Тиббиёт музейига саёҳат

«Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзал». Бу ибора шифокорлар томонидан кўп қўлланилади. Бироқ, ҳамиша ҳам инсонлар тиббий саводхонликка амал қилишавермайди. Кўпчилик бирор жойи оғриса дарров тез ёрдам чақиради, ёки шифокорга мурожаат этади. Жонингиз оғриб, кўзингизга дунё тор кўриниб турган пайтда оқ халатли шифокорлар атрофингизда парвона бўлишади.

Тиббиётнинг ривожланиш тарихи билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Мен Халқаро музейлар куни арафасида К.Зоиров номидаги Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш музейида бўлдим. Мазкур музей 1973 йилда ташкил этилган бўлиб, пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирида жойлашган. Бу ерда сақланаётган экспонатлар республикамизда тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасининг илк даврларидан бошлаб ҳозирги кунга қадар ривожланиш йўллари ҳақида маълумот беради.

Музей марказидан жой олган буюк аллома Абу Али ибн Синога бағишланган мемориал зал, у ердаги қизиқарли экспонатлар диққатингизни тортади. Девор саҳнидан жой олган буюк алломанинг беш жилдли «Тиб қонунлари» асари таниқли ўзбек олимлари томонидан араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинган. Шунингдек, ноёб кўргазмалардан бири ҳисобланувчи тиббий асбоблар коллекцияси макетчи Т.Изместьев томонидан табобат илми султони Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари асосида яратилганлиги таъкидланади.

Навбатдаги музей хоналарининг бирида IX-XI асрларда Маъмун академиясида фаолият олиб борган ал Хоразмий, ал-Қаси, Абу Абдуллоҳ Илоқий, Абу Саҳл Масиҳий, Абу Наср ибн Аърон, ал Беруний, Абу Мансур Бухорий, Мирзо Улуғбек каби олимлар, шифокорлар, буюк алломаларнинг бадиий расмлари жой олган. Айниқса, ўша давр­да беморларни даволашда ишлатилган идишлар, асбоб-ускуналар диққатингизни тортади.

Асосий хоналардан бирида Германиянинг Дрезден шаҳридаги Гигиена музейидан келтирилган «Шиша одам» модели ҳам музейнинг энг муҳим экспонатларидан биридир. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миқёсида бор-йўғи етти нусхада мавжуд бўлган ушбу экспонатнинг бири бизнинг юртимизга ҳам келтирилган. Эркак киши бўй басти тўла намоён эттирилган экспонатнинг шиша қобиғи орқали ички аъзолар – асаб, юрак — томир тизими, нафас, меъда-ичак ва бошқа аъзолар чироқ ёрдамида галма-гал ёритилади. Шу хонанинг чап томонида «Ўғил бола гигиенаси» залида кашандалик, пала-партиш жинсий ҳаёт кечириш натижасида келиб чиқадиган касалликлар ҳақида анатомик препаратлар, муляжлар орқали тушунча берилган. Юқумли касалликлардан ОИВ ва ОИТС тўғрисида ҳам кўргазмалар мавжуд.

Яна ўқинг:  Инсон ҳаёти учун асалари илонлардан кўра хавфлироқ эканлиги аниқланди

Ўнг томондаги «Қиз бола гигиенаси» хонасида ҳам қиз боланинг жисмоний ва руҳий ривожланиш босқичлари, унинг тўғри овқатланиши, жисмоний тарбия билан шуғулланишнинг саломатликка таъсири, шу қаторда жинсий йўл билан юқадиган касалликлар ва унинг оқибатлари муляжларда кўрсатилган. «Она ва бола» кўргазмаси ҳам қизиқарли маълумотлар ва экспонатлар билан бойитилган. Замонавий туғруқхона мажмуаси макети ҳам шу жойдан ўрин олган.

Музейнинг «Гигиена» бўлимига бағишланган кўргазмада саломатлик маъбуди Гигоянинг гипсдан ясалган экспонати жой олган. Гигиена сўзи ҳам шундан олинган бўлиб, музейга келганлар электрлаштирилган кўргазмалар ёрдамида ҳаво ва овқатланиш, болалар ва ўсмирлар, тупроқ, сув, тураржой гигиенаси билан танишадилар.

Кейинги хонадаги XIX аср ўрталаридан XX аср бошларигача Ўзбекистонда тиббиёт тарихи кўргазмасида қизиқарли маълумотлар жой олган. Таниқли олим, жарроҳ, профессор П.Боровский бюсти эътиборингизни тортади. Унинг номи билан аталган тиббиёт коллежи нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатлардаги нуфузи ҳақида унинг жарроҳлик соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси тўғрисида маълумотлар берилган. Ўша даврдаги Тошкент бозори, биринчи дорихонанинг кўриниши, Бухородаги «Лаби ҳовуз» мажмуасидаги табибларнинг тиббий анжомларига қараб ўша давр ҳаёти беихтиёр кўз олдингизда намоён бўлади.

Иккинчи Жаҳон уруши давридаги ўзбекистонлик шифокорларнинг жанг майдонлари ҳамда фронт ортидаги жасоратлари ҳақида ҳикоя қилувчи алоҳида мемориал зал мавжуд. Уруш қатнашчиларининг қатор фотосуратлари, шахсий буюмлари, орден-медаллари, машҳур олим-жарроҳ Н.Богоразнинг операция столи, америкалик шифокорлар томонидан совға этилган тиббий стерилизатор ва бошқа тиббий асбоб ускуналар намойиш этилган.

XX аср охири ва XXI аср бошларидаги тиббиётнинг ривожланиш босқичлари ҳамда бу ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган юртдошларимиз том маънодаги ўз ишининг усталари таниқли шифокор, олимлар К.Зоиров, нейрохирург М.Қориев, невропатолог В.Мажидов, Э.Атахонов, таниқли олим-жарроҳ В.Воҳидов каби қатор шу соҳа фидойиларининг фотосуратлари, шахсий буюмлари, илмий китоблари эътиборингизни тортади.

– 2013 – «Обод турмуш йили»да мазкур музей фаолиятига 40 йил тўлади. Шу боис музей экспонатларини янгилаш, айниқса Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида тиббиёт соҳасида амалга оширилган кенг ислоҳотлар, бу борадаги ютуқлар ҳақида керакли маълумотларга эга бўлган кўргазмалар яратиш музей ходимлари ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги тиббий-илмий марказлар муассасалари олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Бу борада керакли маълумотлар тўплаш ишлари бошлаб юборилган, – дейди музей директори В.Болкунов.

Яна ўқинг:  АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШДА ЯҚИН КЎМАКЧИ

Музейга мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда турли ташкилотлардан меҳмонлар тез-тез келиб туришади. Бир йил ҳисобида музей жамоаси 25 минг нафарга яқин томошабинни қабул қилади. Айниқса, тиббиёт муассасалари ходимлари ва Тошкент врачлар малакасини ошириш инс­титути тингловчилари тез-те келиб туришади. Музейда фаолият олиб бораётган жамоа аъзоларидан О.Зокиров, Л.Орлова, М.Рўзиева, Д.Умматова, Ж.Казакова, А.Бочилова, У.Пелтабаевалар меҳмонларни очиқ чеҳра, ширин сўз билан қарши оладилар.

Республикамизда соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқларни аҳолига етказиш санитария-гигиена маданиятини ошириш мақсадида тиббий билимларни кенг тарғиб қилаётган музей жамоасини 18 май – Халқаро музейлар куни билан муборакбод этамиз.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: