Инсон манфаатлари – доимо эътиборда

Касаба уюшмалари фаолияти ижтимоий, маънавий ҳаётда алоҳида ўринга эга. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва яхшилаш, меҳнат жамоаларидаги ходимларнинг кайфияти ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш жараёнида булар яққол ўз ифодасини топиб бораётир.

Таъкидлаш жоизки, касаба уюшмалари маҳаллий ҳокимлик органлари билан ижтимоий ҳамкоргина эмас, балки мамлакат миқёсида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга бугунги кундаги энг долзарб масалалар, хусусан, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила­ларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя ва ишланмаларини амалга татбиқ этиш, оилалар даромадларини ошириш йўналишларидаги ишларга муносиб ҳисса қўшаётган ва янги ташаббусларни илгари сураётган йирик жамоат ташкилотидир.

Хусусан, 2017 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 17 та санаторийда жами 66 мингдан ортиқ фуқаро соғломлаштирилди.

улардан 23 минг нафардан ортиғи имтиёзли, 891 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тиклаб, мазмунли ҳордиқ чиқаришди. Эътиборлиси шундаки, кўп болали, кам таъминланган ҳамда респуб­ликамизнинг чекка ҳудудларида, мураккаб иқлим шароитида яшовчи оилалардан бўлган аёллар, тиббиёт муассасалари ҳамда таълим муассасалари ходимлари, фарзанд кўрмаган оилалар аъзолари ҳамда ишлайдиган кексаларга бепул йўлланмалар ажратилди.

Ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш доирасида 943 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти ўрганилиб, меҳнат муҳофазасига оид аниқланган камчиликлар бўйича иш берувчиларга тақдимномалар киритилди ҳамда касаба уюшмаларининг аралашуви билан 3 минг 419 та камчилик бартараф этилишига эришилди.

Шунингдек, тасдиқланган режа асосида республика бўйича ўтказилган меҳнат ярмаркаларининг 510 тасида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, 19 минг 576 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Шу билан бир қаторда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларига кўра, жами 535 нафар шахснинг меҳнат ҳуқуқи тикланиши ва ходимлар фойдасига 2 млрд. 450 млн. сўм миқдорида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг ундирилишига эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшмалари аъзоларининг пенсиядаги ота-оналаридан жами 3 минг 604 нафари санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди.

Яна ўқинг:  Чўлда даромаднинг чорасини топган азамат

– Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини санаторийларда соғломлаштириш ишлари бўйи­ча Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда мунтазам ишлар амалга оширилиб, 2017 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 1 минг 39 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. – Қувонарлиси, тизимдаги соғломлаштириш муассасаларининг моддий-техник таъминотини янада яхшилаш, хизматлар турларини кўпайтириш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2017 йилга мўлжалланган манзилли қурилиш дастурига асосан жорий йил 1-ярим йиллиги давомида “Оқтош” ва “Зомин” санаторийларида турар жой биносини қуриш, “Termiz marvaridi sanatoriysi” масъулияти чекланган жамиятида реконструкция, “Умид гулшани” санаторийсида ҳудудни ободонлаштириш, Хоразм вилоятида “Жайҳун қуёши” болалар соғломлаштириш оромгоҳини қуриш, Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида янги 200 ўринли “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳини барпо этиш ишлари амалга оширилди. Буларнинг замирида меҳнат жамоаси ходимлари ва уларнинг фарзанд­ларини мазмунли ва мароқли дам олдириш ҳамда уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилгани аҳамиятлидир.

2017 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида тизимда жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, бу орқали фаолиятнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ахборот ишларини ташкил этишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, электрон хизматларнинг интерактивлик даражасини ошириш соҳасидаги ишлар изчил давом эттирилиб, самарали натижаларга эришилмоқда.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: