Қабзиятни халқ табобати усулида даволаш
Давоми. Боши: Қабзиятни халқ табобати усулида даволаш
Ич котишидан кўпроқ кекса ёшдаги кишилар, ҳомиладор аёллар ҳамда кам ҳаракатли инсонлар азият чекишади. Бу хасталикнинг олдини олиш учун тез-тез очиқ ҳавода пиёда сайр қилиш зарур. Айниқса, ер қизиганда тупроқ, шағал ва асфальтда ҳамда ўрилган майсалар устида оёқ яланг юриш фойдали. Чунки, оёқ тагида қўл кафтлари ҳамда қулоқ супрасида бўлгани каби биологик фаол нуқталар мавжуд. Улар эса организмнинг барча ички аъзолари билан узвий боғланган. Инсон оёқ яланг юрган пайти улар таъсирланади. Бу шифобахш таъсир эса беморга ижобий кайфият бағишлайди. Аммо қандли диабет билан оғриётган беморларга оёқ яланг юриш тавсия этилмайди. Оёқ териси шикастланса унга инфекция тушиб, диабет тўпиғи ривожланиш эҳтимоли жуда юқори.
Серҳаракат ҳамда сифатли ва тўғри овқатланувчи одамларни қабзият безовта қилмайди. Ичаклар перистальтикаси (ҳаракати)ни яхшилашда таркибида дағал тола (клетчатка) бўлган кепакли қора нон истеъмол қилиш ҳамда жавдар унидан тайёрланган маҳсулотлар ҳам фойдали. Бир ош қошиқ ювилган кепакни бир стакан (200 мл) қатиққа ивитиб кун давомида 3 маҳал (600 мл. қатиқ зарур)дан оч қоринга тановул этиш ҳам қабзиятдан тез халос этади.
Аччиқ чой, кофе, какао, шоколад, оқ нон, ёғсиз манний бўтқаси, қуюқ таомлар, қаттиқ пиширилган тухум, узоқ қайнатилган сергўшт шўрва, қайнатилган гуруч, ширгуруч, ачиган қатиқ, қурт, суви қочган нон, хом нок, чала пишган хурмо, дони қотган маккажўхори сўтаси, анор каби озиқ-овқат маҳсулотларини ейиш ҳам ични қотиради. Яна ҳомиладорлик даврида бўлажак она камқонлик (анемия) дардига чалинган бўлса, у шифокор тавсиясига асосан таркибида темир моддаси мавжуд дори воситаларини ичишга мажбур бўлади. Бу дори воситалари ҳам қабзиятни келтириб чиқаради. Шу сабабли ҳомиладор аёлларга ҳам тоза ҳавода кўпроқ сайр этишни ҳамда сабзавотларни димлаб истеъмол этишни, ўрик қоқисига арпабодиён солиб дамлаб, ичиш, сабзи, қовоқ, ачитилган карам каби сабзавотлар шарбати ҳам тавсия қилинади. Ўтган сондаги мақоламизда баён этилган қабзиятнинг зарари ҳақидаги маълумотларимизга қўшимча равишда ҳомиладорлик даврида ич қотиши сабабли кучаниш веналарнинг варикоз кенгайишига ҳамда ҳомила тушиш хавфини ҳам келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидламоқчимиз.
Мева қоқилари солинган бўтқалар, қайнатилган ва димланган таомлар ҳамда курка, қуён, уй товуғи, туяқуш гўшти, чала қайнатилган тухум, балиқ, кўкатлар, янги ивитилган қатиқ, творог зардоби, шифобахш гиёҳлардан тайёрланган чой (арпабодиён дамламаси ел (газ) ҳайдайди), сархил ва яхши пишган мева-сабзавотлар бемор учун фойдали озуқалардан саналади. Газли ва рангли ичимликлар эса ични дам қилади.
Ич қотганда бажариладиган махсус машқлар
Соат мили йўналишида 10 дақиқа давомида қоринни енгил уқалаш ичаклар фаолиятини яхшилайди. Қоринни уқалаш ҳомиладор аёлларга, ҳайз даврида, меъда яраси мавжуд беморларга, хафақон (гипертония) билан оғриган хаста кишиларга, киндик чурраси бор одамларга тавсия этилмайди. Осмонга қараб ётган ҳолатда 7-10 дақиқа давомида велосипед ҳайдаётгандек машқ бажаринг. Яна бир машқ. Оёқларингизни тиззадан букиб, қорнингизга тортинг ва уларни қарама-қарши томонга чўзинг. Сўнгра тиззалаб ўтиринг ҳамда дастлаб ўнг оёғингизни узатиб, ўзингизга тортиб олинг. Ундан сўнг эса чап оёғингиз билан ҳам шу машқни такрорланг.
Тик турган ҳолатда қўлларингизни ёнбошга туширинг ва қорнингизни дам ичингизга тортинг, дам уни шиширинг. Ушбу ҳолатда тиззаларингизни баланд кўтариб, тушириб атрофни 10-15 дақиқа давомида айланиб чиқинг. Диққат! Машқлар тўқ қоринга бажарилмайди.
Гулчеҳра ШИРИНОВА