Онамнинг юлдузи

Ёз оқшомлари сомон сувоқ супада ака-укалар онамизнинг бир томонида, опам ва синглим иккинчи томонда ёшимизга қараб тизилиб ётамиз. Уйқуга кетгунимизча навбатма-навбат катталар эртак айтишади, бир муддат ҳамма истакларинг ижобат бўладиган сеҳрли эртаклар олами барчамизни кўп бор қайғу-ғами, пировард натижадаги қувончи билан ўз оғушига сингдириб олади. Тун узун, эртаклар саноқли, кимдир янги эрмак топади:

– Қани “Етти қароқчи”ни ким биринчи кўрсатиб беради?

Аслида у дастлаб “Етти қароқчи”ни кўзи билан мўлжалга олган, сўнгра янги ўйинни таклиф этган бўлиб чиқади.

– Етти оға-ини,етти юлдуз, етти маротаба санасанг савоб бўлади…

Ўйиннинг энг оғир шарти шу сўзларни нафас олмасдан етти бор такрорлаш керак, бир зумда “қий-чув” бошланиб кетди:

– Эй, ғирромлик қилма, нафас олдинг-ку.

– Ўйиндан чиқсин.

– Энди менинг навбатим.

Эрмаклар ўрин алмашинаверади, ҳар ўйин ўзгарганида сафимиздан кимнидир уйқу элитган бўлади. Кенжатой укамнинг кўзи илинганидан фойдаланиб онамнинг иссиқ қучоғига кираман, негадир кўзларим юмилишига юлдузлар жимири йўл қўймайди. “Вой-бу, бунчалик кўп бўлмаса улар”, осмоннинг қайсидир буржидаги юлдуз чақиндек кўк бағрига из солиб сўнади.

– Уф-ф, – дейди онам чуқур хўрсиниб, – ҳарна кофирнинг бошига бўлсинда.

– Нега ундай дейсиз, – сўрайман қизиқсиниб.

– Айтишларича фалакда ҳар кимнинг ўз юлдузи бўларкан, кўкда юлдуз учганда қайсидир инсоннинг ҳаёти поёнига етармиш.

Онамнинг мулоҳазалари сабаб фалакдан ўз юлдузимни қидира бошлайман, бошқаларидан шуъладорларини отамга, ака-укаларимга, опам ва синглимга тақсимлайман, негадир ҳар гал энг ёрқин юлдуз онамники бўлиб чиқаверади, гўё таратаётган нури волидам алласига монанддек, ярим тун иссиқ бағир ва шу жимир сеҳрида уйқуга кетаман…

…Орадан йиллар ўтди, улғайдим, уч ўғил, уч қизнинг отасиман, қай кундир иситмам ошиб ётиб қолдим, туни билан алаҳсираб уйдагиларга тузук уйқу бермабман, тонгга яқин кўзим илинибди, юзимни силаган ғадир-будир, аммо меҳрибон илиққина кафт тафтидан кўз очаман – онам:

– Яхши бўлиб қолдингми болам, ўзингга қараб, иссиққина кийиниб юрмайсанми?..

Онам жони ачиб нималарнидир гапирарди, мен эса ўзим учун азиз ва мўътабар зотнинг чуқур ботган кўзларидан, бироз сўлғин тортган чеҳрасидан ниманидир излаб тикиламан ва топаман, беихтиёр шивирлайман: “Рост экан”.

Яна ўқинг:  Kulgu-shifo (2015-28)

Бундан беш-олти кун илгари эрталаб ишга отланаётганимда кенжа қизим:

– Дада, момом касал ётибдилар, – деганди.

Мен эса индамайгина йўлимга кетган, кўп ўтмай унинг айтганларини унутгандим. Ҳар кун ҳовлига ким неча бор кириб чиқсамда онамнинг ҳужрасига бурилиб, хабар сўрашга бир муддатгина вақт топмабман-а, ўз волидаси қадрига етмаган фарзанд, мен кимман ўзи? Балки “Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада” деганлари шудир. Онам ҳаётининг сўнгги даврларида мен билан бир ҳовлида яшади. У киши қизим билан яшайдиган уй олдида отамерос ёғоч сўри бўларди, гоҳ иш, гоҳ гап-гаштакка берилиб, ҳар кун тун яримлаб қолганда оёғим йиғиларди. Шундай пайтлари мен уйга қайтиб келгунимча онам раҳматли ҳоҳ совуқ, ҳоҳ иссиқ бўлсин сўрида чўмичдеккина бўлиб ўтирар, балки гоҳида мургилаб ҳам олармиди, аммо оёқ товушим эшитилганидан:

– Болам, соғ-омон келиб қолдингми, бунча кеч изғиб юрмасанг, қаерда эдинг, – деб сўрарди.

Баъзан у кишининг “ҳа” деб тергайверишларидан энсам қотарди:

– Энди ёш боламидим, мени бўри ермиди, ётмайсизми набирангизни қучоғингизга олиб.

– Хаҳ, болама, отанг ўтгандан буён сенга суяниб қолганман, эркаксиз уйда тинч ухлаб бўлармиди?!

* * *

Беланчакнинг ғижирлаши уйқумни қочирди.

– Нима гап, онаси, – сўрадим бетоқат бўлиб беланчак тебратаётган хотинимга.

– Келинингиз боласини келтириб кетди, ухламаётган эмиш.

– Таглигини ҳўлламаган эканми?

– Йўқ.

– Бўлмаса қулоғи оғригандир.

– Боя пешинда кўшнимизнинг келинига илтимос қилиб, қулоғига сутини соғдиргандим.

– Боласи ўғил эканми?

– Қиз шекилли.

– Қизнинг сути қизга наф келтирмайди, ўғил боласи бор келин топиш керак эди.

Хотиним уйқу аралаш минғирлади:

– Сут бўлса бўлдида бобоси…

…Укам гўдак эди. Тоғамнинг хотини биғирлаб турган чақалоғини кўтариб келди:

– Навбаҳор опа, болам ҳеч тинчлик бермаяпти.

Онам чақалоқни бағрига босди:

– Болам, – деди у киши менга қараб. – Қозондаги чучитилган ёғни олиб кел.

Югургилаб даҳлиздан чучитилган ёғ солинган идишни кўтариб кирдим.

Онам кенг енгларини шимариб, идишдан бир қошиқ чамаси кафтларига олдилар, кейин чақалоқнинг кўйлагини кўтариб, қўллари билан ишқалашга тушдилар. Биғиллаб йиғлаётган жужиқча бир муддат кафт тафтиданми тиним олди, кейин негадир тағин йиғлашга тушди.

Яна ўқинг:  БИРИНЧИ ЎҚИТУВЧИ

– Болангнинг қулоғини оғритиб қўйибсанда эгачи. Вой қизгинам-а, сени шунчалик азоблаб қўйишдими?

Онам чақалоқни ёнбошлатиб ётқизди-да, унинг қулоғига сут соғди. Дунёни бузиб ўтирган чақалоқ бир зум лабларини буриб турди-да, пишиллаб уйқуга кетди. Онам қониқиш билан чақалоқни онасига узатди:

– Қиз боланинг қулоғи оғриса энг яхши эм ўғли бор аёлнинг кўқрак сути, шуни унутманг эгачи, – деди…

…Набирам уйни супуриб, супургини тикка қўйса койийман:

– Супургини тик қўйма қизим, уйдан барака қочади…

…Келиним дастурхонни йиғиб олмаса, жиғибийроним чиқади:

– Дастурхонни мунтазир қилманглар, “менинг қадрим йўқми” деб озорланади…

…Онамнинг ҳикматлари ҳамон хонадонимиз қут-баракасини ошириб турганга ўхшайди. У кишини хотирлаб қўлимни дуога очаман…

…Кечки пайт, фалакда юлдузлар бир-бирига кўз қисиб ўйнашар, аммо дилда олдинги туйғу йўқ, уларга бефарққина қарайман, “Етти қароқчи” ҳам, энг ёрқин сайёралар ҳам назаримни тортолмайди, ўз юлдузимни ҳам қидирмайман, мен уни аллақачон кашф этган ва йўқотишга ҳам улгурган эканман, у бир умр ёнгинамда гоҳ сезилиб, гоҳ сезилмай менга ҳамроҳлик қилган экан: ОНАМ МЕНИНГ ЮЛДУЗИМ ЭКАН. Фалак супрасига сочилган сайёралар орасида энг ёрқини – Онамнинг юлдузи эса майин жилмайиб мен сари меҳр билан қараб турарди…

Абдунаби АБДИЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: