“Тўртинчи ҳокимият”: унга муносиб бўлишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда

Ҳар куни ахборот бўшлиғи ни тўлдириш маҳоратига эга бўлган касб эгаларини танийсизми? Булар журналистлардир.

Оммавий ахборот воситалари эркин сўз, инсон тақдири билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий жараёнларга таъсир кўрсатувчи ҳозиржавоб минбардир. Зотан, матбуот жамиятнинг ўткир кўзи, холис ва теран нигоҳи бўлиб, халқ манфаати, орзу-интилишлари рўёбга чиқиши йўлида фаолият олиб боради. Журналист айтган сўзнинг қай даражада акс-садо бериши, унинг таъсири ва самараси жамиятимиз ҳаётидаги ўзгаришларда кўринади.

Афсуски, бугун халқ билан ҳамнафас, елкама-елка туриб, уларнинг дардини тинглайди муаммоларини ҳал эта оладиган журналистлар кўп деёлмаймиз.

Яқинда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар ижросига бағишланган “Сўз масъулияти, гражданлик позицияси, маънавий жасорат – журналист фаолиятининг бош мезони” мавзуида бўлган давра суҳбатида бу хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов ва бошқалар мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётгани, бугунги кунда барча соҳаларда янги босқичда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш, улардаги она Ватан тараққиётига хизмат қиладиган барча саъй-ҳаракатларда дахлдорлик ҳиссини янада оширишда соҳа ходимлари ҳар доимгидан-да масъулият, фидоийлик билан меҳнат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, оммавий ахборот воситаларининг таркиби ҳам тубдан ўзгариб бормоқда.

Буни юртимиздаги барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари экани ҳам тасдиқлайди.

Глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошди. Бу ресурсларнинг аксарияти хорижий тилларда фаолият кўрсатаётгани, ушбу йўналишда янги ижодий авлод – интернет журналистлари шаклланиб бораётганини кўрсатади.

Тадбирда ҳаётимиздаги мавжуд муаммоларни, Президентимизнинг «Халқ қабулхоналари» ва «Виртуал қабулхонаси»да аҳоли томонидан кўтарилаётган ўткир ва долзарб масалаларни, уларнинг сабаб ва омилларини очиб бериш каби вазифалар оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳали тўла ўз ифодасини топмаётгани айтиб ўтилди. Бу борада ижобий натижаларга эришиш учун нималарга кўпроқ аҳамият қаратиш лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Бугун давлатимиз раҳбари ҳар бир соҳани танқидий кўриб чиқаётган, ҳар бир туманни шахсан ўзи бориб, у ердаги шарт-шароитларни кўздан кечираётган бир даврда айрим журналистларнинг қўл қовуштириб ўтириши ярашмайдиган ҳолат эканлиги айтиб ўтилди.

Яна ўқинг:  Янги лаборатория иш бошлади

Шунингдек, тадбирда журналистларни етиштириб чиқараётган факультетлар масаласи ҳам муҳокама қилинди.

– Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидаги журналистика факультетларини бирлаштириш керак. Уларнинг ўрнига эса журналистлар институти ёки академиясини очиш таклифини бериш лозим. Сабаби, бугун факультетни битираётган талабаларнинг ҳаммаси ҳам журналист кадр бўлиб чиқмаяпти, – дейди Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев.

Тадбирда журналистлар малакасини ошириш институтини ҳам ташкил этиш керак, деган таклифлар билдирилди. Зеро, шифокорлар, ўқитувчиларнинг малакаси оширилаётган бир вақтда ўз қолипидан чиқмай қолган кўплаб журналистлар учун бундай институтнинг бўлиши, албатта, яхши.

Хулоса ўрнида, журналист нигоҳи худди лочин кўзидек ўткир бўлиши керак. У шунинг учун ҳам журналист. Оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимият мақомига тенглаштираётган эканмиз, демак бу минбарга муносиб бўлиш зарур.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: