлса, нур устига нур бўларди. Мен мақом йўналишида янги коллеж ёки мусиқа мактаби очишни, унга Абдуҳошим Исмоиловни раҳбар қилиб тайинлашни таклиф қиламан.

Биз халқимизнинг ноёб мероси бўлган мақом санъатини нафақат юртимизда, балки бутун дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш, керак бўлса, халқаро миқёсда мақом танловларини ташкил этиш устида ишлашимиз керак.

Сизларга маълум, ҳозирги вақтда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус шаҳридаги филиали муваффақиятли фаолият кўрсатяпти. Шу ижобий тажрибани давом эттирган ҳолда, Қўқон шаҳрида ҳам мазкур институтнинг филиалини ташкил этяпмиз. Бу ўқув юрти Фарғона водийси вилоятлари учун юқори малакали маданият ходимларини тайёрлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Қўқон шаҳрида санъат аҳли учун янги кўп қаватли турар жой биноси ҳам қуриб фойдаланишга топширилади.

Юқорида зикр этилган барча масалаларни комплекс ҳал этиш бўйича Бош вазир А.Арипов, Давлат маслаҳатчилари Х.Султонов, А.Юнусхўжаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, халқ таълими вазири У.Иноятов, маданият вазири М.Муратов, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.Зокиров бир ой муддатда тегишли таклифлар киритишлари зарур.

Ўнинчидан. Бугун маърифатли дунёда шундай анъана мавжудки, йирик компаниялар, банклар, фирмалар маданий ташкилотларга ҳомийлик қилишни ўзлари учун шараф деб биладилар. Баъзан, қани эди, бизда ҳам шундай ҳомийлар кўпайса, деб орзу қиламан.

Аждодларимиз ўз даврида яратган илмий ва ижодий мактабларнинг вужудга келишида аввало ана шундай маърифатпарвар ҳомийларнинг ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамият касб этгани яхши маълум.

Шундан келиб чиққан ҳолда, яна бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари”ни ташкил этсак, уларга йирик корхона, банк ва компанияларни ҳомий сифатида бириктириб қўйсак, шартнома асосида уларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйсак, нима дейсизлар?

Масалан, Миллий банк раҳбари Сухроб Холмуродов биз Ўзбекистон давлат консерваториясини оталиққа оламиз, “Консерваториянинг дўстлари клуби”ни тузиб, унга раҳбарлик қиламиз, деган ташаббус билан чиқяпти.

Олмалиқ кон-металлургия компанияси раҳбари, сенатор Александр Фармонов эса “Биз Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг дўстлари клубига раҳбарлик қилсак”, деган таклифни билдиряпти. Халқ банки “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг дўстлари клуби”га раҳбарлик қилмоқчи.

Яқинда фаолияти тўхтаб қолган Театр арбоблари уюшмасини қайта тиклаш тўғрисида таклифлар билдирилмоқда. Бу уюшма фаолиятига “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг ҳомийлик қилиш ҳақидаги ташаббусини биз албатта қўллаб-қувватлаймиз. “Ўзозиқовқатсаноатхолдинг” холдинг компанияси Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига ҳомийлик қилмоқчи.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Ўзбек Миллий академик драма театри билан ёнма-ён жойлашган. Компания раҳбарияти “Қўшнимга ёрдам кўрсатаман, Миллий театрнинг дўстлари клубига раҳбарлик қиламан”, деяпти. Раҳмат уларга.

Шулар қаторида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига – “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбек давлат драма театрига – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи­, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига – “Ўзсаноатқурилишбанк”, Республика ёш томошабинлар театрига – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Республика қўғирчоқ театрига – “Ўзэлтехсаноат” компанияси ҳомийлик қилиш истагини билдирмоқда.

Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрини эса – “Капиталбанк”, Ўзбекистон академик рус драма театрини – “Ўзагросуғурта” компанияси, Ўзбекистон ёшлар театрини – “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти, Республика сатира театрини – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, “Томоша” болалар театр-студиясини – “Алоқабанк”, “Дийдор” театр-студиясини – “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки оталиққа олмоқчи.

Худди шу асосда Бастакорлар уюшмасига – “Асака банк”, Рассомлар уюшмасига – “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига – “Ипотека банк”, Миллий рассомлик ва дизайн институтига – “Ўздонмаҳсулот” компанияси, “Ўзбеккино” миллий агентлигига – “Ўзавтосаноат” компанияси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига – Республика товар-хомашё биржаси ҳомий бўлиш ташаббуси билан чиқмоқда.

Мамлакатимиздаги етакчи музейларни, аввало Адабиёт музейини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш бўйича Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев амалий таклифлар билдирмоқда.

Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят ҳокимликлари ўз ҳудудларидаги театрларга ҳомийлик қилиб, уларнинг фаолиятини кучайтириш учун 1 миллиард сўмдан маблағ ажратиш ниятида экани барчамизни хурсанд қилмоқда.

“Ўтган кунлар” фильмида Юсуфбек ҳожи айтганидек, қаранг, бизнинг шундай маърифатпарвар раҳбарларимиз бор экан-у, биз бехабар юрган эканмиз. Келинглар, барчамизнинг номимиздан уларга раҳмат айтиб, ишларига муваффақият тилайлик.

Мен ишонаман, бу раҳбарларимиз ижодий уюшмаларга нафақат моддий, балки энг аввало, маънавий ёрдам берадилар. Яъни, оила аъзолари, меҳнат жамоалари билан биргаликда театрларга, кино ва кўргазма залларига, концертларга бориб, бошқаларга намуна кўрсатсалар, нур устига нур бўларди.

Яна бир муҳим масала – ижодий соҳалар, жумладан, оммавий ахборот воситаларини бугунги талаблар асосида янада ривожлантириш мақсадида солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича белгиланган қўшимча имтиёз ва преференциялар муддатини яна 5 йилга узайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Энг муҳими, бадиий ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига тўланаётган қалам ҳақи – гонорар миқдорини сезиларли даражада оширишга доир қарор лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилмоқда ва у яқин кунларда қабул қилинади.

Таъкидлаш жоизки, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги ишларимиз ҳам талабга жавоб бермайди. Шу мақсадда Интеллектуал мулк агентлигининг фаолиятини танқидий кўз билан қайтадан кўриб чиқиш зарур.

Ижод аҳлини қийнаб келаётган муаммолардан бири – бу уй-жой масаласи билан боғлиқ. Мана шу долзарб муаммони ечиш учун Тошкент ва Нукус шаҳарларида, барча вилоятлар марказларида имтиёзли кредит асосида “Ижодкорлар уйлари” барпо этилиб, бу уйлардан адиблар, рассомлар, актёр ва режиссёрлар, композиторлар, маънавият тарғиботчилари, оммавий ахборот воситаларининг фаол вакилларига, шу жумладан, истеъдодли ёш ижодкорларга квартиралар ажратилади.

Маълумки, ҳозирги вақтда пенсия ёшидаги ижодкорлар энг кам иш ҳақининг 2 баробаридан кўп миқдорда қалам ҳақи олган тақдирда, уларнинг пенсиясидан 50 фоиз маблағни ушлаб қоладиган тартиб мавжуд. Бир вақтлар узоқни кўзламаган баъзи мансабдорлар томонидан жорий этилган бу тартиб айни ижодий камолотга етган ижодкорларимизнинг рағбатини сўндиришга хизмат қилаётгани сир эмас.

Шу муносабат билан Бош вазир А.Арипов, Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, молия вазири Б.Хўжаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиевга бир ой муддатда ушбу масала бўйича тегишли таклиф тайёрлаш вазифаси топширилади.

Муҳтарам дўстлар!

Биз жамиятимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз.

Айни пайтда шу мақсадни ўзида ифода этган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” қарор лойиҳаси тайёрланаётганини сизларга маълум қилмоқчиман.

Ҳаммангизга маълум, матбаа корхоналари учун зарур қоғоз ва бўёқ маҳсулотлари четдан валюта эвазига олиб келинаётгани китоб, газета ва журналлар нархининг қимматлашишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, биз республикамизда замонавий қоғоз саноатини йўлга қўйиш бўйича фаол иш олиб боряпмиз. Бу борада яқинда Хитой давлатига бўлган сафаримиз чоғида “Син папер индастри” компанияси ва бошқа ташкилотлар билан келишувга эришилди.

Вазирлар Маҳкамаси (А.Раматов), Ташқи савдо вазирлиги (Ш.Тўлаганов), Инвестиция давлат қўмитаси (А.Аҳмадходжаев) бу лойиҳани белгиланган муддатларда бажариш чораларини кўриши керак.

Мана, азиз дўстлар, кўриб турганингиздек, адабиёт ва санъат, маданият соҳасини замон талаблари асосида тараққий топтириш мақсадида қанча қарорлар, қанча лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Бугунги учрашувда сизлар билдирадиган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар асосида, биз бу ҳужжатларни янада такомиллаштириб, шундан кейин албатта қабул қиламиз.

Маданий ҳаётимиз равнақи йўлида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган бу ишларни амалга ошириш, рўёбга чиқаришда сиз, муҳтарам ижодкор зиёлиларимиз фаол иштирок этиб, ўз муносиб ҳиссангизни қўшасизлар, деб ишонаман.

Азиз ватандошлар!

Миллионлаб одамларнинг эътиборида бўлган, маданият, адабиёт ва санъат деган муқаддас даргоҳга қадам қўйган ҳар бир ижодкор, ҳеч шубҳасиз, аввало ўз халқининг қалбига қулоқ солиб, унинг дардига дармон бўлишга интилади. Сизларнинг барчангизни мен ўз ижодий фаолияти билан мана шундай ҳаётий эътиқодга умрбод амал қилиб келаётган фидойи инсонлар, деб биламан.

Мен шу ўринда аввал билдирган бир фикримни яна такрор айтмоқчиман. Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади.

Шу эзгу мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, оилавий фаровонлик, фарзандлар камолини кўриш бахти насиб этишини тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: