Мудом юксалгайдир парвозларимиз

ФИФА рефериси Равшан ЭРМАТОВнинг футболчилик фаолиятини қандай тугатгани ва ҳакамликка қандай қадам қўйгани ҳақида лавҳа

– Ука, инсон иродали бўлиши керак, – дейди шифокор ёш йигитнинг юзига тушкунлик ина бошлаганини кўргач. – Сен ҳаётингни энди бошлаяпсан. Футбол ўйнамаслик фожиа эмас, насиб этса, футболдан ҳам бошқа бирор соҳани танлаб, кўп муваффақиятларга эришасан ҳали. Мана, кўрасан…

Ўшанда у йигирмага ҳам тўлмаган йигитча эди.

Бу ёшда кишининг орзулари осмон бўлади. Ҳеч ким бу орзуларининг келгусида орзулигича қолиб кетишига ишонмайди, нимага интилаётган бўлсам, етишаман, деб ўйлайди. Умид – одамнинг энг дилбар йўлдоши. Аллоҳ ато этган улуғ неъмат. Болалигидан зўр футболчи бўлиши мумкин, дея истеъдоди юксак баҳоланган, ўзи ҳавас қилган Биродар Абдурайимов, Миржалол Қосимов, Игор Шквирин каби футболчи бўламан, деб ният қилиб юрган ўспирин фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ оғир жароҳат олишини, оқибатда футболчилик фаолиятини якунлашини билганида нима бўларди?.. Ҳолбуки, Яратган унинг дилидан умидни олмади, ғайрат-шижоатдан қисмади, меҳнатсевар қилди…

Кутилмаган жароҳат (болалигида шикастланиб, сўнг тузалган оёғи футболчилик даврида яна жароҳатланади) унинг келгуси фаолиятига таъсир этди. Бу – ўн тўққиз яшар йигитча учун оғир зарба бўлди. Ахир, қанча орзу-умидлари бор эди унинг. Жаҳон чемпиони бўлмоқчи эди. Наҳот, у юксак орзулардан воз кечса! Наҳотки, умид оловини биргина совуқ сўз сўндиради? Бу шунчалик осонми?

– Йўқ, – дейди у ўзига-ўзи қатъий. – Йўқ! Мен таслим бўлмаслигим керак…

Каравотда ётар экан, деразадан қуёшнинг заррин нурлари кириб, хонасини нурафшон этаётганини кўради.

“Кечаси билан ухламабман-а, – хаёлидан ўтказади у, – тонг ҳам отибди, офтоб чиқибди. Мен бўлсам… Мижжа қоқмабман…”

Синиқ жилмаяди. Бироқ бу жилмайишда аллақандай умид ва яхши ниятнинг билинар-билинмас учқуни бор эди.

– Бугун бу оддий дардга енгилсам, мағлубиятларга кўникувчан бўлиб қолмайманми? – дея ўзига-ўзи пичирлайди у. Шу онда хонасига кимдир оҳиста қадам ташлаб келаётганини сезади.

“Ойим, – дейди кўнгли бебаҳо бир ҳароратни туйиб. – Ойижоним! Адам икковларини кўп қийнаб юбордим-да. Кеча-кундуз парвона, жим ётишимни кўриб, ухлади деб ўйлаган бўлсалар керак… Меҳрибонларим…”

У тун бўйи мириқиб ухлаган қилиб кўрсатиш учун ўзини дадил тутишга уринади.

– Яхши дам олдингми, болам?

– Зўр, ойижон, ўзингиз-чи…

Аниса ая ўғлининг кўзларига термилади:

– Бугун ҳам ухламабсан-да, Равшан?..

Фасл танламаймиз. Ҳаммаси баҳор,

Қовжирайди фақат ёлғон-яшиқлар.

Биз абадий некбин. Мангу умидвор.

Биз – кўнгли совишни билмас ошиқлар.

Қишлар ва баҳорлар, ёзлар ва кузлар,

Биз учун баробар янгроқ торлардир.

Ерга ёға олмай ёнган юлдузлар

Бизлар қаловини топган қорлардир.

Тоғдек тоқатлардан мўмиёдек сирқиб,

Дўстларга аталган дил розларимиз.

Қанотимиз пўлат. Ҳеч бўлмас қирқиб.

Жаранглаб туради парвозларимиз.

(Матназар Абдулҳаким, “Ирода”)

Яна ўқинг:  Кулгу-шифо (2014/2)

2000 йилнинг қиши. Футбол жамоалари янги мавсумга тайёргарлик кўриш асносида турли мусобақаларда, ўртоқлик учрашувларида иштирок этишар, ўз олдига улкан мақсадлар қўйган 23 яшар бир йигит ҳам навбатдаги мавсумга ҳозирлик кўрарди. Шу орада уни Қашқадарёда футбол бўйича вилоят ҳокими кубоги мусобақасида ҳакамлик қилиш учун чақириб қолишди. Мамлакат чемпионати олий лигасида қанот ҳаками, иккинчи лигада эса бош ҳакам сифатида фаолият олиб бораётган ёш йигит учун бу ажойиб чорлов эди. Омади кулиб, финал учрашувини бошқариш унга ишониб топширилади.

Ўйин қизғин кечаётган бир паллада, вилоятда меҳмон бўлиб турган, ушбу учрашувни бевосита стадионда кузатаётган таниқли мураббий, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиблик шоҳсупасига олиб чиққан Рустам Акрамов ёнидаги шерикларидан “Бу йигит ким?” деб сўрайди майдондаги ҳакамга имо қилиб. Машҳур футбол мутахассисининг бу янглиғ эътибор бериши, алоҳида қизиқиши учун жиддий сабаб бўлиши керак эди.

– Ёш судьяларимиздан, Равшан Эрматов… Ҳали жуда ёш-да, – дейди бир киши ўзлари ташкил этган мусобақада ҳакамлик қилаётган йигитнинг хатти-ҳаракатларини гўё “оқлаётгандек” оҳангда. – Рустам ака, нима, у қандайдир… хато қилиб қўйдими-а?

– Қаерда ҳакамлик қилади? – ҳамон ўша алфозда сўрайди Рустам Акрамов.

– Иккинчи лигада.

– Бундай савия билан у “олий”да ишлаши керак…

– Ёшлигимда жароҳат олиб, олти ой даволанишимга қарамай, футболчилик фаолиятимни якунлашга мажбур бўлганман. Бундан қаттиқ қайғурганман, – дейди жароҳат олган йиллари, сўнг яна катта футболга қайтган дамлари ҳақида Равшан Эрматов. – Ана шундай кунларимда менга оилам суянч бўлди. Агар яқин инсонларим, отам, онам, опаларим, жиянларим бўлишмаганда, ўзим севган соҳадан бутунлай кетишим мумкин эди…

У ҳикоя қилар экан, бирорта сўзини қолдирмасдан дафтаримга ёза бошлайман. Мана, у болалик йиллари, футболчи бўлиш орзуси, унинг амалга ошмагани, ҳакамликдаги илк қадами ҳақида гапираяпти. Қўлим бу сўзларни қоғозга тушираяпти, аммо хаёлимнинг бир чеккасида бошқа бир манзара: тўп тепаётган болалар, “Ошир! Қани, бўл, теп!” дея шовқин солиб, қийқиришиб футбол ўйнаётган ўспиринлар, майдоннинг бир чеккасида ўтирганча, уларга ҳавас билан боқаётган ўн тўққиз яшар йигитча. Ана, атиги бир неча кун олдин ўзи билан бир жамоада тўп сурган дўсти. Бугун ҳам майдонда жон-жаҳди билан ўйнаяпти. Бу эса… Лаблари куламан дейди-ю, кўзлари жиққа ёш… У энди футболчи бўлолмайди…

– Мен учун ҳаммаси тугагандек эди, – дея давом этади Равшан Эрматов. – Ҳатто ўша кунлари футболдан бутунлай воз кечиш ҳақида ўйлай бошлаганман. Умидсизликдан ёмони бўлмас экан. Биласизми, шундай вазиятларда ҳаммасига қўл силтайдиганлар ҳам бўлади. Баъзи тўсиқларни, омадсизликларни “орзулар чегараси” деб биладиган, интилишдан тўхтайдиган ёшларни кўрганман. Мен ҳам шулардек бўлишим мумкин эди…

Яна ўқинг:  Митти юракда Ватан туйғуси

Ўғлининг қалбида нималар кечаётгани Аниса ая билан Сайфиддин акага маълум эди. Жигарбандини бу қоронғу дамлардан олиб чиқиш учун улар энг яхши чорани қўллайдилар. Юзлаб болалар ва ўсмирларни тарбиялаган тажрибали мураббий, моҳир педагог Сайфиддин Эрматов ўғлини мураббийлик курсларига қатнашга кўндиради.

– Мураббийлик аввалига зерикарли кўринди, – деганча кулиб эслайди рефери. – Яқиндагина ўзим майдонда югуриб юрардим. Бугун болаларни шуғуллантириш… Дам олиш кунлари Тошкентдаги “Чиғатой” стадионида ўсмирлар ўртасида шаҳар биринчилиги ўтказиларди. Отам мураббий, мен у кишига ёрдамчи эдим…

Буёғи жуда тез ривожланади. Қайсидир ўйинга ҳакам келмай қолади. Кимдир унинг ишини бажариши керак эди. Бу иш ёрдамчи мураббийлардан бирига – Равшан Эрматов зиммасига юкланади.

– Равшан, ўйинни ўзинг бошқарасан!

Отасининг бир сўзли эканини билган қаҳрамонимиз бу “ҳукм”га қарши боролмайди.

– Футболчилик пайтларим ҳакамларни ёмон кўрардим, – дейди Равшан ака жилмайиб. – Адамнинг қистовлари билан ўзим “севган” ишни ноилож бажаришга киришдим.

Хатти-ҳаракатларидан ҳеч ким бу ишни у биринчи марта қилаяпти, деб ҳеч ким ўйламасди. Ҳамиша ҳакамлардан норози бўладиган ота-оналар, мураббийлар ўйинни жим кузатишади. Уларда эътироз туғдирадиган бирорта вазият содир бўлмайди.

– Биласанми, ўғлим, ҳаракатларингни кузатиб, сендан жуда яхши судья чиқармикан, деб ўйлаб қолдим, – дейди уйларига қайтишар экан, йўлда Сайфиддин ака. – Бошқалар оғзидан ҳам шу гапни эшитиб хурсанд бўлдим, ўғлим…

Қаттиққўл, қатъиятли, унча-мунчага мақтайвермайдиган Сайфиддин аканинг бу эътирофидан Равшаннинг кўнгли кўтарилади. Бироқ отасининг салобати боисми, фарзандлик андишаси туфайлими, нима дейишни билмас, ичида қувониб турса ҳам, уни билдиролмас эди. Кулимсирар экан, “Билмадим, ада…” дея олади аранг.

Гоҳида шундай ҳолатлар бўладики, бир оғиз сўз инсон ҳаётини буткул ўзгартириб юборади. Болаларни суннат қилиб қўювчи самарқандлик уста Тангриқул Бобоқулов ёшлигида бир оқил раиснинг ишончи билан шу қутлуғ касбни эгаллаб, ҳаётида барака топганини ўзи айтган, яқин дўстим ўспиринлигида бир одамнинг “сендан адвокат чиқармиди, ҳолингга қараб ният қилсанг-чи”, деган аччиқ гапидан сўнг анча пайтгача ўзига келолмай, ўқиш-ёзишни ташлаб қўйганини айтиб берган, уларни эшитиб, сўзнинг қудратига минг карра амин бўлган эдим.

Отасининг далда бағишловчи бу эътирофидан кўнгли тоғдек юксалган Равшан Эрматовда энди янгича иштиёқ, баланд чўққилар сари ундовчи шижоат пайдо бўлади.

Профессионал ҳакамлик билан шуғулланаётган йигитнинг Қашқадарёдаги футбол ўйинига таклиф этилганини, уни одилона бошқарганини, эҳтимол, “шундай бўлиши табиий эди” ёхуд “бу оддий тасодиф-ку”, “йўқ, шунчаки омад нишонаси бўлган” қабилида изоҳлаш мумкиндир. Бироқ ҳақиқат шуки, у мана шу даражага етиши учун ҳаётининг энг қувноқ, беғубор, гўзал онларини қурбон қилган, азиз орзусини – футболчиликни ҳакамликдай сермашаққат, балки ғавғоли ишга алмаштирган эди.

– Бундай савия билан у “олий”да ишлаши керак, – дейди Рустам Акрамов, майдонда қатъийлик билан қарор чиқараётган, ёшлиги шундоқ кўриниб турган, бироқ катта ёшли футболчиларга-да ўз қарорларининг ҳақлигини исботлаб бера олаётган истараси иссиқ йигитдан кўзини узмай.

Яна ўқинг:  Баҳор келди сени сўроқлаб

– Олий лигада бош ҳакам бўлиш учун ёши етмайди, регламентда шунақа, – луқма ташлайди кимдир.

Бироқ ҳаммаси истеъдодли ҳакам учун ажойиб якунланади. Ушбу мусобақадан сўнг унга олий лига ўйинларини бошқариш ҳуқуқи берилади.

Шоирнинг:

Яхшиларнинг меҳри унутилар, лекин

Унутилмас улар олдидаги қарз…

– мисраси айнан мана шу ҳолат учун ижод этилгандек, назаримда.

Футболни тушунадиган, истеъдодларни пайқай оладиган фидойи инсонларнинг яхшилиги билан Равшан Эрматов ҳакамлик фаолиятидаги энг катта ва залворли қадамни қўйган эди.

Мени ҳамиша шундай савол қизиқтириб келган: “Нима учун болаликдаги покиза орзуларнинг кўпи амалга ошмайди?”. Буни кимдир ижтимоий ҳаёт билан боланинг орзулари ўртасидаги номутаносиблик, истеъдод, билим, қобилият ва бошқа “объектив-субъектив” сабаблар билан тушунтириб берар. Аммо, менимча, ўша турли-туман факторларни бошқариб турадиган, инсонни ички ва ташқи хавфли омиллардан сақлаб, фақат олға бошлайдиган, бутун салоҳияти, руҳий-маънавий қувватини бир мақсад йўлида сафарбар этадиган учта туйғу бор. Булар – муҳаббат, ирода ва ишонч.

Осиёда тўрт марта йилнинг энг яхши ҳаками деб тан олинган, жаҳон чемпионати, Олимпия ўйинлари ва қитъа кубоги мусобақаларида ҳакамлик қилиб келаётган ФИФА рефериси, юртдошимиз Равшан Эрматов ёшлигидан ана шу туйғуларни қалбига мустаҳкам жо қила олган, уларнинг қатъий мақсад йўлида қандай кучга айлана олиши мумкинлигини ҳис этган эди.

Биз кўпинча машҳур спортчилар, сиймолар ҳақида гапирганимизда, оддий одам эмас, қандайдир ўзга сайёралик бир зот ҳақида сўзлаётгандек гапирамиз. Шундайки, гўё улардек бўлиш иложсиз; шундайки, улар эришган мартабанинг манзили бизнинг Она Еримизда эмас, аллақандай сайёрада; шундайки, уларда бундай мавқега эришиш учун ўзгача қобилият, одам зотига хос бўлмаган хусусият бор… Ваҳоланки, улар ҳам сиз билан менга ўхшаган одамлар. Улар ҳам бола бўлишган, ўсмирлик, ёшлик дамларини ўтказишган. Фарқи шундаки, улар мақсад йўлида собитқадам бўлганлар, беқарор эмас. Улар орзу қилишни ҳам, орзу йўлида интилишни ҳам билишган. Йўлида учраган тўсиқларни сабр-тоқат, матонат, ирода билан енгиб ўтишган. Ярим йўлда “бўлди энди, шуниси ҳам менга етади” дея қолиб кетишмаган.

“Ҳеч бир ёш йигит ўзининг иқтидоридан шубҳа қилмаслиги керак” деган экан психолог Вилям Жеймс.

Миллионлаб футбол мухлислари меҳрини қозонган (ҳакамликда шундай мавқега эга бўлиш ҳазил гап эмас), болаларнинг севимли кумири Равшан Эрматов ҳам ўз иқтидорига заррача шубҳа қилмаган эди. Унинг ютуқларида ўзига бўлган ана шу ишонч ҳам муҳим ўрин тутганига шубҳа йўқ.

Зеро, истеъдодли одамлар ҳамиша ўзига ишониб яшайди.

Элмурод НИШОНОВ

“Ёшлик” журналида эълон қилинган.

Манба: saviya.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: